Жаҳон | 23:30 / 21.07.2025
823
3 дақиқада ўқилади

20 дан ортиқ давлат Исроилдан Ғазодаги урушни тўхтатишни ва инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришни талаб қилди.

Мурожаат муаллифлари, шунингдек, ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни зудлик билан озод қилишни талаб этди.

Фото: AP

Буюк Британия, Франция ва яна 20 дан ортиқ давлат ташқи ишлар вазирлари Исроил ҳукуматига Ғазода ўт очишни тўхтатиш талаби билан мурожаат йўллаб, Ғазо инсонпарварлик жамғармаси (GHF) орқали инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш тизимини танқид қилди. Буюк Британия ТИВ баёноти BBC нашри томонидан эълон қилинди.

«Биз, ушбу мурожаатни имзолаганлар, оддий ва шошилинч хабар билан тўпландик: Ғазодаги уруш зудлик билан тўхтатилиши керак. Ғазодаги тинч аҳолининг азоб-уқубатлари янада чуқурлашди. Исроил ҳукуматининг ёрдам кўрсатиш модели хавфли, у беқарорликни кучайтиради ва Ғазо аҳолисини инсоний қадр-қимматидан маҳрум қилади. Биз ёрдамнинг аниқ манзилларга етказилишини, сув ва озиқ-овқатга бўлган энг оддий эҳтиёжларини қондиришга уринган тинч аҳолини, жумладан, болаларни шафқатсизларча ўлдирилишини қоралаймиз. Ёрдам олишга уринган 800 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани даҳшатли», дейилади баёнотда.

Мурожаат муаллифлари, шунингдек, 2023 йил 7 октябрдан бери ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни зудлик билан озод қилишни талаб этди. Бундан ташқари, мурожаатда Исроилнинг Ғазода «ҳуманитар шаҳар» яратиш режалари танқид қилиниб, бу халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб аталди ва Ғарбий Соҳилда яҳудий аҳоли пунктлари қурилиши фаластинликларга нисбатан зўравонлик билан бирга давом этаётгани қораланди.

Ушбу баёнотни Австралия, Австрия, Белгия, Канада, Дания, Эстония, Финландия, Франция, Исландия, Ирландия, Италия, Япония, Латвия, Литва, Люксембург, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Полша, Португалия, Словения, Испания, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқининг тенглик масалалари бўйича комиссари Ҳожа Лаҳбиб имзолаган.

Аввалроқ, БМТ маълумотларига кўра, 27 майдан 7 июлгача Ғазода инсонпарварлик ёрдамини олиш пайтида камида 798 фаластинлик ўлдирилгани маълум бўлган эди. Улардан 615 нафари АҚШ ва Исроил кўмагида Ғазо инсонпарварлик жамғармаси (GHF) томонидан ташкил этилган пунктлар яқинида, яна 183 нафари ҳуманитар карвонлар, жумладан, БМТ колонналари йўналишларида ҳалок бўлган.

Мавзуга оид