Жаҳон | 14:06
1791
12 дақиқада ўқилади

Кўпайган сувда чўкишлар, руҳий «носоғлом» минтақа, шифокорларга ҳужум ва Роғун ГЭСидан 20 йиллик шартнома

Аномал иссиқ ҳаво Марказий Осиёга жиддий хавф солмоқда, яқин келажакда Остона ва Тошкентда иссиқдан ўлганлар сони йилига 10 мингдан 23 минггача кўпайиши мумкин. Ўзбекистон аҳолисининг руҳий саломатлиги жойида эмас, рейтингда давлат охирги ўринларда қолиб кетди. Қозоғистонда навбатда туришни истамаган бемор шифокорга ҳужум қилди. Қирғизистонда сувда чўкиб ўлаётганлар сони анча кўпайди. Тожикистоннинг Роғун ГЭСи 20 йил давомида Ўзбекистонга электр етказиб берадиган бўлди. Кобулда трансафғон коридори бўйича битим имзоланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Марказий Осиёда аномал иссиқ – ўлимни кўпайтирмоқда

Аномал иссиқ Марказий Осиёга жиддий хавф солмоқда. Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, минтақада ҳаво ҳарорати ортиб бориши инсонлар ҳаёти ва иқтисодиётга жиддий зарар етказади. Яқин келажакда иқлим ўзгариши ёмон оқибатлар яратишидан жиддий хавотирлар аллақачон мавжуд. Марказий Осиёнинг 70 та шаҳарлари қамраб олинган тадқиқотда келишича, иссиқлик муаммоси аввало кучаймоқда. 2023 йилда минтақада ҳаво ҳарорати кўтарилиши 87 мингдан ортиқ иш ўрни йўқолишига олиб келган. Шундан 22 мингдан ортиғи Ўзбекистонда, 18 мингга яқини Озарбойжонда қайд этилган.

2050 йилгача Европа ва Марказий Осиёдаги йирик шаҳарларда иссиқ кунлар сони уч баробаргача ошиши мумкин. Ҳарорат тўлқинлари қариялар, болалар ва кам таъминланган аҳоли учун катта хавф туғдиради. Бундай ҳолатларда тез тиббий ёрдам бўлимлари ва шифохоналарга юклама кескин ортади, сурункали касалликлар кўпаяди.

Ҳаддан ташқари иссиқ ҳарорат ишлаб чиқариш ускуналари, электр тармоқларига жиддий зарар етказади. Етказиб бериш занжирларига салбий таъсир қилади. Одамлар ва ишчилар фаолиятини секинлаштиради, яъни жисмоний ва ақлий самарадорлик пасаяди.

Шу билан бирга, иш соатлари камайиш эҳтимоли юқори бўлади. Айниқса, бу қурилиш, транспорт, туризм соҳаларида кўпроқ кузатилиши мумкин. Транспорт тизимлари ишдан чиқиши, қурғоқчилик, ёнғинлар хавфи, ҳаво сифати ёмонлашуви ва энергия таъминотида узилишлар кузатилади. 2090 йилга бориб Марказий Осиёнинг бир қанча йирик шаҳарлари, жумладан, Остона ва Тошкентда ҳавонинг иссиқлиги туфайли умумий ўлим йилига 10 мингдан 23 мингтагача етиши мумкин.

Европа ва Марказий Осиёда яшовчи аҳолининг 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Сўнгги 20 йилда ўн минглаб одамлар иссиқлик билан боғлиқ сабаблар туфайли ҳалок бўлган. Агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, иссиқлик оқибатида иқтисодий йўқотишлар 2050 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 2,5 фоизигача етиши мумкин.

Минтақанинг тўққизта шаҳри, шу жумладан Туркманистоннинг Ашхободида иссиқлик сабаб йиллик иқтисодий йўқотишлар ЯИМнинг 2 фоизидан ошиш эҳтимоли катта.

Қирғизистонда экстремал ҳарорат ҳар йили 200 километрга яқин йўлларнинг шикастланишига олиб келади. Бу эса таъмирлаш учун катта харажатларни келтириб чиқаради ва транспорт инфратузилмасига боғлиқ бўлган иқтисодий фаолиятни издан чиқаради.

Ашхободда жазирама билан боғлиқ ортиқча ўлимлар барча ёш гуруҳлари учун йилига ҳар 100 минг кишига 25-28 ҳолатни ташкил этади. Остона, Бишкек ва Тошкентда эса бу кўрсаткич 19–21 тагача етади.

Ҳисоботда ёзилишича, иссиқлик таъсирини камайтириш учун шаҳарларда қуйидаги чораларни кўриш керак:

·       эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш;

·       тез тиббий ёрдам хизматларини ривожлантириш;

·       аҳоли эҳтиёж сезаётган жойларда совитиш марказлари ташкил этиш;

·       иссиққа чидамли қурилиш материалларидан фойдаланиш,

·       инфратузилмани режалаштиришда экстремал об-ҳаво шароитларини ҳисобга олиш.

Таҳлилда муваффақиятли ечимлар учун аниқ сиёсий ирода, мувофиқлаштириш ва барқарор молиялаштириш зарурлиги келтирилган.

Қозоғистонда навбатда туришни истамаган бемор шифокорга ҳужум қилди

Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятида бемор жарроҳга ҳужум қилиб, оғир тан жароҳати етказди. Воқеадан сўнг Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири халққа мурожаат қилди. Маҳаллий нашр, Tengri newsʼнинг ёзишича, жарроҳ мураккаб операцияни ўтказгач, навбат бўйича беморларини кўрикдан ўтказаётган пайтда беморлардан бири унга ҳужум қилиб, калтаклаган. Маълум бўлишича, бемор навбатда туришни истамаган ва унга берилган 3-навбатдан норози бўлиб, шу ишни қилган. Ҳозирда шифокор оғир аҳволда реанимацияда қолмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова воқеани даҳшатли деб атади ва сентябр ойида тиббиёт ходимларига ҳужум қилганлик учун жазони кучайтириш бўйича парламентга тузатишлар киритилишини айтди.

Ҳар куни инсонлар ҳаётини сақлаб қолаётган одамга қўл кўтариш учун қўполлик ва тажовузкорликнинг қандай даражасига эришиш керак? Бу маиший можаро эмас, балки жамоат хавфсизлигига таҳдид. Тез тиббий ёрдам, болалар ва перинатал марказларда тун-укун постларини кучайтирамиз, камералар, хавфсизлик ва ваҳима тугмалари билан таъминлаймиз", - дейди вазир.

Бундай ҳолатлар аҳолининг руҳий саломатлиги ўзи қай даражада деган саволни ҳам ўртага ташлайди. Афсуски, Марказий Осиё аҳолиси руҳий соғломлар эмас, бу борада тадқиқот ўтказилди ва унда Ўзбекистон ҳам охирги ўринларда турибди. Ҳозир шу тадқиқотга ҳам тўхталиб ўтамиз.

Ўзбекистон аҳолисининг руҳий саломатлиги жойида эмас, бу бўйича дунё рейтингида давлатимиз охирги ўринларда қолиб кетди. Mental state of the world халқаро тадқиқоти рўйхатида Ўзбекистон 83 давлат ичида 74-ўринда турибди. Бу билан Республика қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан олдинда. Умуман, Марказий Осиё давлатлари орасида руҳий саломатлик ҳолати оғирлигича қолмоқда. Рейтингда:

  • Қозоғистон – 76-ўрин;
  • Қирғизистон – 79-ўрин;
  • Тожикистон – 80-ўрин.

Дунё бўйича ўртача руҳий ҳолат индекси 63 баллни ташкил қилмоқда. Бу инсонлар ойда тахминан 21 кун давомида ўзини барқарор ва фаол ҳис қилишини англатади. Аммо Марказий Осиё давлатлари бу кўрсаткичдан анча ортда қоляпти. Ўзбекистон 54,5 баллни, Қирғизистон ва Тожикистон 51,2 баллни қўлга киритган. Қозоғистон эса 52,3 балл билан Бразилия, Жанубий Африка республикаси ва ҳаттоки Афғонистон билан деярли бир даражада.

Уруш бўлаётганига қарамай, Украина, Россия фуқаролари ижобий натижа кўрсатган, Исроил фуқаролари руҳий соғломлик бўйича 4-ўринда.

Мутахассислар фикрича, одамларнинг руҳий ҳолати ёмонлашишига бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар сабаб бўляпти: хавотир, тушкунлик, чарчоқ, ёлғизлик ва ҳал қилинмаган ички муаммолар. Бугунги кунда дунё бўйича ҳар саккиз кишидан бири, яъни 8 миллиард аҳолининг 1 миллиардга яқини руҳий касалликка чалинган. Бунда, ўсмирлар энг заиф қатлам ҳисобланади, чунки руҳий муаммоларнинг ярми 14 ёшгача бошланади.

