Иқтисодиёт | 19:00 / 17.07.2025
2873
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга пул ўтказмалари 27 фоизга кўпайди

Биринчи ярим йилликда хориждан Ўзбекистондаги жисмоний шахсларга жўнатилган пуллар ҳажми 8,2 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос давридан 27 фоизга кўп. Британиядан ўтказмалар 2 баробарга, Ирландиядан ўтказмалар 2,8 баробарга, Европа Иттифоқидан ўтказмалар эса 41 фоизга ошди.

Фото: Getty Images

Марказий банк хориждан Ўзбекистондаги жисмоний шахслар номига пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

Маълум бўлишича, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида чет элдан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 млрд долларга ёки 27 фоизга кўпайиб, 8,2 млрд долларни ташкил қилган.

Маблағларнинг 6,4 млрд доллари ёки 78 фоизи Россиядан келиб тушган бўлиб, қолган қисми Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ва бошқа мамлакатлар ҳиссаcига тўғри келади. Россиянинг улуши ўтган йилнинг мос даврида ҳам деярли шунча эди.

Марказий банкка кўра, 2025 йил январ-июн ойларида пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига меҳнат муҳожирлари ишлайдиган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши билан бир қаторда, миллий валюта курсларининг мустаҳкамланиши ҳам таъсир қилган.

“Ташқи меҳнат миграцияси географиясида диверсификация жараёнлари давом этиб, бу ривожланган мамлакатлардан Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмлари ўсишида намоён бўлди.

Хусусан, трансфертлар ҳажми Буюк Британиядан 2 баробар, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга (Ирландия 2,8 баробар, Литва 79 фоиз, Нидерландия 44 фоиз, Польша 20 фоиз) ҳамда АҚШдан 15 фоизга ошди”, – дейилади ҳисоботда.

Қайд этилишича, келиб тушган маблағларнинг 4,3 млрд доллари (53 фоизи) анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2024 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 22 фоиз), 3,6 млрд доллари (44 фоизи) хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан тўғри – P2P ўтказмалар орқали (ўсиш 40 фоиз) ҳамда 251 млн доллари (3 фоизи) банк ўтказмаси – SWIFT орқали (камайиш 22 фоиз) амалга оширилган.

Олти ой давомида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми ўтган йил даражасида сақланиб қолиб, 1,2 млрд долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид