Жаҳон | 21:16 / 21.07.2025
1283
3 дақиқада ўқилади

Индонезия полицияси чақалоқ савдогарлари тармоғини фош қилди

Мамлакат расмийлари Понтианак ва Тангеранг шаҳарларида 1 ёшли 6 нафар чақалоқни сотишга тайёргарлик кўраётган жиноий синдикат иши бўйича 13 кишини ҳибсга олди.

Фото: Getty images

Индонезия полицияси болалар савдоси билан шуғулланувчи халқаро синдикатни ошкор қилди, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 2023 йилдан бери камида 25 нафар чақалоқ Сингапурдаги харидорларга сотилган деб ҳисобламоқда.

BBC News хабарига кўра, шу ҳафта Индонезия ҳукумати Понтианак ва Тангеранг шаҳарларида 1 ёшли 6 нафар чақалоқни сотишга тайёргарлик кўраётган жиноий синдикат иши бўйича 13 кишини ҳибсга олди.

«Бу болалар Понтианакда сақланган, Сингапурга жўнатилишидан олдин уларга иммиграция ҳужжатлари расмийлаштирилган», деди Ғарбий Ява полициясининг жиноий тергов бўлими бошлиғи Сураван.

Полициянинг фикрича, жиноий синдикатнинг иш услуби гўёки ўз фарзандларини тарбиялашни истамаган ота-оналар ёки бўлажак оналарни танлашдан иборат бўлган. Баъзи ҳолларда улар билан аввал Facebook орқали алоқа ўрнатилиб, сўнгра WhatsApp каби шахсий мулоқот каналларига ўтилган.

«Баъзи чақалоқлар ҳатто она қорнидаёқ «захира» қилиб қўйилган», деди Сураван. «Чақалоқ туғилганидан сўнг, оналарга туғуруқ харажатлари қопланган, кейин маълум миқдорда пул тўлаб, чақалоқни олиб кетишган».

Полиция маълумотларига кўра, жиноий гуруҳга сотиладиган чақалоқларни изловчилар, васийлар ва чақалоқлар вақтинча яшайдиган хонадон эгалари, шунингдек, ҳужжатларни сохталаштирувчилар кирган.

Чақалоқлар онасидан олиб қўйилгач, икки-уч ойга васийларга топширилган, сўнгра Жакартада, кейин эса Понтианакда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, паспорт ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилган, деб хабар берди полиция.

Чақалоқлар 11-16 миллион Индонезия рупиясига (670-980 долларга) сотилган.

Ҳибсга олинганларнинг сўзларига кўра, синдикат Индонезиянинг ўзида ҳам, ундан ташқарида ҳам камида 12 нафар ўғил ва 13 нафар қизни сотган. Болаларнинг аксарияти Ғарбий Ява провинциясидан бўлгани тахмин қилинмоқда.

Баъзи ота-оналар молиявий қийинчиликлар туфайли фарзандини сотишга рози бўлган, деган шубҳалар бор.

«Агар ота-оналар ва жиноятчилар ўртасида келишув бўлгани исботланса, уларга нисбатан болаларга қарши жиноятлар ва одам савдоси бўйича айбловлар қўйилиши мумкин», деди Сураван.

Индонезия полицияси Интерпол ва Сингапур полициясига ҳали ҳам чет элда бўлган синдикат аъзоларини, шунингдек, болаларни сотиб олувчиларни ҳибсга олишга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.

Мавзуга оид