Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия думаси экстремистик материалларни қидирганлик учун жарима тайёрламоқда
Ўзгартиришлар «экстремистик материалларни қидириш ва уларга кириш ҳуқуқини қўлга киритиш» учун 5000 рублгача жаримани назарда тутади.

Фото: Sergei Fadeichev/dpa/TASS/picture alliance
Россия Давлат думаси депутатлари «экстремистик материалларни қидириш ва улар билан танишганлик» учун 5 минг рублгача жарима солишни назарда тутувчи тузатишни маъқуллади, деб хабар берди ТАСС агентлиги.
Ўзгартиш муаллифлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «Экстремистик материалларни қидириш ва улардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш, шу жумладан кириши чекланган ахборот ресурсларига, ахборот ва телекоммуникация тармоқларига кириш учун дастурий ва техник воситалардан фойдаланиш» номли 13.53-моддани қўшишни таклиф қилган.
«Экстремистик материалларни қасддан қидириш» учун уч мингдан беш минг рублгача маъмурий жарима солиш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, VPN хизматларини реклама қилиш учун 500 минг рублгача жарима солишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади. Давлат думаси, шунингдек, VPN хизматларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этишни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида тан оладиган тузатишни ҳам қабул қилди.
Кремл ташаббуснинг моҳиятини изоҳлашдан бош тортди ва депутатларни уни батафсилроқ тушунтиришга чақирди. Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бу таклиф билан таниш эмаслигини айтди.