Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Эрталаб соат 6 да кимдир келишини кутмагандим». Улуғбек Рашидов дисквалификация қилинганига изоҳ берди
Таэквондо бўйича икки карра Олимпиада чемпиони бу дисквалификация тақиқланган дори воситаларини қабул қилгани учун эмас, балки жойлашув бўйича қоидаларга риоя қилмагани учун берилганини қайд этди.

Фото: Instagram
Таэквондо бўйича икки карра Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашидов ўзининг Instagram саҳифаси орқали нима сабабдан икки йилга дисквалификация қилинганига изоҳ берди.
«Ассалому алайкум, азиз дўстлар. Кўпларингиз эшитган бўлсангиз керак, мен икки йилга дисквалификация қилиндим. Лекин мен бир нарсани аниқ айтмоқчиман: бу дисквалификация тақиқланган дори воситаларини қабул қилганим учун эмас, балки жойлашув бўйича қоидаларга риоя қилмаганим учун берилди.
Бу мен учун оғир, лекин сабоқли бир тажриба бўлди. Биз янада кучлироқ қайтамиз, Аллоҳ хоҳласа. Менга ишонган ва қўллаб-қувватлаган барчага чексиз миннатдорчилик билдираман», — деб ёзади у.
Рашидовнинг сўзларига кўра, ҳар бир спортчи ҳар куни ўзининг жойлашуви, қаерда тунаши ва қаерга учиши бўйича дастурни тўлдириши керак.
«Менинг ҳолатимда эрталабки соат 06:00 келишди. Бу ноябр ойида содир бўлганди. Менинг дастуримда кечки соат 21:00 кўрсатилган бўлсада, эрталаб соат 6 да кимдир келиши мумкинлигини умуман кутмаган эдим. Ҳатто менга қўнғироқ ҳам қилишмади, фақат SMS юборишди…», — дейди спортчи.
Шундан кейин Улуғбек Рашидовга мазкур ҳолат қоидабузарлик ҳисобланиши ва шу боисдан дисквалификация қилишини тўғрисида хат юборилган.
«Охирги марта 22 апрелда келишиб, мендан допинг учун намуналар олишди. Улар тоза эканимга ишонч ҳосил қилишди ва шундай қарорни қабул қилишди», — дейди икки карра Олимпиада чемпиони.
Халқаро допинг тестдан ўтказиш агентлигига (ITA) кўра, 23 ёшли спортчи 12 ой ичида уч марта қаерда экани ҳақида маълумот бермаган. Бундай хатти-ҳаракатлар антидопинг бузилиши сифатида таснифланади, чунки улар аввалдан эълон қилинмаган мусобақадан ташқари тестлар ўтказишга тўсқинлик қилади.
Дисквалификация муддати 2025 йил 13 майдан, ихтиёрий равишда вақтинчалик тўхтатиб туриш санасидан бошлаб белгиланади ва 2027 йил 12 майгача давом этади.
Мавзуга оид

11:00 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди

14:49 / 23.11.2023
Ўзбекистон ўсмирлари Англияни ЖЧдан чиқариб юборди. Навбатда Франция

14:47 / 03.11.2023
Расман: Ўзбекистон U20 жамоаси аъзоси ОФК томонидан 4 йилга дисквалификация қилинди

19:17 / 27.09.2023