Жаҳон | 12:54 / 16.07.2025
3832
9 дақиқада ўқилади

Россияни қўллашга тайёр Хитой, Исроилга чора кўрмоқчи бўлаётган Евроиттифоқ ва FETOʻчилар таъқибини давом эттираётган Туркия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

ЕИ Исроилга чора кўришга тайёр

Ғазода сўнгги 24 соат ичида 93 кишининг жасади касалхоналарга олиб келинган, 278 киши яраланган. Бу ҳақда сектор соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб, Anadolu нашри хабар бермоқда.

«Кўплаб қурбонлар ҳанузгача вайроналар остида ва йўлларда қолмоқда, чунки қутқарувчилар уларга етиб бора олмаяпти», дейилади баёнотда.

Вазирлик таъкидлашича, сўнгги 24 соат ичида инсонпарварлик ёрдамини олишга уринаётган пайтда 6 нафар фаластинлик ҳалок бўлган ва 29 дан ортиғи яраланган. Исроил ва АҚШ кўмагида тузилган GHF ёрдам тарқатиш пунктларидан озиқ-овқат олиш жараёнида ҳалок бўлганлар сони эса қарийб минг кишига етди. Халқаро ҳамжамият ва Ҳамас бу фондни «ўлим тузоғи», деб атаган.

Исроилнинг ҳаракатлари ҳозирча АҚШдан бошқа барча ҳукуматларда норозилик уйғотмоқда. Хусусан, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас Исроилни Ғазодаги оғир гуманитар вазиятни яхшилаш учун аниқ чоралар кўришга чақирди ҳамда Исроил ўз ваъдаларини бажармаса, Иттифоқ жавоб чораларини кўришга тайёрлиги билан огоҳлантирди.

«Европа Кенгашининг сўрови билан мен ташқи ишлар вазирларига қандай чора-тадбирлар кўрилиши мумкинлиги бўйича тавсиялар рўйхатини тақдим этдим. Бу борада муҳокама бўлиб ўтди ва бу қарорларни аъзо давлатлар қабул қилиши керак. Биз бу имкониятларни очиқ сақлаймиз ва агар Исроил ўз ваъдаларини бажармаса, ҳаракат қилишга тайёрмиз. Бизнинг мақсадимиз Исроилни жазолаш эмас. Мақсад — Ғазодаги вазиятни чинакам яхшилаш», — деди Каллас Брюсселдаги йиғилишдан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

2023 йил октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган геноцид характеридаги уруши натижасида камида 58 минг 479 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони 140 мингга етди.

Хитой Россияни қўллаб-қувватлашни кучайтиради

Хитой раҳбари Си Жинпинг АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Москванинг савдо ҳамкорларига иккиламчи санкциялар қўллаш таҳдиди янграганидан кейин Россияни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга ваъда берди.

Пекинда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Хитой раҳбари икки давлат ташқи ишлар вазирликлари президент Владимир Путин билан эришилган «муҳим келишувларни самарали амалга ошириши», шунингдек, «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби кўптомонлама майдончаларда ҳамкорликни ривожлантириши ва бир-бирини қўллаб-қувватлаши» кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, у икки давлат хавфсизлиги ва тараққиёт манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигини айтди.

Хитой, шунингдек бир томонлама санкцияларга қарши эканини очиқ айтган.

«Хитой барча ноқонуний бир томонлама санкцияларга қатъий қарши. Тарифлар урушида ғолиблар йўқ, мажбурлаш ва босим муаммоларни ҳал эта олмайди», — деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Цзян.

14 июл куни Доналд Трамп агар Россия 50 кун ичида Украина билан келишувга эришмаса, Қўшма Штатлар Москва ва унинг савдо ҳамкорларига «қатъий» 100 фоизли тарифларни жорий қилишини айтганди.

Хитой эса Россиянинг энг катта савдо ҳамкори ҳисобланади. Хусусан, Москва ва Пекин ўртасидаги йиллик импорт ва экспорт ҳажми деярли 240 миллиард долларни ташкил қилади. Россия умумий савдо айланмасининг 48 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Пекин Россиянинг Украинага қарши урушини расман қўллаб-қувватламаган ва ҳатто можарони ҳал этиш бўйича ўз режасини таклиф қилган. Бироқ, манбаларга кўра, июль ойи бошида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас билан учрашувда Пекин Москванинг бу урушда мағлуб бўлишига йўл қўймаслигини айтган.

Унинг тушунтиришича, бундай сценарий юз берса, Қўшма Штатлар ўз эътиборини бутунлай Хитойга қаратади. Шу билан бирга, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари, агар Пекин ҳақиқатан ҳам Москвага ёрдам берганида, «уруш аллақачон тугаган бўларди», деб таъкидлаган.

Исроил сулҳдан кейин Суриянинг Сувайдо шаҳрини бомбардимон қилди

Исроил 15 июль куни кучлари жанубий Сурияда жойлашган Сувайдо шаҳрига ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу ҳужумлар Суриянинг асосан друзийлар яшайдиган ушбу ҳудудида жанговар ҳаракатлар қайта бошланганидан сўнг, Сурия ҳукумати сулҳ эълон қилганидан атиги бир неча соат ўтиб содир бўлди.

Сурия Ички ишлар вазирлиги сешанба куни берган баёнотида, қуролли гуруҳлар Исроил ҳаво кучлари кўмагида ҳукумат кучларига ҳужумларни қайта бошлаганини маълум қилди. Исроил ҳаво ҳужумлари друзийлар раҳнамоси Ҳикмат ал-Ҳажрининг маҳаллий жангчиларга ҳукумат кучларининг «ваҳшиёна ҳужумларига» қарши туришга чақирганидан сўнг содир бўлди.

Сурия Исроилнинг аралашувини халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши сифатида қоралади.

«Сувайдо ва жанубий Сурия ҳудудларига уюштирилган дрон ва авиацион ҳужумлар учун тўлиқ жавобгарликни Исроил зиммасига юкланади. Ҳужум натижасида ҳарбийлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди. Суриянинг ўз ҳудуди ва халқини ҳимоя қилиш ҳуқуқи бор. Шунингдек, ҳукумат Сурия халқининг ажралмас қисми бўлган друзийларни ҳимоя қилади», дейилади Сурия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Исроил жанубий Сурияда жойлашган ва Исроил билан чегарадош ҳудудларда уюштираётган ҳужумлари, ўзларининг потенциал иттифоқчилари — друзийларни ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётганини даъво қилмоқда. Исроилнинг диаспора ишлари бўйича вазирлиги баёнотида «Исроил друзийлар жанг қилаётган бир пайтда бефарқ қараб тура олмаслиги» айтилган.

Якшанбадан бери Сувайдода бедуин қабилалари ва маҳаллий друзий жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 100 дан ортиғи яраланган. Бу икки қуролли гуруҳ ўртасида узоқ йиллик адоват мавжуд бўлиб, вақти-вақти билан зўравонлик кучайиб кетади. Сўнгги воқеалар Сурия мудофаа вазири Мурҳаф Абу Қасра томонидан ижтимоий тармоқларда Сувайдо шаҳрида «тўлиқ ўт очишни тўхтатиш» эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб юз берди.

Туркия FETO аъзоларини халқаро миқёсда таъқиб қилишда давом этади

Туркияда сешанба куни 2016 йил 15 июлдаги давлат тўнтаришига уриниш ёдга олинди. Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Х ижтимоий тармоғида қолдирган баёнотида давлат тўнтаришига уриниш президент Эрдўғаннинг «тафаккури» ва турк халқининг «садоқатли иродаси» туфайли бартараф этилганини айтди.

«Чет эл разведка хизматлари билан тил бириктирган хиёнат тармоқлари Туркияни тиз чўктиришни мақсад қилганди. Лекин улар битта нарсани жиддий баҳолай олишмади: бу — халқимизнинг озодлик ва адолатга бўлган собит садоқати ҳамда давлатимиз қудрати», — деб ёзди Фидан.

Унинг таъкидлашича, ҳукумат FETO аъзоларини халқаро миқёсда таъқиб қилишни давом эттирмоқда ва тўнтариш ортидаги айбдорларни жавобгарликка тортишга қатъий бел боғлаган. У, шунингдек, «қаҳрамон шаҳидлар» хотирасига ҳурмат бажо келтириб, тўнтаришга қарши турган аскарларга миннатдорчилик билдирди.

2016 йил 15 июль куни Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш содир бўлганди, ҳукумат уни Фетуллаҳчи террор ташкилоти билан боғлайди. Исёнда бир гуруҳ ҳарбийлар Истанбул ва Анқарадаги муҳим биноларни эгаллашга, парламентни бомбалашга, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ҳокимиятдан ағдаришга уринди. Бироқ халқ Эрдўғаннинг чақируви билан кўчаларга чиқди ва полиция ҳам армиянинг исёнчи қанотига қарши курашди.

Тўнтаришга уриниш бир неча соат ичида бостирилди, 252 киши ҳалок бўлди ва минглаб одамлар жароҳатланди. Шундан сўнг, 15 июль Туркияда ҳар йили «Демократия ва Миллий Бирлик Куни» сифатида ёдга олинади.

Трамп Зеленский Москвага ҳужум қилмаслиги кераклигини айтди

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленский Москвага ҳужум қилмаслиги кераклигини айтди, деб хабар бермоқда Reuters нашри.

«Йўқ, у [Зеленский] Москвага ҳужум қилмаслиги керак», — деган Трамп журналистларнинг саволларига жавобан.

АҚШ президенти бундай баёнотни Financial Times газетаси ўз манбаларига таяниб, Трамп июль бошларида Зеленский билан суҳбатда Украинани Москва ва Петербургга ҳужум қилишга чақиргани ҳақида ёзганидан кейин билдириб ўтди.

Ушбу мақоладан кейин Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт «Financial Times ўлиб бораётгани сабаб, эътибор тортиш мақсадида контекстдан сўзларни юлиб олиши билан танилганини» маълум қилди.

Трамп ва Зеленский 4 июлда бўлиб ўтган суҳбатда Украина Қуролли кучларининг Москвага зарбаларини муҳокама қилгани тўғрисида FTдан ташқари, Washington Post ҳам ёзганди. 

Мавзуга оид