Роғун ГЭСи 20 йил Ўзбекистонга электр етказиб беради

Тожикистоннинг Роғун ГЭСи Ўзбекистонга энди 20 йил электр етказиб бериб туради. Тожикистон Ўзбекистон ҳукумати билан электр энергетикаси соҳасида битим лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат Роғун гидроэлектр станциясида ишлаб чиқарилган электр энергиясини қўшни Ўзбекистонга етказиб беришни назарда тутади. Бу ҳақда Тожикистон Адлия вазирлиги маълум қилган. Лойиҳага кўра, етказиб бериш ҳажми ва шартлари алоҳида шартнома билан кўрсатилади. Ҳозир белгиланган нарх – 1 киловатт соат учун 3,4 цент. Нарх ҳар йили 1 фоизга индексация қилинади.

Электр энергияси икки давлатнинг электр тизими операторлари келишган жадвал асосида, асосан Ўзбекистонда электр танқислиги кузатиладиган соатларда етказиб берилади. Роғун ГЭС қурилиши тугамагунча, энергия фақат вегетацион даврда етказиб берилади, яъни 1 апрелдан 30-сентябргача. ГЭС тўлиқ ишга тушганидан кейин эса электр энергияси йил давомида ҳар ойда жўнатилади. Битим юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этади. Шунингдек, томонларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартиришлар киритиш имкониятини назарда тутади. Ҳужжат 20 йилга мўлжалланган бўлиб, агар томонлар уни бекор қилиш истагини муддати тугашидан 6 ой олдин билдирмаса, у автоматик тарзда яна 10 йилга узайтирилади.

Қирғизистонда чўкиб ўлаётганлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда

Давлат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги айнан сувдаги бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш учун чора-тадбирларни кучайтиришни буюрди. Вазир Бообек Ажикаевга кўра, Қирғизистонда чўкиб ўлаётганлар сони ошиб бораётгани сабаб, тиргакларни текшириш кучайтирилади. У Сув ҳавзалари яқинида огоҳлантирувчи белгилар ва панжаралар ўрнатиш, вилоят раҳбарларининг сув хавфсизлиги чораларини кучайтириш ва профилактика ишларини олиб бориш бўйича топшириқлар берди. Вазир топшириғига кўра, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва қурбонлар сонини камайтириш мақсадида қутқарувчилар томонидан дам олувчилар ўртасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда. 

Маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан бери Қирғизистон сув ҳавзаларида ва Иссиқкўлда 44 та чўкиш ҳолати қайд этилган бўлиб, шундан 32 таси ёз фаслида содир бўлган. Ёзда 13 нафар боладан 7 нафари сувга чўкиб ҳалок бўлган.

Бердимуҳамедов велосипедда сайр қилди

Туркманистон собиқ президенти ва ҳозирги президентнинг отаси, Халқ маслаҳати раиси – Гурбангули Бердимуҳаммедов Озарбойжон сафари ва Авазадаги халқаро тадбир аввалидан бу ерга келиб, велосипедда сайр қилди. Буни барча туркман нашрлари ёритди. Туркменпорталнинг ёзишича, халқ миллий лидери Балкан вилоятига амал сафари доирасида «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Каспий қирғоғи бўйлаб велосипед ҳайдаган, йўлида Авазанинг энг гўзал гўшаларидан бирида жойлашган спорт мажмуасига тўхтаб, эрталабки машқларни ҳам бажарган. Шундан сўнг у соҳилда сайрга отланган. Аваза боғлари одамларни янги меҳнат ютуқлари сари илҳомлантиради, дея хабар беради TDH.

Трансафғон темирйўли муҳокамаси учун Кобулда расмийлар кўришди

Темирйўл лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш юзасидан уч томонлама битим имзоланган. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ёзишича, ҳужжатни 17 июль куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари имзолаган. Ҳукумат аъзолари трансафғон масаласидаги илк уч томонлама учрашувини ҳам ўтказган.

Бу учрашув ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги тарихий қадам бўлди”, дейди Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига бош идоранинг раҳбари Бахтиёр Саидов.

Вазирнинг билдиришича, Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон трансафғон темирйўли бутун Евросиё учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, мазкур лойиҳа савдони кучайтиради, Афғонистоннинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлайди ва жанубий портлар орқали жаҳон бозорларига янги йўл очади.

Уч давлат вакиллари Термиз халқаро савдо маркази имкониятларидан фаол фойдаланишга ҳам келишиб олган.

“Ўзбекистон темирйўллари”нинг билдиришича, ҳужжатнинг имзоланиши, аввало, лойиҳанинг тезроқ амалга оширилишига, Евросиёнинг ягона транспорт марказини яратишга ҳамда давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг янада чуқурлашишига хизмат қилади.

2023 йилнинг 18 июль куни Исломобод шаҳрида уч иштирокчи давлат вакиллари Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон темирйўл линиясининг якуний йўналиши — Термиз—Найбобод—Майданшаҳр—Логар—Харлачи бўлишини келишиб олганди.

Мавзуга оид