Ўзбекистон | 15:16
1669
5 дақиқада ўқилади

Ҳамма кузатиши мумкин – ижтимоий объектларни қуришда коррупциянинг олдини олиш учун яратилган рақамли платформа ишга тушди

22 июл куни Ўзбекистонда ижтимоий соҳага доир инвестицияларни бошқаришда шаффофликни таъминлаш учун янги платформа ишга туширилди: мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига сармоя киритиш жараёнини шаффоф қилиш имконини берувчи янги Геопортал тақдимоти бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсад ва вазифаларини амалга ошириш доирасида ташкил этилган ушбу платформанинг ишга туширилиши, унинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиш жараёнида Саида Мирзиёеванинг фаол кўмаги ва қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этди.

Геопортал орқали мамлакат бўйлаб 23 000 дан ортиқ ижтимоий объектлар — 11 127 та мактаб, 6 888 та мактабгача таълим муассасаси, 3 689 та тиббиёт муассасаси ва 879 та спорт иншооти рақамлаштирилган бўлиб, платформа доимий равишда такомиллашиб, ушбу рўйхат кенгайиб боради.

Тўпланган реал маълумотлар асосида ижтимоий объектларнинг жорий муаммолари реал вақт ҳолатига қараб аниқлаб борилади. Масалан, мактабларнинг атиги 52 фоизи марказий сув тармоғига уланган бўлса, 9 фоизи мутлақо сувдан фойдалана олмайди. Тиббиёт муассасаларининг 70 фоизи сув билан таъминланганлиги, беморлар учун хавфсиз муҳитни шакллантиришда муаммолар келтириб чиқаради ёки мактабларнинг деярли ярмида мажлислар заллари йўқлиги жамоавий тадбирларни ўтказиш имкониятларини чеклайди.

Геопортал қандай имкониятлар яратади?

Платформа қуйидаги имкониятларни беради:

• мамлакатдаги барча ижтимоий объектларнинг рақамлаштирилган харитасини кўриш ва уларнинг ҳолатини реал вақтда кузатиш;

• лойиҳалар қандай амалга оширилаётганлигини мониторинг қилиш;

• давлат ташкилотлари ўртасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;

• реал маълумотлар асосида ижтимоий объектлар тармоғини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилиш;

• шаффофлик ва фуқаролар иштирокини таъминлаш.

Фуқаролар учун қулайликлар

Геопортал нафақат давлат органлари, балки оддий фуқаролар учун ҳам фойдали воситага айланади. Ҳар бир фуқаро:

• яқин атрофдаги мактаб, боғча ёки шифохонани харита орқали топиши;

• объектларнинг қуввати, ҳолати ва муҳим инфратузилмага уланиш даражасини билиб олиши;

• керакли объектларгача бўлган масофани ҳисоблаши;

• демографик ва иқлим прогнозларини кўриши;

• ҳудудларни инфратузилманинг мавжудлиги бўйича солиштириши мумкин.

Алоҳида эътиборга лойиқ жиҳат — фуқаролар портал орқали объектлар ҳақидаги маълумотларга ўзгартиришлар киритиш имконига эга бўлиб, бу ўз навбатида ҳудудлар бўйича реал ҳолатни аниқлаш ва инвестиция қарорларини янада ишончли қилишга хизмат қилади.

Муҳим техник имкониятлар

1. Интерактив харита:

• Яқин атрофдаги объектларни қидириш;

• Йўналишлар ва қамров зоналари (5, 10, 15 дақиқа);

• Турли йиллардаги йиллик ўзгаришларни таққослаш (масалан, 2020 ва 2024 йиллардаги яшил ҳудудлар).

2. Аналитика ва статистика:

• Ҳудудлар бўйича кўрсаткичларни солиштириш;

• Графиклар, жадваллар ва фильтрлар орқали ҳудудлар кесимида таҳлилни амалга ошириш;

3. Сунъий йўлдош маълумотлари (масофадан зондлаш):

• Яшил жойлар (NDVI);

• Сув мавжудлиги (NDWI);

• Ривожланиш кўрсаткичи (NDBI);

• 2020–2025 йиллар учун динамика.

Кейинги босқич

Портал фуқароларнинг реал эҳтиёжлари ва инфратузилманинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда дастурларни шакллантириш имконини берувчи давлат инвестицияларини режалаштиришнинг муҳим воситасига айланиши мумкин.

Бундан ташқари, давлат инвестицияларини холис мониторинг қилиш ва баҳолаш имкониятлари яратилмоқда. Шундай қилиб, 2025 йил октабр ойига қадар платформа мактаблар, болалар боғчалари ва поликлиникаларда санитария-гигиена меъёрларини яхшилашга қаратилган “Тоза қўллар” дастури учун жамоатчилик мониторинги ва баҳолаш функциясини ишга туширади.

Геопортал грант ва кредитларсиз, Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Delivery Unit лойиҳа офиси томонидан, маҳаллий мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган. Геопортал очиқ технологияларга асосланган бўлиб, ушбу ёндашув маҳаллий шароитга тўлиқ мослашишни, техник мустақилликни ва узоқ муддатда барқарор ривожланишни таъминлайди.

Қуйидаги замонавий технологиялар қўлланиши назарда тутилмоқда:

Географик ахборот тизимлари (ГИС), сунъий интеллект ва масофавий зондлаш технологиялари, фуқаролик иштироки ва очиқ маълумотлар.

Портал Стратегик ислоҳотлар агентлигининг расмий веб-сайтида жойлашган. У ҳамма учун очиқ: фуқаролар, мутахассислар ва давлат органлари.

Геопорталнинг тўлиқ, таҳлилларга бой версияси айни пайтда давлат ташкилотлари учун мавжуд бўлиб, у 70 дан ортиқ инфратузилма кўрсаткичлари бўйича батафсил маълумотларни ўз ичига олади. Улар орасида қуйидагилар алоҳида эътиборга лойиқ: том ёпма ҳолати, электр энергияси узилишлари частотаси, иситиш тизимлари, сейсмик барқарорлик даражаси ва бошқа муҳим параметрлар.

Ҳозирда фуқаролар “Реал ҳолат” Telegram боти орқали ижтимоий инфратузилма объектлари юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имкониятига эга. Яқин келажакда ушбу жараённи янада тартибга солиш ва идентификацияланган фикрларни қабул қилиш мақсадида OneID тизими билан тўлиқ интеграция амалга оширилади.

Мавзуга оид