Аёллар дунёси | 14:47
1003
3 дақиқада ўқилади

Саёҳат – аёл учун табиий психотерапия. Илмий таҳлил ва ҳаётий хулосалар

Бир қарашда саёҳат шунчаки дам олишдек туюлиши мумкин, аммо сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар аёллар учун саёҳат – руҳий саломатлик, ўзини англаш ва ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим омил эканини кўрсатмоқда.

Стрессга қарши табиат – аёлга куч, руҳ ва барқарорлик беради

Nature журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, ҳафтасига камида икки марта табиат қўйнида бўлиш, саёҳат қилиш ёки оддий сайрлар ҳам депрессия ва изтироб белгилари камайишига олиб келади. Aйниқса, аёлларда бундай фаоллик ички осойишталикни таъминлаш ва эмоционал барқарорликни тиклашда муҳим рол ўйнайди. Аёллар соғлиғи ва кайфияти учун денгиз, кўл, ёмғир ва бошқа “яшил муҳит” (blue space) манзаралари нафақат хурсандчилик, балки иммун тизими фаоллигини ҳам оширади.

Саёҳат қилувчи аёллар сони ўсмоқда

2016 йилдан 2023 йилга қадар аёллар орасида “solo female travel” – яъни якка ҳолда саёҳат қилиш истаги 230 фоизга ошган. Йирик халқаро тадбирлар, маданий фестивалларга ёки табиат бағридаги саёҳатга чиқаётганларнинг 75 фоизи аёллардан иборат. Аёллар орасида дунё бўйлаб саёҳатлар 2025 йилдан 2030 йилгача йиллик 16,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Саёҳатчи аёлларнинг ўртача ёши 49 ёш, саёҳатчи компаниялар туроператорлари мижозларининг 43 фоизи 51-70 ёш оралиғидаги аёллар эканини айтишган. Бунда нафақат дам олиш, балки шахсий ўсиш, ҳаётни қайта баҳолаш ва руҳий мувозанатни топиш мақсад қилинган.

Саёҳат – она учун ҳам даво, ҳам руҳий тикланиш

Сувли муҳитдаги манзаралар (денгиз, ҳавза, шаршаралар) инсон асаб тизимига шифобахш таъсир кўрсатади. Бу ҳозирги стрессга тўла ҳаётда аёл учун жуда муҳим терапевтик таъсир ҳисобланади.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, туғуруқдан кейинги стресс ва руҳий тушкунликни енгишда ҳам саёҳат катта ёрдам беради. Condé Nast Traveler нашрида ўз тажрибаси билан ўртоқлашган уч нафар аёл айнан саёҳат орқали қайта руҳланишга эришганини маълум қилган.

Саргузаштли саёҳатлар табиатда бой тажрибаларни тақдим этади, стрессни камайтиради ва юрак соғлиғини яхшилайди.

Саёҳат бу – шунчаки дам олиш эмас. Аёллар учун у ўзини топиш, ҳаётга янги кўз билан қараш ва энг муҳими, ички хотиржамликни қайта тиклаш йўлидир. Табиати чиройли, ҳавоси мусаффо ҳудудларга сафар қилиш эса кундалик бирхилликни бузиб, ҳаётга янги руҳ бахш этади.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид