Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори ўсишни давом эттирмоқда
Кўчмас мулк бозорида барқарорлик кузатилиб, ҳудудларда олди-сотди шартномалари сони ва нархларда ўсиш қайд этилди. Йиллик ҳисобда иккиламчи уй-жойга бўлган талаб республиканинг аксарият ҳудудларида юқори даражада сақланиб қолинмоқда. Тошкентда уй-жой нархлари пасайиши, ижара бозори барқарорлигини кўрсатмоқда.

Фото: Kun.uz
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан кўчмас мулк бозорида кузатилаётган ўзгаришлар таҳлил қилинди. 2025 йил биринчи ярим йиллиги якунига кўра, уй-жой сотувлари 10,6 фоизга ошиб, 136,5 минг хонадонни ташкил этди.
Июн ойи якунига кўра 21 мингта олди-сотди битимлари рўйхатдан ўтказилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 фоизга ошди.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳудудларда кўчмас мулк бозорида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Олди-сотди шартномаларида энг юқори ўсиш Жиззах (29,9 фоиз), Навоий (18,3 фоиз) ва Сурхондарё (17,7 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Шу билан бирга, Тошкент вилоятида битимлар ҳажми бироз камайгани (2,6 фоиз) кузатилди.
Июн ойида иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи ўтган ойга нисбатан 0,3 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда ўсиш 1,8 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида июн ойида Жиззах вилоятида уй-жой нархлари бироз пасайганига (-1,3 фоиз) қарамасдан, йиллик ўсиш суръати бўйича етакчилик қилмоқда (11,7 фоиз). Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ижобий динамика Сурхондарё (10,9 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (9,3 фоиз), Хоразм (7,3 фоиз) ва Наманган (7,1 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 фоизга пасайиб, янги қурилган уйлар нархлари эса бироз камайди (1,6 фоиз).
Ўтган йилнинг июн ойидан пойтахтдаги иккиламчи уй-жой нархларида энг катта пасайиш Мирзо-Улуғбек (-7,6 фоиз), Яшнобод (-7,3 фоиз) ва Чилонзор (-6,9 фоиз) туманларида кузатилди.
Бирламчи уй-жой нархларида энг катта пасайиш Учтепа (-9,7 фоиз), Юнусобод (-8,8 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-7,7 фоиз) туманларида қайд этилди.
Июн ойида Тошкент шаҳрида ижара нархлари барқарорлиги кузатилди. Ўртача ижара нархи ўтган ойдаги кўрсаткични сақлаб қолди ва бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 долларни ташкил этди.
Йиллик ҳисобда ўртача ижара нархлари 2,6 фоизга пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилди.
Мавзуга оид

20:19 / 15.07.2025
Тошкентда кўп қаватли уй қуриш билан шуғулланган МЧЖ фуқароларни чув туширди

11:26 / 30.06.2025
Кўчмас мулк савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштириляпти

11:39 / 20.06.2025
Латвия Россия ва Беларус фуқароларига кўчмас мулк сотиб олишни тақиқлади

16:00 / 19.06.2025