Жаҳон | 15:19
3568
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони 170 км узунликдаги осмонўпар шаҳар лойиҳасини қайта кўриб чиқмоқда

Лойиҳани қайта кўриб чиқиш сабаблари сифатида нефт нархининг пасайиши, хорижий инвестициялар кутилганидан камайгани ва бюджет тақчиллиги келтирилмоқда.

Фото: NEOM

Саудия Арабистони суверен жамғармаси бир нечта консалтинг фирмаларига мурожаат қилиб, узунлиги 170 километр, кенглиги 200 метр ва баландлиги 500 метр бўлган «The Line» футуристик осмонўпар шаҳар қуриш лойиҳасини таҳлил қилишни сўради. Бу ҳақда Bloomberg манбаларга таяниб хабар берди.

Қайд қилинишича, жамғарма фирмалардан лойиҳани амалга ошириш имкониятини текширишни ва эҳтимол ўзгартиришлар киритишни таклиф қилишни сўрамоқда.

Bloomberg лойиҳани қайта кўриб чиқиш сабаблари сифатида нефт нархининг пасайиши, хорижий инвестициялар кутилганидан камайганини ва бюджет тақчиллигини келтирди. Агентлик таъкидлаганидек, Brent нефти ҳозир бир баррел учун 71 доллардан сотиляпти, Саудия Арабистони эса ўз бюджетини мувозанатлаши учун 96 доллар нархга муҳтож. Катта лойиҳаларни амалга ошириш учун эса бир баррелига 113 доллар керак бўлади.

Ўтган йил апрел ойида нашр Ар-Риёд ўзининг «The Line» бўйича режаларини қайта кўриб чиққанини ёзган эди: агар илгари осмонўпар шаҳарда 2030 йилгача 1,5 миллион киши истиқомат этиши тахмин қилинган бўлса, энди расмийлар бу санага қадар бор-йўғи 300 минг аҳолига умид қилмоқда.

Ҳозир у ерда лойиҳада ишлайдиган ишчилардан ташқари деярли ҳеч ким яшамайди. Осмонўпар бино қурилиши 2021 йил октябр ойида бошланган. «The Line» Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг Neom лойиҳаси бир қисмидир. Лойиҳа доирасида, хусусан, Трожена тоғ-чанғи курорти ва Синдала қирғоқ курортини қуриш ҳам режалаштирилган. Ўз навбатида, Neom лойиҳаси Vision 2030 режасининг бир қисми бўлиб, Муҳаммад бин Салмон кутганидек, инвесторлар ва сайёҳларни жалб қилади ва қиролликка нефт қарамлигидан халос бўлишга ёрдам беради. «The Line» нархи 1 триллион долларга баҳоланмоқда, деб ёзди Bloomberg.

Мавзуга оид