Жаҳон | 12:16
2750
2 дақиқада ўқилади

Стратосфердан сакраган Феликс Баумгартнер параплан қулаши оқибатида ҳалок бўлди

«Қўрқмас Феликс» Баумгартнер 2012 йилда стратосферада ҳаво шаридан парашют билан сакраганидан сўнг дунё миқёсида шуҳрат қозонган.

Фото: Malte Ossowski/SVEN SIMON/IMAGO

Соҳада бир қанча жаҳон рекордларини ўрнатган австриялик экстремал скайдайвер Феликс Баумгартнер моторли парапланда учиш чоғида бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлди. 56 ёшли спортчининг ўлими ҳақида 17 июл, пайшанба куни кечқурун Sky Sport Austria нашри хабар берди.

Воқеа Италиянинг Адриатика денгизи соҳилида жойлашган Порто-Сант-Элпидио шаҳрида содир бўлди. Маҳаллий қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, Баумгартнер моторли парапланда парвоз қилган, бироқ ўзини ёмон ҳис қилган ва бошқарувни йўқотган.

Параплан соҳилга яқин меҳмонхоналардан бирининг ҳудудидаги сузиш ҳавзаси ёнидаги иншоотга қулаган. Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, эркак воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса оқибатида меҳмонхона ходимларидан бири жабрланган – у парапландан учиб кетган қолдиқлар туфайли бўйнидан яраланган. Аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган.

Феликс Баумгартнер ўз ҳаётида скайдайвер ва бейсжампер сифатида 1500 дан ортиқ сакрашни амалга оширган. Иккала спорт ҳам экстремалдир. Скайдайвингнинг моҳияти шундаки, спортчи ўз парашютини имкон қадар ерга яқинроқ очади ва шу билан эркин йиқилиш палласини узайтиради. Бейсжампингда паст баландликдан сакраш учун мўлжалланган махсус парашютдан фойдаланилади.

Мавзуга оид