Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги форматдаги клублар мундиалининг плюс ва минуслари
Сенсациялар, катта пуллар, об-ҳаво муаммолари ва чарчаган футболчилар. Турнир қандай воқеалар билан ёдда қолди?

Фото: Eva Marie Uzcategui/Getty Images
Агар сиз футболчи бўлмасангиз, футбол учрашувини томоша қилишдан завқ олсангиз – клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати айни муддао. Ахир Чемпионлар Лигаси финали ўтказилиб, миллий жамоа танаффусга кузатилган вақт эсингиздами? Анча бўлиб кетди, тўғрими? Ана ўша кундан бошлаб то кечаги оқшомгача биз яна футбол томоша қилдик.
Аллақачон футболни соғинган, севимли клубларимизнинг машғулотларини бўлса ҳам томоша қилиш учун видеоларни қидириб юришимиз керак бўлган пайтда кечаги финални муҳокама қиляпмиз. Янги эмоцияларни ҳис қилдик, «ПСЖ»ни ҳам енгиш мумкинлигини кўрдик, Саудия Арабистони футболи бемалол Европа билан рақобат қила олишини кузатдик, «Челси» ва «Манчестер Сити»нинг янги юлдузларига жиддий рақобат остида баҳо бердик.
Яна тунни бедор ўтказдик, ухлаб қолган бўлсак, эрталаб туриб, тунги ўйинлар натижасини, голларни кўриш имкониятига эга бўлдик. Хуллас, ҳар қанча салбий фикрлар, танқидлар бўлмасин, футбол мухлиси учун футбол томоша қилиш ҳар қанақасига энг севимли машғулот эканини инобатга олсак, бу турнир ҳам бизга ўша онларни тақдим этди.
Шундай бўлса-да, янги турнир, янги форматда, футбол учун бироз бегона бўлган мамлакатда бўлиб ўтди ва табиийки, футбол оммаси турли жиҳатларни таҳлил қилиши, шу пайтгача ўзи ўрганиб қолган ўлчовлар қолипига бу мусобақани ҳам солиб кўриши табиий. Айниқса, келаси йили айни шу вақтда миллий жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати айнан шу стадионларда, шу шартларда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, бундай фикрлар доим қизиқ ва ўринли бўлади. Қуйида кеча якунига етган турнир ҳақидаги баъзи хулосаларни тақдим этамиз.
Об-ҳаво ноқулайлиги, кечиктирилган учрашувлар

Фото: Marcio Machado/Getty Images
Энг аввало, ноқулай об-ҳаво туфайли баъзи ўйинлар ўз вақтида бошланмагани ва ҳатто баъзи учрашувларда катта танаффуслар юзага келганини айтиш мумкин. Масалан, «Бенфика»нинг «Окленд»га қарши ўйинида мухлислар иккинчи бўлим бошланишини нақ 130 дақиқа кутишга мажбур бўлишди.
«Бу футбол эмас, майнавозчилик. АҚШ йирик мусобақаларни ўтказишга мос жой эмас», – деб кескин фикр билдирганди худди шу «Бенфика»га қарши ўйин охирларида танаффус юзага келганида «Челси» бош мураббийи Энцо Мареска.
Сабаби, деярли барча ўйинлар мамлакатнинг шарқий қисмида бўлиб ўтди ва бу ҳудудларда айниқса июн ойларида бўронлар кўп бўлади. Маълумотларга қараганда, сўнгги ўн йилда чақмоқ уриши оқибати вафот этганларнинг 75 фоизи айнан июн-август ойларига тўғри келар экан. Хавфсизлик протоколида қатъий ёзиб қўйилган: агар чақмоқ стадиондан 16 км радиусда содир бўлса, автоматик равишда ўйин тўхтатилиши керак. Бу ҳақида стадион директорига хабар берилади, у эса ҳакамга бу ҳақида билдиради. Келаси йилги мундиалда ҳам шундай воқеалардан бўлишидан қутулиб бўлмайди.
Фақат бу эмас, футболчи ва мухлислар ҳаво ўта иссиқлигидан ҳам азият чекишди. 1-турдаги «ПСЖ» ва «Атлетико» ўйини маҳаллий вақт билан соат 12:00 да бошланди ва ўша пайтда ҳаво ҳарорати +40 даражани ташкил этиб, намлик 60 фоизгача кўтарилганди.
Гуруҳ босқичларидаги мухлислар ташрифи, бўш трибуналар

