Жаҳон | 21:29 / 13.07.2025
1533
2 дақиқада ўқилади

Евркомиссия раҳбари АҚШ божларига жавоб қайтаришга тайёрлигини маълум қилди

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, қарши чоралар бўйича иккита пакет тайёрланган, бироқ Брюссел Вашингтон билан битим тузишга умид қилмоқда.

Фото: AP

Агар савдо келишувлари бўйича ечим топилмаса, Европа Иттифоқи август ойи бошидан АҚШга қарши чоралар кўришга тайёр. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Брюсселдаги матбуот-анжуманида маълум қилди.

«АҚШ бизга, агар келишилган ечим топилмаса, кучга кирадиган чоралари баён қилинган мактубни юборди. Шунинг учун биз қарши чораларимизни тўхтатишни август бошигача узайтирамиз. Шу билан бирга, биз тўлиқ тайёр бўлиш учун жавоб чораларига тайёргарликни давом эттирамиз», — деди Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия раҳбарининг қайд этишича, ЕИ АҚШга қарши аллақачон иккита жавоб чорасини тайёрлаб қўйган бўлсада, 1 августгача томонлар ўртасида савдо келишувига эришилишига умид билдирмоқда.

ЕИ апрелдан бери АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти билан музокаралар олиб боради. Битим имзолашнинг охирги муддати сифатида 1 август санаси белгиланган. 12 июлдан бошлаб республикачилар Еврокомиссия раҳбари номига мактуб йўллаб, август ойидан ЕИ товарлари учун 30 фоизли божлар қўлланилишидан хабардор қилган.

Франция президенти Эммануэл Макрон Трампнинг ҳаракатларидан кескин норози эканини маълум қилди. У «европаликлар манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш учун» Евроиттифоқ ўз қатъиятини намоён этадиган вақт келганини таъкидлади.

Аввалроқ, Америка президенти Канада учун 35 фоизлик ва Бразилияда ишлаб чиқарилган товарларга 50 фоизлик тарифларни эълон қилган эди.

Мавзуга оид