Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп ва Нетаняҳунинг Оқ уйдаги муҳокамалари, «Толибон»га қарши халқаро баёнотлар ва бош кўтараётган Эрон-Исроил зиддияти – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп ва Нетаняҳу нималарни муҳокама қилди?
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу душанба, 7 июль куни тонгда Вашингтонда келди. Шу куни АҚШ президенти Доналд Трамп Бинямин Нетаняҳуни Оқ уйда кечки овқат устида қабул қилди. Трамп ва Нетаняҳу Ғазонинг узоқ муддатли келажаги ва Исроилнинг Форс кўрфазидаги қўшнилари билан муносабатларини нормаллаштириш масаласини муҳокама қилишган.
New York Timesʼнинг ёзишича, Оқ уйнинг Мовий залида ўтирган етакчилар аввало, ўзаро ўзларини табриклашган ва АҚШнинг Эрон ядро объектларига уюштирган ҳаво ҳужумларини нишонлаган. Нетаняҳу эса бу вазият Трампни Нобел Тинчлик мукофотига номзод қилганини айтди.
Трамп ўзининг Эронга ҳаво зарбаси бериш қарорини Иккинчи жаҳон уруши даврида Президент Hарри Труменнинг Японияга атом бомбаси ташлаш қарорига қиёслади. «Бу кўплаб урушларни тўхтатди, бу ҳам худди шундай», деди у.
Reutersʼнинг ёзишича, Нетаняҳу, АҚШ ва Исроил бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиб, фаластинликларга «яхшироқ келажак» тақдим этиш устида ишлаётганини айтган.
«Агар одамлар қолишни истаса, қолишлари мумкин, лекин кетишни истасалар, кетиш имкониятига эга бўлишлари керак. Биз шунга рози мамлакатларни топиш борасида АҚШ билан жуда яқин ҳамкорлик қиляпмиз. Улар доим, фаластинликларга яхшироқ келажак беришни исташини айтади. Менимча, биз бир нечта давлатларни топишга яқинлашяпмиз», деди Нетаняҳу.
Нашрга кўра, Трамп, Нетаняҳуга ушбу масала ҳақида савол берилганда, дастлаб ўзини четга олган. Кейинроқ атрофдаги давлатлар ёрдам бераётганини таъкидлади. «Бизда атрофдаги мамлакатлар билан жуда яхши ҳамкорлик бор, уларнинг ҳар бири билан… Шундай экан, нимадир яхши нарса содир бўлади», деди Трамп.
Трамп ва Нетаняҳу Вашингтонда бир неча соат давомида учрашув ўтказди. Бу орада исроиллик расмийлар АҚШ воситачилигидаги Ғазо бўйича ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш юзасидан Қатарда Ҳамас билан билвосита музокараларни давом эттирмоқда.
Шунингдек, суҳбатда Эрон ва Сурия масаласи ҳам кўтарилди. Исроил бош вазири пайшанба 10 июлгача Вашингтонда қолишни режалаштирмоқда. У вице-президент, Конгресс вакиллари ва бошқа расмийлар билан алоҳида учрашувлар ўтказади.
Оқ уй ташқарисида эса Фаластин тарафдори бўлган юзлаб намойишчилар тўпланди. Улар «Исроилга қурол етказишни тўхтатинг» ва «Геноцидга йўқ» деган баннерларни кўтариб чиқишди. Шунингдек, улар Ғазода содир этилган уруш жиноятлари бўйича Халқаро жиноий суднинг ҳибсга олиш ордерига ишора қилиб, Нетаняҳуни ҳибсга олишга чақиришди.
Халқаро жиноий суд «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олишга ордер берди
Халқаро жиноий суд (ХЖС) «Толибон» раҳбарлари — ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва Афғонистон Ислом Амирлиги бош судьяси Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда суд пресс-релизида сўз боради.
Суднинг ҳисоблашича, Охунзода ва Ҳаққоний «буйруқлар бериш, фитна қўзғаш ёки кўмаклашиш орқали» инсониятга қарши жиноятлар содир этган, жумладан, гендер асосида қизлар ва аёлларни, шунингдек, уларга ёрдам берганларни таъқиб қилган. Халқаро жиноий судга кўра, гарчи айрим тақиқ ва қоидалар бутун аҳоли учун жорий этилган бўлса-да, асосий нишон айнан аёл ва қизлар бўлган.
ХЖС прокуратураси «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордерни 2025 йил январда сўраган эди. «Толибон» 2021 йили АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан кейин мамлакатда ҳокимият тепасига келганди.
Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Афғонистондаги вазиятга оид резолюцияни маъқуллади, унда бу давлатни бошқараётган «Толибон» ҳаракати кескин танқид қилинган. «Толибон»ни қораловчи ҳужжатни 116 давлат қўллаб-қувватлаган, Бош Ассамблеянинг фақат икки аъзоси АҚШ ва Исроил унга қарши овоз берган. Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон бетараф қолган.
Резолюция Германия, Ирландия ва Швеция томонидан тақдим этилган. Унда БМТ «Толибон»дан аёлларга қарши сиёсатини тўхтатишни талаб қилган. Чунки «уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки мамлакат тинчлиги, тараққиёти ва барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга».
Шу билан бирга, резолюция халқаро молиявий донорларни Афғонистонга тез ва эркин ёрдам кўрсатишга чақиради, чунки миллионлаб фуқаролар, айниқса аёллар ва болалар жуда муҳтож аҳволда қолган. Мутахассислар, шунингдек, «Толибон» томонидан ОАВ ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан цензура ва зўравонликни қоралаб, Кобулни сўз эркинлиги ва ахборот олиш кафолатларига риоя қилишга чақирган.
АҚШ Украинага қурол етказишни тиклади
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни ҳеч қандай тафсилотларни келтирмасдан Қўшма Штатлар Украинага қуролларнинг янги партияларини юбориши ҳақида гапирди.
«У тўхтамаётганидан ҳафсалам пир бўлди. Биз уларга яна кўпроқ қурол юбормоқчимиз. Биз буни қилишимиз керак. Улар ўзларини ҳимоя қила олиши керак. Уларга ҳозир жуда қаттиқ зарба беришяпти. Биз яна қурол-яроғ юборишимизга тўғри келади, ҳа, асосан мудофаа характеридаги қурол-яроғлар. Лекин уларга жуда, жуда қаттиқ зарба беришади. Бу тўс-тўполонда шунча одам ҳалок бўлмоқда», – деди Доналд Трамп Оқ уйда журналистларга. Нашрлар хабар беришича, у Путиннинг хатти-ҳаракатларидан норози эканини такрорлаган.
Трамп янги ёрдам ҳақида батафсил гапирмади. Пентагон эса, Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай қуролларни жўнатиш аллақачон бошлангани ҳақида эълон қилди.
«Президент Трампнинг кўрсатмаси билан мудофаа вазирлиги Украинага қўшимча мудофаа қуролларини юборади, шунда украиналиклар биз барқарор тинчликка эришиш учун ишлаётганимизда ўзларини ҳимоя қилишлари мумкин бўлади», – дейилади Пентагон матбуот котиби Шон Парнеллнинг баёнотида.
Бу қандай қуроллар эканига Парнелл аниқлик киритмади. АҚШ ҳарбий идораси матбуот котиби бир вақтнинг ўзида бутун дунё бўйлаб АҚШ ҳарбий ёрдамини текшириш давом этаётганини таъкидлади. Америка расмийлари Украинага ҳарбий ёрдам тўхтатилишини шундай текширув билан изоҳлаганди.
Эрон-Исроил зиддияти яна бош кўтармоқда
Эрон 12 кунлик уруш давомида Исроил томонидан улкан талафотга учраган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тиклаш учун Хитойдан зенит ракета мажмуаларини сотиб олди. Бу ҳақда Eddle East Eye ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, қуроллар 24 июнь куни, томонлар сулҳ имзолаганидан кейин топширилган. Эрон қанча ва қайси турдаги мажмуаларини харид қилгани номаълум, аммо таъкидланишича, у Хитой билан савдони нефть орқали амалга оширган. Яна бир манбанинг қўшимча қилишича, АҚШнинг араб давлатлари орасидаги иттифоқчилари бундан хабардор бўлган ва Вашингтонга тегишли маълумотни етказган.
Эрон ўз осмонини ҳимоя қилишда Россиянинг «Фаворит» C-300 зенит ракета мажмуаларидан фойдаланиб келаётган эди, аммо Исроил билан уруш вақтида унинг самарасиз эканини намоён этди.
АҚШ томонидан Исроилга етказиб берилган F-35, F-16 ва F-15 қирувчи самолётлари Эроннинг ядро объектлари 50 километргача яқинлашиб, бошқарилувчи авиабомбаларни ташлади. Аммо ҳужум вақтида фақат битта базадаги зенит ракета мажмуаси ишга тушди, қолган базадагилар эса юз бераётган воқеадан бехабар бўлган.
Ушбу маълумот фонида Исроил Эронга эҳтимолий янги ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Хусусан, Ахиоs нашрининг ёзишича, Исроил Эрон ядровий дастурини қайта тиклашга уринса, унга қарши янги зарбалар беришга тайёрланмоқда. Нетаняҳунинг атрофидагилар Трамп бундай ҳужумни «маълум шартлар остида» қўллаб-қувватлаши мумкинлигига ишонмоқда.
Еврокомиссия: ҲАМАС Ғазода гуманитар ёрдамни тортиб олаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ
Исроилнинг даъволаридан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқи Ғазога юборилган инсонпарварлик ёрдами Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати томонидан тортиб олинаётгани ҳақида ҳеч қандай тасдиқланган маълумотга эга эмас, деди Еврокомиссиянинг инқирозларга тайёргарлик бўйича вакили Ева Грнчирова.
Брюсселдаги кундалик матбуот анжуманида сўзга чиққан расмий Ғазо секторидаги вазият «ҳалокатли» ва «ўта оғир»лигича қолаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг гуманитар шериклари минтақада ишлашда давом этмоқда.
Грнчирова шунингдек, Исроилни гуманитар ташкилотларнинг Ғазога тўсиқсиз киришини таъминлашга чақирди. «Бизда ёрдам етказиб бериш учун ишлайдиган тизим ва инфратузилма мавжуд, уларни одамларни очликдан қутқариш учун зудлик билан ишга тушириш керак», деди у.
Еврокомиссия вакилининг таъкидлашича, инсонпарварлик ёрдами «хусусийлаштирилмаслиги, сиёсийлаштирилмаслиги ёки можаро қуроли сифатида ишлатилмаслиги керак».
Мавзуга оид

14:17 / 08.07.2025
Қозоғистонга бож солган Трамп, Россияда ўзини отиб ўлдирган вазир ва “ҲТШ”ни террорчилар рўйхатидан чиқарган АҚШ – кун дайжести

14:25 / 07.07.2025
Ҳусийлар билан зарбалар алмашган Исроил, “America Party” тузмоқчи бўлган Маск ва миллиардлаб зарар кўраётган Россия аэропортлари – кун дайжести

14:59 / 05.07.2025
Сулҳга “ижобий” жавоб берган Ҳамас, Европага бож қўллаган Хитой ва «Катта ажойиб» қонунни имзолаган Трамп – кун дайжести

13:34 / 04.07.2025