Фото: Carl Kafka/Getty Images
Қишда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини таърифларкан, ФИФА президенти Жанни Инфантино турнирни 63 та супербоулга тенглаштирганди. Супербоул америкача футбол бўйича АҚШдаги лига финали бўлиб, аудиторияси ва ўзига жалб қилиш бўйича мамлакатдаги рекордчи томоша ҳисобланади.
Гуруҳ босқичларидан бўш трибуналар мусобақанинг илк кунларида асосий муҳокама мавзуси бўлди ва турнирга қарши бўлганлар учун кучли аргументга айланди. ФИФА ҳатто чипта нархларини пасайтириши ҳам ёрдам бермади.
Хайриятки, плей-офф босқичидан жонланиш кузатилди, ҳақиқатан топ афишадаги ўйинларда мухлислар стадионларни тўлдириб ўтирди. Жумладан, финал 80 мингдан ортиқ мухлисни сиғдирадиган стадионда ташкил қилинди ва бўш ўриндиқлар деярли йўқ эди.
Табиийки, миллий жамоалар ўртасидаги чемпионатда бундай ҳолатлар кузатилмайди, зеро ҳар бир жамоанинг ўзига хос фанбазалари бор ва рақибдан, ўйин тақдиридан қатъи назар қўллаб-қувватлаш учун кўп сонли ишқибозлар ташриф буюриши шубҳасиз.
Ўйинлар вақти биз учун ноқулай эди
Вақт тафовути айнан ўзбекистонлик мухлисларга учрашувларни томоша қилишда ноқулайлик туғдиргани шубҳасиз. Аксарият ўйинлар қоқ ярим кечаси бўлганидан ҳамма ўйинларни томоша қилишнинг иложи бўлмади. Айтайлик, Европа вақтида бўладиган турнирларда ўйинларнинг энг охиргиси 00:00-01:00 оралиғида бошланарди. Бемалол ишдан келиб, телевизорни мос каналга қўйиш, бошқа ишлар орасида ҳам кузатиш имконияти бўлади. Агар бирор ўйинда интрига ошиб, қизиб кетса, астойдил кўришга ўтириш ҳам мумкин. Афсуски, АҚШдаги турнирларда бунинг иложи бўлмади. Масалан, «Порту»нинг «Ал Аҳли» билан (4:4) ёки «Манчестер Сити»нинг «Ал Ҳилол» билан (3:4) ўйинлари интрига ва голларга бой бўлса-да, афишадан буни тахмин қилиш қийин эди. Демак, шу ўйинларни кўришга ният қилган мухлисларгина тўғридан тўғри кузатиш имкониятига эга бўлди, холос.
Албатта, келаси йили миллий жамоа иштирокидаги ўйинларни туннинг исталган қисмида томоша қилишга тайёр бўламиз. Аммо агар турнирни тўлиқ қамраб олишни, иложи борича кўпроқ футбол томоша қилишни истасангиз, меҳнат таътили олиб, кун режимингизни ўзгартиришга тўғри келади.
Ортиқча ўйинлар клублар тайёргарлиги ва футболчилар жисмоний ҳолатига салбий таъсир қилиши мумкин

