Жамият | 22:19 / 14.07.2025
2267
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ҳоким ўринбосари, статистика бўлими бошлиғи ва собиқ мансабдорлар пора билан ушланди

Андижон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари ва статистика бўлими бошлиғи 6 гектар ер олиб бериш учун тадбиркордан 600 минг доллар сўради. Бошқа ҳолатда ҳоким ўринбосари 4 гектар ер учун 20 минг талаб қилди. Уларнинг барчаси ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳоким ўринбосари, статистика ва пенсия жамғармаси бўлимлари раҳбарларининг қилмишлари фош этилди.

Хусусан, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳар ҳокими ўринбосари ва спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖнинг муқаддам судланган раҳбари 20 минг доллар олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, улар ўзаро тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорга матрас, профнастил ва болалар тагликлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиши учун ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ер майдонини алоҳида лот сифатида аукцион савдога қўйдириб, 2 миллиард сўмга ютиб, унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Шунингдек, Андижон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари, Андижон шаҳар статистика бўлими бошлиғи ва 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, келгусида болалар маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун завод қурмоқчи бўлган тадбиркорга «Ипак йўли» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 6 гектар ер майдонини аукцион савдо орқали олиб бериш эвазига 600 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 150 минг доллар олган вақтларида ушланган.

Мазкур ноқонуний ишга Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари, ҳозирда хусусий бандлик агентлиги бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган фуқаронинг ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ушбу масалада тадбиркорга ёрдам бериш эвазига муқаддам 11 минг АҚШ доллари олгани маълум бўлган.

Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Оҳангарон туман бўлими бошлиғи маҳаллий фуқаронинг йўқолган меҳнат дафтарчасини тиклаб, уни ёшга доир пенсияга чиқариб бериш эвазига 1500 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид