Жаҳон | 20:45 / 21.07.2025
1526
3 дақиқада ўқилади

Ҳарорат кескин кўтарилиши иссиқликдан ўлим ҳолатларини уч баравар ошириши мумкин – Жаҳон банки

2090 йилга бориб Тошкент ва Остонада ҳаво иссиқлиги туфайли юз берадиган умумий ўлимлар сони йилига 10 000 дан 23 000 гача етиши эҳтимоли мавжуд.

Фото: Reuters

Жаҳон банки томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, Европа ва Марказий Осиё минтақасининг (ЕМО) 70 та шаҳрида, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда аномал иссиқнинг инсонлар ҳаёти ва иқтисодиётга зарарли таъсирлари мавжудлиги ҳақида хавотирли фактлар аниқланди.

Хусусан, Ашхободда жазирама билан боғлиқ ўлимлар сони барча ёш гуруҳлари учун йилига ҳар 100 000 кишига 25-28 ҳолатни ташкил этмоқда. Тошкент, Остона, Бишкекда бу кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 19 тадан 21 тагача ўлим сонидан иборат.

2090 йилга бориб Марказий Осиёнинг бир қанча йирик шаҳарларида, жумладан, Тошкент ва Остонада ҳавонинг иссиқлиги туфайли умумий ўлим йилига 10 000 дан 23 000 гача етиши мумкин.

Европа ва Марказий Осиё аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи истиқомат қиладиган минтақанинг йирик шаҳарларида иссиқ кунлар сони 2050 йилга бориб уч баробардан зиёдроққа ошиши ва кўплаб шаҳарларда йилига иссиқ кунлар 40-70 кунгача давом этиши тахмин қилинган.

Жаҳон банки тадқиқотида ЕМО шаҳарлари ҳарорат кўтарилишининг салбий оқибатларини юмшатиш учун ҳозирданоқ амалга ошириши мумкин бўлган чора-тадбирлар таклиф этилган. Унга кўра шаҳарларда яшил ҳудудлар ва сояли майдонларни кўпайтириш учун дарахтлар экиш, биноларни пассив совитиш учун модернизация қилиш, аҳолини эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш ва соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятини яхшилаш, “совитиш” марказлари ташкил этиш, қурилишда иссиқликка чидамли материаллардан фойдаланиш, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини режалаштиришда об-ҳаво аномалияларини ҳисобга олиш каби ишлар йўлга қўйилиши керак.

Қўшимча маълумот ўрнида, 2023 йилда ЕМО минтақасида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 87 000 дан ортиқ тўлиқ бандлик иш ўринларининг йўқолишига олиб келди. Улардан 22 мингдан ортиғи Ўзбекистонда ва 18 мингга яқини Озарбойжонда.

2050 йилга бориб ЕМО минтақанинг тўққизта шаҳри, шу жумладан, Ашхободда иссиқлик туфайли йиллик иқтисодий йўқотишлар ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан ошиши мумкин.

Қирғизистонда экстремал ҳарорат ҳар йили 200 кмга яқин йўлларнинг шикастланишига олиб келади, бу эса таъмирлаш учун катта харажатларни келтириб чиқаради ва транспорт инфратузилмасига боғлиқ бўлган иқтисодий фаолиятни издан чиқаради.

Мавзуга оид