Жамият | 19:12 / 16.07.2025
8562
4 дақиқада ўқилади

Болаларни итдек акиллатаётган “дефектолог” аслида ким? Ёхуд унинг “шахсий методи” ҳақида

Бир муддат аввал “Ёринг, Шербек” дея бақириб, танқидларга учраб терговга тортилган Дилором Жабборова яна шундай жазавали ва ғайритабиий усули билан қайтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ёдингизда бўлса болаларни бу усулда қийнаш амалиёти хорижлик мутахассисларни ҳам ҳайратга солган ва россиялик дефектолог Наталя Шутова бунинг жиноят эканини айтган эди.

“Бугун бунақа “шаманлар” гуллаб-яшнамоқда ва одамлар уларга ўзларининг бебаҳо бойликлари — фарзандларини олиб келишлари ақл бовар қилмайди. Мен биламан, Россияда ҳам бор бунақалар” деган эди у.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ўзини "дефектолог-психолог" деб танитган Дилором Жабборованинг болаларни итдек акиллатгани акс этган видеоси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хўш, фаолияти қайта-қайта танқид қилинса-да трендда бўлишни афзал билаётган Дилором Жабборова ўзи ким?

Унинг соҳада қандай маълумотга эга экани жамоатчиликка маълум эмас. Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар орқали нутқида муаммоси бор болаларни ғайриоддий усуллар билан даволашни ваъда қилиб машҳурликка эришаётган дефектологнинг ўзи билан боғланиб, фаолият юритиши учун қандай расмий рухсатномаларга эга эканлиги, болаларни ит сингари акиллатиш муолажасининг илмий асослари бор-йўқлиги ҳақида маълумот сўрадик. Аммо у бу саволларимизни очиқ қолдирди.

Саволларимизга жавобни унинг ижтимоий тармоқлардаги интервюларидан қидириб кўрдик. Унда айтишича, бундай бақириб даволаш унинг шахсий методи ҳисобланади. У ўз қизини шундай усул билан бақиришга мажбур қилиб даволагани ва ҳозирда у тузалиб кетганини айтган.

Шунингдек, интервюда у болаликда ўта камситилгани, руҳий жароҳатлари ҳақида ҳам гапириб ўтган.

Энди эса у бу методни бошқа болаларда ҳам қўллаб кўрмоқда. Унинг тармоққа жойланган деярли барча видеоларида болаларга нисбатан таҳқир, камситишни кўриш мумкин.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова эса унинг «илмий асосга эга бўлмаган, руҳий ва жисмоний зўравонлик» усулларини илгари сурганини тасдиқлаб, унга янги жиноят иши очилганини маълум қилди.

“Маълум вақт ўтганидан сўнг Д.Ж. аввалгидек дудуқланиши бўлган болалар билан ўзининг илмий асосланмаган, дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани кузатилди.

Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2025 йилнинг июнь ойида Болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров юборди. Ҳозирда прокуратура органлари томонидан ҳолат ўрганилмоқда.

Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтайи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади”, дейилади омбудсман хабарида.

Вазиятнинг яна бир аҳамиятли тарафи бор – болаларни бу тарзда оммага олиб чиқиш ҳолати. Одатда қонунчиликда бу тегишли тартибда амалга оширилади ва бунга амал қилинмаганда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шунингдек, мутахассис сифатида ҳам ўз мижозларининг тиббий маълумотлари уларнинг розилигисиз тарқатилиши мумкин эмас.

Болалар тажриба қуёнлари эмас, улар билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларда ўта эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Болаларимизни асрайлик!

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид