Ўзбекистон | 22:26 / 17.07.2025
777
5 дақиқада ўқилади

Аҳоли ташаббуслари учун майдон, экологик инспекторларнинг калтакланиши, ЙПХ ходимининг қаҳрамонлиги, Тошкентдаги UzFace тизими – маҳаллий дайжест

Президент фармони билан ислоҳотлар бўйича истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида аҳоли учун очиқ мулоқот майдони яратилади. Солиқ низолари бўйича эксперт кенгаши ташкил этилади, у солиқ органларининг қарорларидан норози бўлган тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқади. Бухоро вилояти Экологик назорат инспекцияси ходимлари хоразмлик нотаниш шахслар томонидан калтакланди, хизмат автомобили пачақ қилинди. Қарши магистрал канали олдида хизмат қилаётган ЙПХ ходими сувга чўкаётган фуқарони қутқариб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ислоҳотларни амалга оширишда истиқболли ташаббуслар рағбатлантирилади

«Ислоҳотларни амалга оширишда истиқболли ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, самарали ва халқчил ислоҳотларни амалга оширишда кенг жамоатчилик ва жамиятнинг турли қатламлари вакилларининг иштироки қўллаб-қувватланади.

Истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг аҳоли қатлами учун очиқ мулоқот майдони яратилади. 2025 йилдан «Келажак учун» истиқболли ташаббуслар форуми ўтказилади.

Солиқ идораси қароридан норози бўлган тадбиркорларнинг мурожаатини кўриб чиқувчи эксперт кенгаш ташкил этилади

Президентнинг «Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Савдо-саноат палатаси ҳузурида солиқ, иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги мутахассислардан иборат Солиқ низолари бўйича эксперт кенгаши ташкил этилади.

Эксперт кенгаши солиқ органларининг қарорларидан норози бўлган тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқади. Қабул қилинган хулосани тадбиркорларни хабардор қилган ҳолда солиқ, божхона ва бошқа давлат органларига мажбурий тартибда юборади. Эксперт кенгаши ҳар ойда камида икки марта йиғилиш ўтказади, бу эса юзага келадиган масалаларга тезкор жавоб бериш имкониятини яратади.

Хоразмда саксовулфурушларни таъқиб қилган инспекторлар калтакланди

Бухоро вилояти Экологик назорат инспекцияси ходимлари хоразмлик нотаниш шахслар томонидан калтакланди, хизмат автомобили пачақ қилинди.

Қайд қилинишича, Экологик назорат инспекцияси ходимлари хизмат автомобилида саксовул ортилган «ЗИЛ» русумли юк машинасини 110 км масофагача таъқиб қилган.

Сўнгра уларнинг йўлини «ИСУЗУ» русумли юк машинаси тўсган. Ундан нотаниш шахслар қўлида ҳар хил турдаги совуқ қуроллар (бита, арматура, темир труба) билан тушиб, хизмат автомобилини пачақ қилган ҳамда ходимларга турли хил оғир тан жароҳатлари етказган. Ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Тупроққалъа туман прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

ЙПХ ходими сувда чўкаётган фуқарони қутқариб қолди

16 июл куни Қашқадарё вилояти Қарши тумани ҳудудидан ўтувчи Қарши магистрал канали олдида хизмат қилаётган ЙПХ ходими Нодир Мирзаев ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди.

У каналда чўкаётган фуқарони қутқариб қолди. Фуқарога биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилди ва шифохонага етказилди. Ҳозир унинг ҳолати яхши экани таъкидланмоқда.

Тошкентда UzFace фуқароларни аниқлаш тизими синов тариқасида жорий этилиши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг «2025-2026 йилларда сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шу ҳақдаги банд бор.

Ҳужжат билан 2025-2026 йилларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.

Жумладан, Тошкент темирйўл вокзалларига кириш жойларида UzFace фуқароларни аниқлаш тизимини синов тариқасида жорий этиш ва ҳоказо.

Рақобат қўмитаси 43 млрд сўмлик давлат харидларини бекор қилди

Қўмита давлат харидларида рақобатга зид ҳаракатларни аниқлаб, буюртмачилар томонидан бекор қилинишини таъминлади.

Қонунбузарлар орасида Андижон вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази, Жиззах вилояти футбол академияси, Қашқадарё вилояти Қамаши туман ободонлаштириш бошқармаси, Самарқанд вилоятида 8 та давлат буюртмачиси, Хоразмда Боғот туманидаги ихтисослаштирилган спорт мактаб-интернати, Урганч тумани ҳокимлиги, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали, Тошкент шаҳрида «Техник меъёрлаш институти», Uzbekistan Airways АЖ, «Халқ банки» АТБ, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ, «ФК Бунёдкор» МЧЖ, «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги АТ маркази» каби ташкилотлар бор.

Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан мазкур буюртмачиларга нисбатан иш қўзғатилиб, буюртмачилар томонидан савдолар бекор қилинишига эришилган.

Мавзуга оид