Жамият | 21:19 / 17.07.2025
4978
4 дақиқада ўқилади

“400 млн сўм сарфлагандик” – Тошкентда ҳокимлик фуқаролар барпо қилган яшил ҳудудни аукционда сотиб юборди

Учтепа туманидаги Кўксарой маҳалласи аҳолиси ўзи ташаббус кўрсатиб, маҳалла ҳудудидаги ташландиқ жойни обод қилди: текислади, дарахтлар ўтқазди, болалар учун аттракционлар ўрнатди. Аммо маҳаллий ҳокимлик қарийб чиқиндихонага айланиб ётган жойда пайдо бўлган бу яшил ҳудудни аукционга чиқариб, сотиб юборди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳокимлиги аҳоли барпо қилган яшил ҳудудни аукционга чиқариб, тадбиркорга сотиб юборди. Kun.uz аҳолидан келиб тушган мурожаат асосида ҳолатни жойига бориб ўрганди.

Туманнинг Кўксарой маҳалласи аҳолиси ташаббус кўрсатиб, канал бўйида узоқ йиллардан буён ташландиқ ҳолатда ётган ер майдонини кўкаламзорлаштиришга киришган. Бунинг учун кўп меҳнат ва яхшигина маблағ сарфлаган. Улар маҳалламизда кичкина бўлсаям яшил ҳудуд бўлса, одамлар чиқиб дам олиб ўтиришса, болалар яйраб ўйнашса, дея ният қилишган эди. Бироқ уларнинг нияти чиппакка чиқди: дарахтлар ўтқазилиб, тайёр бўлган кичик боғ ҳокимлик томонидан аукционга чиқарилиб, сотиб юборилди. 6 сотихли майдонни 4 ва 2 сотихли лотларда икки тадбиркор сотиб олган.

Эндиликда ҳокимлик ва аҳоли ўртасида низо келиб чиқмоқда: фуқаролар ҳокимликнинг ҳаракатидан норози, ҳокимлик эса “ким сизларга обод қил деди?” қабилида иш тутмоқда.

Фуқароларга кўра, 2023 йилда Учтепа туманининг собиқ ҳокими Фарҳод Абдуллаев аҳоли билан учрашиб, бу ерни боғ қилиш кераклигини айтган. Шундан сўнг маҳалла аҳли пул йиғиб, яшил зона барпо этишга киришган.

2024 йилнинг ноябрида боғимиз битди. Ҳозир 8 ойдан бери болалар ўйнаяпти. Кечки салқинда аёллар, отахонлар чиқишади. 2-3 ой олдин ҳокимият бизни судга берди. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан ноқонуний қурилмалар бузилиши белгиланди. Лекин биз нимани бузишни билмай қолдик. Чунки бу ерда ноқонуний қурилманинг ўзи йўқ. Бу ерда фақат боғ бор. Судда ҳеч ким 180 та дарахтнинг тақдири ва болалар майдончаси ҳақида ўйламади”, дейди Бахтиёр Ибрагимов.

Суднинг ҳал қилув қарорида келтирилишича, ер майдонини икки тадбиркор аукционда сотиб олган. Улар судда тўлаган пуллари қайтарилса ёки ҳокимлик бошқа ҳудуддан жой ажратиб берса, эътирози йўқлигини маълум қилган.

1960-1970 йилларда бу ҳудудда сувнинг бўйида катта жарликлар бўлган. Бу ерлар кўп завод ва фабрикалардан чиққан чиқиндилар билан кўмиб, тўлдирилган. Мустақилликдан кейин ҳудуддан аҳолига уй-жой берилган. Ўшанда одамлар ерни ковлаб, чиқиндидан тозалашга ҳаракат қилган. Обод қилган жойимиздан 400 машина чиқинди олиб чиқдик, 200 машина тупроқ тўкдик. Манзарали дарахтлар ўтқазганмиз, 9 хил аттракцион қурганмиз. Буларни ҳаммасига 400 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфладик. Битта иш ўрни яратиб, боғбон қўйганмиз. Чироқлар ўрнатилган. Мақсадимиз обод қилиш эди”, дейди Баҳодир Ибрагимов.

Унинг сўзларига кўра, бу ерлар саноат зонаси қуриш учун берилган. Агар ишлаб чиқариш бўлса, “свет”, газ ва сув таъминотига таъсир қилиши мумкин.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Учтепа тумани ҳокимлигида ҳам бўлди. Туман ҳокими ўринбосари Азиз Наимовга кўра, ер майдони аукционга қўйилаётганда дарахт ҳам, болалар майдончаси ҳам бўлмаган.

Биз бу жойни аукционга қўйган пайтимизда болалар майдончаси бўлмаган. Фуқаро бу жойни сотиб олгандан кейин улар болалар майдончаси қуриб қўйди. Шуни қилсак, жойлашиб ололмайди деган маънода. Кейин судга бердик. Унда биз ютиб чиқдик”, дейди Азиз Наимов.

Ҳоким ўринбосари дарахтлар ва болалар майдончаси тақдири ҳақидаги саволга жавобан буни суд ҳал қилишини билдирди.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид