Ўзбекистон | 18:34
5358
2 дақиқада ўқилади

Дониёр Қодиров президент маслаҳатчиси лавозимидан кетди

У энди департамент раҳбари ҳисобланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент администрациясидаги ўзгаришлар доирасида Дониёр Бахтиёрович Қодиров президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.

Энди у Президент администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти раҳбари лавозимига тайинланди.

Дониёр Қодиров муқаддам ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасига раҳбарлик қилган, 2018-2019 йилларда ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи бўлган.

2021 йил январида президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига ўтган, 2023 йил августида шу соҳа бўйича маслаҳатчига айланганди.

Шунингдек, президентнинг қуйидаги маслаҳатчилари ўз лавозимларини сақлаб қолган: 

Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев Ўзбекистон президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди — бунгача унинг лавозими президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори деб номланарди.

Равшан Аюбович Ғуломов Ўзбекистон президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди (олдинги лавозими президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси).

Мансурбек Полвонзода Оллоёров Ўзбекистон президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди (олдинги лавозими президент маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори).

Русланбек Қуролтайевич Давлетов Ўзбекистон президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди (олдинги лавозими президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси).

Мавзуга оид