Ўзбекистон | 15:19
589
2 дақиқада ўқилади

"Яшил" ташаббусларни қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланди

Президент "Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида"ги қонунни имзолади. У газлар чиқарилишини тизимли тартибга солиш ва камайтиришга, шунингдек, "яшил" ташаббусларни рағбатлантиришга қаратилган. Ҳужжат ярим йилдан кейин кучга киради.

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий тамойиллари:

  • иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш шароитида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш устуворлиги;
  • давлатнинг иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш зарурати;
  • иссиқхона газлари чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларнинг мажбурийлиги ва шаффофлиги;
  • иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилиши;
  • иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш бўйича ёндашувларнинг илмий асослангани, тизимлилиги ва тўлиқлиги.

Қонун билан юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахсларга "яшил"  лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Шу билан бирга, бундай лойиҳаларни амалга ошириш натижасида эришилган барча қисқартирилган иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш тўлиқ давлат ихтиёрида бўлади.

"Яшил" лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар углерод бирликлари реестрига киритилади, бу эса шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси "яшил" лойиҳалар ижрочиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини, шунингдек, бундай лойиҳалар жавоб бериши керак бўлган талабларни ишлаб чиқади.

Бундан ташқари, қонунда "яшил" лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилган "яшил" лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳосил бўлган углерод бирликларини текшириш назарда тутилган.

Ўзбекистонда углерод бирликлари савдоси натижасида олинган маблағлар белгиланган тартибда иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, экология соҳасидаги дастурлар ва тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, циркуляр ва яшил иқтисодиёт, чиқиндиларни бошқариш учун йўналтирилади.

Мавзуга оид