Жамият | 14:58
613
3 дақиқада ўқилади

"Ўткан кунлар" романи корейс тилига таржима қилинди

Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи корейс тилига таржима қилинди.

Фото: "Дунё" АА

Асар таржимаси Кэмёнг университети профессори Ким Чунг Сун томонидан амалга оширилди.

Китобни таржима қилиш ва уни нашр этиш жараёни қарийб 2,5 йил давом этди. Бу вақт мобайнида роман таржимаси мукаммал чиқиши учун таржимон кўплаб изланишлар олиб борди. Хусусан, таржимани корейс китобхонларига янада тушунарли ва қизиқарли етказиш мақсадида профессор Ким Чунг Сун 21-31 март кунлари Ўзбекистонда бўлди. Сафар давомида Абдулла Қодирий уй-музейи ҳамда асар воқеалари бўлиб ўтган шаҳарлар – Тошкент, Марғилон, Қўқон, Фарғонада қатор учрашувлар ўтказди. Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчилари билан таржима жараёни юзасидан фикр алмашди.

Жанубий Кореялик таржимон, шунингдек, Абдулла Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий билан учрашиб, адиб ҳақида ва умуман "Ўткан кунлар" асарининг яратилиши ҳақида кўплаб маълумотлар олди ва улардан таржимани янада бойитишда фойдаланди.

Сеул шаҳрида китоб тақдимотига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Тадбирда Жанубий Корея парламенти ва ҳукумати, вазирлик ва идоралари, оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда фаол ватандошлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов Кемёнг университети профессорига ушбу таржимани амалга оширишдаги беқиёс меҳнати ва фидокорона саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Элчи ўз нутқида, мазкур тадбир фақатгина бир китобнинг таржимаси ва намойиши билан чекланиб қолмасдан, балки Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва умумий маданий қадриятларнинг ёрқин рамзига айланганини таъкидлади. Шу маънода, тақдимот маросими икки халқ ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим маданий воқелик сифатида алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Шунингдек, дипломат кореялик ўқувчилар "Ўткан кунлар" асарини мутолаа этар экан, ўзбек халқи тарихига, миллий руҳига, маданий мероси ва замонавий тараққиёт йўлига нисбатан янада чуқурроқ ва самимий қизиқиш уйғонишига умид билдирди.

Мавзуга оид