Фото: Kevin C. Cox/Getty Images
Жаҳон ва Европа чемпионатлари ҳам асосан ёзда ўтказилади, бу янгилик эмас. Аммо у ерда миллий жамоалар қатнашгани учун иштирокчи футболчилар айтайлик, топ-клубларга тенг тақсимланади. Ҳар қандай топ-клубда аксарият футболчилар ўша турнирда иштирок этади ва рақобатчи бошқа жамоаларда ҳам деярли шундай. Катта турнирлардан кейинги мавсум бошидаги муаммолар ёки ЖЧ-2022 қишда ўтганининг таъсири ҳам мана шу шаклда барча тенг жамоаларга тенг таъсир қилади. Аммо клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида фақат айрим клублар қатнашганидан, айнан улар учун катта муаммолар келиб чиқиши табиий.
Мисол учун, «Челси» кеча финалдан кейин дам олишга чиқиб кетган бўлса, «Ливерпул», «Арсенал» каби КЖЧда қатнашмаган клублар шу ҳафта бир ойлик дам олишдан қайтишди ва машғулотларни бошлаб улгуришди. Энди «Челси» футболчиларини бир ой дам олишга жўната олмайди, бир ойдан кейин мавсум бошланади – футболчилар керакли спорт формасига кириб олиши керак. Бошқалар билан бир хил ҳам тайёрлана олишмайди – футболчилар узоқ мавсумдан кейин дам олиши зарур.
Демак, спорт формаси бўйича ҳам, мавсумга тайёргарлик бўйича ҳам турнир иштирокчилари бошқалардан ёмонроқ ҳолатда бўлади. Мавсум бошида бу ўз таъсирини кўрсатиши тайин.
Табиийки, клублар мавсумга тайёрроқ бўлиш мақсадида мавсумолди йиғинларни тезлаштиришга, футболчиларга керагидан ортиқ юклама беришга мажбур бўлади. Бу эса янги мавсумда жароҳатлар сонини ҳам ошириб юбориши мумкин. Қатардаги мундиал айнан мана шу томондан анча ноқулай бўлганди.
Режалаштирилмаган футбол байрами

Фото: Stu Forster/Getty Images
Албатта, мусобақа фақат салбий бўёқлардан иборат эмас, баъзи ижобий томонлари кириш қисмида ҳам айтиб ўтилди. Энг муҳими, бу сафарги чемпионат ўз географиясини, шу орқали аудиториясини сезиларли даражада кенгайтириб олгани бўлди. Ўтган асрда қитъалараро кубок сифатида ўтказилган пайтда фақат Лотин Америкаси ва Европа клуби ягона учрашувда жаҳон чемпионини аниқлаган бўлса, кейинчалик плей-офф ташкил қилиниб, бошқа конфедерация вакиллари ҳам жалб қилинган. Аммо аксарият ҳолларда Африка ё Осиё вакиллари Европа клубига етиб боролмас, финалгача бўлган қисм барибир кўпчилик нигоҳидан четда ўтарди.
Бу сафар эса ҳар бир жамоа учун камида учта ўйин кафолатланганди ва гуруҳда турли қитъа клублари ўзаро рақобат қилди. Мухлислар «Ал Ҳилол»ни, Бразилия жамоаларини яқиндан таниди, уларнинг ҳар бир футболчисини турли шартларда кузата олди. Айни дамда биринчи турнир бўлгани учун янгилик, аммо ҳар тўрт йилда ўтказилганда, табиийки, доимий иштирокчилар пайдо бўлади, таниш жамоаларни, таниш футболчиларни кузатиш янада қизиқроқ.
Бу албатта, футбол аудиторияси ҳам кенгайишига, бирлашишига олиб келади. Шартли «Реал» билан натижаси маълум биргина ўйинини кўрадиган шимолий америкалик мухлислар «Пачука»нинг ўзига тенг бўлган бошқа жамоалар билан, балки Европанинг бошқа клублари билан ўйинини ўзгача иштиёқ билан кутади.
Турнирда доим фаворит бўлган УЕФАдан бир эмас, бир неча жамоа қатнашиши эса табиийки, интригани янада оширди. 2012 йилдан буён фақат Европа вакили ғолиб бўлаётган турнирда совринни ким қўлга киритиши ҳақида янги ва асосий савол пайдо бўлди.
Шунингдек, турнир айниқса, бошқа қитъа жамоалари футболчилари учун ҳам ўзига хос ярмарка вазифасини ўтаб берди, дейиш мумкин. Айтайлик, «Палмейрас»нинг колумбиялик яримҳимоячиси Ричард Риос анчадан бери клубларнинг кузатувида эди, аммо мана шу турнирдан кейин аниқ таклифлар пайдо бўлди. «Рома» у билан жиддий музокараларга киришди, «Порту», «Интер», «МЮ» каби клублар ҳам қизиқиш билдиришган.
Клублар учун молиявий имкониятлар
Европа клубларини қизиқтириши мумкин бўлган ва ташкилотчиларга кузир бўлган энг асосий омил мана шу ерда. Айниқса, доим молиявий Fair Play билан курашиб, соф даромад икки баробар қадрли бўлиб кетаётган ҳозирги даврда клублар учун айни муддао. Одатда ёзда топ-клублар озгина пул ишлаб олиш илинжида турнелар уюштиришади, Хитой ёки АҚШда ноқулай бўлса-да, турли ўртоқлик учрашувларида қатнашишади. КЖЧ таклиф қилаётган суммалар эса нафақат бундай турнелар, балки ҳатто Чемпионлар Лигасиникидан ҳам кўп.
ФИФА мукофот жамғармасини 1 миллиард доллар деб эълон қилди. Айтайлик, атиги уч ўйинда қатнашиб, бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган Европа клуби ҳам камида 40 миллион доллар пул олиши кафолатланганди. Ғолиб эса 125 миллион долларгача ишлаб олиши мумкин бўлади. Тасаввур қилинг, бу «Челси»нинг бутун мавсум учун АПЛдан оладиган пулидан бироз камроқ, холос.
Европа клублари учун турнир маълум йўналишдаги масалаларни ҳал қилишда ёрдам берса, баъзи клубларнинг бир неча йиллик бюджетини кўтаради. Масалан, «Окленд Сити» 3,5 млн долларга яқин пулга эга бўлди ва бу клубнинг қарийб икки йиллик бюджетига тенг. Яъни ушбу ярим ҳаваскор клуб ҳар сафар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб юрса кифоя, пулдан муаммо бўлмас экан.
Хулоса
Албатта, камчиликлар етарли, аммо бу биринчиси эканини унутмаслик керак. Юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал қилиш мумкин, бошқача муҳитда, бошқача об-ҳаво шароитида бундан ҳам яхшироқ ташкил қилиш мумкин эди ва бу ҳақида ФИФА ўйлаб кўрса керак. Шу билан бирга, турнирни бутунлай қониқарсиз, амалга ошмаган лойиҳа сифатида ҳам баҳолаш қийин. Қайсидир маънода уддаланди ҳам.
Ёзишларича, ўша ўтган аср 30-йилларидаги илк жаҳон чемпионатларига қизиқиш жуда кам бўлган. Ҳатто аср ўрталаригача мундиалдан кўра, олимпиададаги футболнинг эътибори баланд бўлган, кўпчилик олимпиада бор экан, алоҳида футбол бўйича чемпионат нимага кераклигини тушунмаган ҳам.
Даврлар ўтди, мундиалнинг ўз тарихи, чемпионлари, қаҳрамонлари пайдо бўлди, эсдан чиқмайдиган учрашувлар, ҳиссиётлар, унутилмас воқеалар билан бирга бир бутунлик ҳосил қилдики, айни дамда бутун дунёни бир нуқтага қаратишга қодир бўлган йирик мусобақага айланди.
Қачондир клублар билан ҳам шундай бўлар, қачондир етарлича тарих яралгач, бу турнир ҳам бошқача ҳис-туйғуларни тақдим этар? Албатта, шундай бўлади ва «Челси» ўз одатига содиқ равишда бу совринни ҳам ҳар эҳтимолга қарши ютиб олишни уддалади.
Мавзуга оид

02:13 / 14.07.2025
«Челси» финалда даҳшатли «ПСЖ»ни йирик ҳисобда енгди

17:41 / 13.07.2025
Ёзнинг асосий ўйини: «ПСЖ» ва «Челси» клублар мундиали финалида тўқнашади

11:05 / 09.07.2025
«Челси»да янги юлдуз порламоқда. Жоау Педру собиқ жамоасини аямади ва лондонликларни финалга олиб чиқди

11:26 / 06.07.2025