Жаҳон | 20:08
4568
2 дақиқада ўқилади

Путин Эронга уранни бойитишни тўлиқ тўхтатишни таклиф қилди – ОАВ

Россия раҳбари шу ҳақдаги бандни ядровий келишувга киритиш ҳақида тавсия берди.

Фото: Kremlin Press Office via Getty

Россия президенти Владимир Путин Доналд Трамп ва Эрон расмийларига Эрон уранни бойитишни бутунлай тўхтатадиган ядровий келишув ғоясини қўллаб-қувватлашини айтди, деб ёзди Axios музокаралардан хабардор бўлган манбага таяниб.

Россия узоқ вақтдан бери Эроннинг ядровий дастурини қўллаб-қувватловчиси бўлиб келган ва Теҳроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини очиқчасига ҳимоя қилган.

Бироқ, Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик урушдан сўнг, Путин шахсан Эронни уранни бойитишдан воз кечишга чақириб, кескинроқ позицияни эгаллади, деб ёзди нашр.

Москва ҳам Исроил ҳукуматини ҳозирги позицияси ҳақида хабардор қилган. «Биз биламизки, Путин буни эронликларга айтган», деди Исроилнинг юқори мартабали амалдори.

13 июн куни Исроил ядровий иншоотлар, юқори мартабали амалдорлар ва ядро олимларини нишонга олиб, Эронга зарба бера бошлади. Эрон бунга жавобан Исроил ҳудудини ўққа тутди. 22 июн куни Қўшма Штатлар Эрон ядровий иншоотларига бир марталик зарба берди ва икки кундан сўнг ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинди. Расмий маълумотларга кўра, Исроил ҳужумларида 935 нафар эронлик ҳалок бўлган бўлса, Эроннинг Исроилга берган жавоб зарбаларида 28 киши ҳалок бўлган.

Зарбалардан сўнг, АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий дастури йўқ қилинганини айтди. Аммо АҚШ оммавий ахборот воситалари бу дастур фақат бир неча ой орқага сурилгани ҳақида ёзди. Трамп бу нашрларни очиқчасига танқид қилиб, сохта янгиликлар тарқатишда айблади.

Мавзуга оид