Таълим | 11:29
4128
2 дақиқада ўқилади

Супер-контрактни бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинми?

Кириш имтиҳонларидан етарлича балл тўплай олмаган ва қўшимча контракт эвазига ўқишга қабул қилинувчи номзодлар тўловни йил давомида иккига ёки ойлар кесимида бўлиб-бўлиб амалга оширишлари мумкин. Бунда супер-контракт шакли фақат биринчи йил учун амал қилади, кейинги йиллардан бошлаб базавий контракт тўловига қайтилади.

Фото: Kun.uz

Давлат ОТМларига кириш имтиҳонидан етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар қўшимча контракт (супер-контракт) асосида ўқишга қабул қилинишлари мумкин. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 360-сонли қарорида белгилаб берилган.

Яъни унга кўра, кириш имтиҳонларидаги натижаларидан келиб чиқиб абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалдаги оширилган тўлов-контрактнинг таълим йўналиши бўйича белгиланган энг юқори миқдорининг 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.

Бунда натижалар эълон қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида ОТМ ректори номига ариза бериш талаб этилади. Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартлари биринчи ўқув йили учун тўлиқ бажарилгандан сўнг абитуриент олийгоҳ ректори буйруғи билан ўқишга қабул қилинади. Қўшимча тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидагича белгиланади:

  • тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
  • 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
  • 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
  • 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.

Қўшимча контракт фақат бир маротаба, талаба ўқишга қабул қилинганининг биринчи йили тўланади ва кейинги босқичларда базавий контракт тўловига қайтилади.

Ўтган йили супер-контрактни йил давомида иккига бўлиб ёки ҳатто ойларга бўлиб тўлаш имконияти берилган.

Мавзуга оид