Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Реал»да янги ҳимоячи, АПЛ клублари ҳужумни кучайтирмоқда. Сўнгги трансфер хабарлари
«Арсенал», «Сити», «МЮ» ва «Ливерпул» янги ҳужумчиларни сафга қўшиб олмоқда, «Барса»га ҳам Англиядан ҳужумчи келмоқда.
Ўтган ҳафта давомида ҳам Европада бир қанча қизиқарли трансферлар амалга оширилди. Мисол учун, «Челси» икки футболчисини сотди, «Реал» тарбияланувчисини қайтарди, «Наполи» биратўла уч, «Атлетико» эса икки нафар янги футболчи билан таркибни кучайтирди. Қуйида сўнгги кунларда Европа футболида рўй берган энг сўнгги янгиликлар ҳақида.
Эълон қилинган трансферлар
Алваро Каррерас: «Бенфика» → «Реал» (50 млн евро)
Ушбу ҳимоячи — «Реал» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2020 йилда у «Манчестер Юнайтед» тизимига бориб қўшилган. Кейин — навбати билан «Престон», «Гранада» ва «Бенфика» каби клубларга ижарага берилган. Ўтган йил ёзида Португалия клуби Каррераснинг трансфер ҳуқуқини 14,3 млн еврога сотиб олганди. Бир йил ўтиб «Бенфика» Алварони «Реал»га 3,5 баравар қимматроққа сотди. Ўтган мавсумда 22 ёшли испаниялик лиссабонликлар клуби сафида барча турнирлар доирасида 52 ўйинда майдонга тушиб, тўрт гол урган, беш голга узатма берган ҳамда 20 марта сариқ карточка олган. «Реал» клуби президенти Флорентино Перес трансфердан кейин Каррерасни Европанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири деб атади.
Нони Мадуэке: «Челси» → «Арсенал» (55,4 млн евро)
Бу ёзда ҳам «Челси» янги футболчилар учун катта маблағ сарфлади — 243 млн евро. Табиийки, баланс учун кимнидир сотиш ҳам керак. Ўнг қанот ҳужумчиси позициясида ўйновчи Мадуэке «Челси»га 2023 йил бошида келиб қўшилганди — лондонликлар клуби уни ПСВ дан 35 млн евро эвазига харид қилганди. Мадуэке бу клуб сафида икки йил ичида 90 ўйинда майдонга тушиб, 20 гол урди ва тўққиз голга узатма берди. Энди у фаолиятини Лондоннинг бошқа клуби — «Арсенал»да давом эттиради. «Канонирлар» 23 ёшли вингер учун 48 млн фунт тўлади, яна 4 млн фунт бонуслар сифатида ваъда қилинган, футболчи билан беш йиллик шартнома имзоланган.
Бу трансфер «Арсенал» тарихидаги энг қимматбаҳо трансферлар рўйхатида еттинчи ўринни эгаллади. Қайд этиш керакки, клуб фанатларининг бир қисми ушбу трансферга норозилик билдиришганди. Махсус петицияни 4 мингдан ортиқ киши имзолаган. Бундан ташқари, мухлислар ижтимоий тармоқларда #NoToMadueke ҳэштеги остида эътирозларини билдиришган. Бунга кўп жиҳатдан клуб таркибда биринчи навбатда марказий ҳужум ва чап қанот ҳужуми кучайтирилиши зарур бўлган ҳолатда ўнг қанотда Сакага ўринбосар бўладиган футболчи учун катта пул тўланганидан норози бўлишган.
Брайан Мбеумо: «Брентфорд» → «МЮ» (75 млн евро)
«Манчестер Юнайтед» Брайан Мбеумо трансферини эълон қилди. «Брентфорд» камерунлик вингер учун 65 фунт олади, яна 6 млн фунт бонуслар сифатида тўлаб берилиши мумкин. Шу тариқа, трансфер нархи 82 миллион еврога етиши мумкин. 25 ёшли футболчи янги клуби билан 2030 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзолаган, келишув яна бир мавсумга узайтирилиши мумкин. «„Манчестер Юнайтед“га қўшилиш имконидан хабар топишим биланоқ, орзумдаги жамоа билан шартнома имзолаш имконидан фойдаландим — бу мен болалигимда футболкасини кийиб юрган жамоадир», — деган трансфердан кейин Мбеумо.
Ўтган мавсумда Мбеумо барча турнирлар доирасида 42 ўйинда майдонга тушиб, 20 гол урган ва тўққиз голга узатма берган. Transfermarkt портали унинг бозор нархини 55 миллион еврога баҳолаган. Унга ёзги трансферлар доирасида «Тоттенҳэм» ва «Арсенал» клубларида ҳам қизиқиш бўлганди.
Июн ойи бошида «Вулверҳэмптон»дан бразилиялик ҳужумчи Матеус Куняни ҳам сотиб олган «Манчестер Юнайтед» ҳужум чизиғини кучайтиришда давом этмоқчи. Инсайдер Фабрицио Романо «қизил иблислар» «Лейпциг» ҳужумчиси Бенямин Шешкога жиддий қизиқаётгани ҳақида хабар тарқатди, немислар клуби ушбу словениялик 22 ёшли футболчи учун 70-80 млн фунт талаб қилади. Шунингдек, BBC Sport хабарига кўра, «Манчестер Юнайтед» «Челси» ҳужумчиси Николас Жексон трансферига ҳам қизиқмоқда. Унинг Transfermarkt бўйича нархи 50 миллион еврога баҳоланган.
Сверре Нюпан: «Русенборг» → «Манчестер Сити» (15 млн евро)
«Норвегия ва «Манчестер Сити» ўртасида аллақачон алоҳида алоқа мавжуд», — деди футболчи трансфердан кейин. «Шаҳарликлар» сафида Эрлинг Ҳоланд ва Оскар Бобб тўп суриб келмоқда. Нюпан эса ҳали 18 ёшда, аммо у «Русенборг» сафида аллақачон 70 дан ортиқ ўйинда майдонга тушиб улгурди. 14 гол ва 11 голли узатма — жуда яхши статистика. Лекин ушбу йигитчага «Сити»нинг асосий таркибига кириш осон бўлмайди. Клуб Нюпанни ижарага юбориши ҳам мумкин. Сверре ҳозирча Норвегия миллий жамоаси сафига жалб этилмаган, аммо ёшлар жамоасида ўйнаб келмоқда.
Муҳаммад Қуддус: «Вест Ҳэм» → «Тоттенҳэм» (63,8 млн евро)
35 ўйин, беш гол, тўрт голли узатма — африкалик футболчининг ўтган мавсумдаги статистикаси у қадар катта таассурот қолдирмайди. Аммо Муҳаммад «Вест Ҳэм» ўйинида муҳим ўрин тутган — у жамоада АПЛдаги ўйин вақти (2604 дақиқа) бўйича тўртинчи футболчи бўлган. Кейинги мавсумда Европа лигаси ғолиби сифатида ЕЧЛда иштирок этадиган «Тоттенҳэм» ушбу футболчи учун пулни аямади. Ганалик футболчи билан 2031 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзоланди. Қуддуснинг «Вест Ҳэм»даги илк мавсуми анча ёрқин кечганди — у барча турнирлар доирасида 14 гол уришга эришганди. Аммо ўтган мавсумда 24 ёшли футболчи мураббийлар штаби билан келиша олмай қолди ва бу унинг натижаларига таъсир кўрсатмай қолмади. Энди у ўз салоҳиятини Лондоннинг бошқа бир клубида намойиш этишга уриниб кўради.
Энтони Эланга: «Ноттингҳэм Форест» → «Нюкасл» (61,4 млн евро)
Ушбу швед футболчиси ўтган мавсумда «Ноттингҳэм Форест» таркибида порлади. Унинг олти голи ва 11 голли узатмаси жамоага еврокубок йўлланмасини қўлга киритишда ёрдам берди. Эланга «ўрмончилар»га келишидан олдин «Манчестер Юнайтед» академиясида тарбияланган. Эланга — Швеция миллий жамоасига номзод футболчи саналади (22 ўйин, тўрт гол). «Нюкасл» устози Эдди Ҳау ушбу трансфер ҳақида шундай гаплар айтди: «Энтони бизнинг муҳим нишонимиз эди, шунинг учун уни мавсумолди йиғинлари бошида қўлга киритганимиздан мамнунман. Эланганинг тезлиги, энергияси, вазиятлар яратишга ва голлар уришга қодирлиги ўйин услубимизга ажойиб тўлдириш бўлади».
Жорже Петрович: «Челси» → «Борнмут» (28,8 млн евро)
Сербиялик дарвозабон икки йил олдин АҚШдан Англияга келганди. Ўтган вақт ичида у «Челси» сафида 31 ўйинда майдонга тушиб, 44 та гол ўтказиб юборди ва етти ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Ўтган мавсумда Петрович Францияда ҳам ўйнаб келди — ижара асосида «Страсбург» дарвозасини қўриқлади. У Лига 1 чемпионатининг энг яхши дарвозабонларидан бири бўлди, кейин эса АПЛга қайтди. «Борнмут» унинг трансфери учун 30 млн евронинг баҳридан ўтди, Жорже янги клуби билан беш йиллик шартнома тузди. «Челси» сўнгги йилларда дарвозабонлардан коллекция қилаётганди, аммо шу ёзнинг ўзида уларнинг тўрт нафаридан қутулди. Петрович «Борнмут»га, Кепа Аррисабалага — «Арсенал»га, Маркус Беттинелли — «Манчестер Сити»га, Лукас Бергстрём — «Малйорка»га йўл олди.
Тияго Алмада: «Ботафого» → «Атлетико» (21 млн евро)
«Атлетико»нинг бу янги футболчиси аввал Испания чемпионатида ўйнамаган. Лекин 24 ёшли Алмаданинг фаолиятида Францияда «Лион» сафида тўп суриш (20 ўйин, икки гол, беш узатма) тажрибаси бор. Ушбу клубда ижарада ўтган мавсум якунида Алмада «Ботафого»га қайтганди, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги иштирокидан кейин эса уни «Атлетико» сотиб олди. Тияго Аргентина миллий жамоаси сафида 10 ўйинда майдонга тушиб, тўртта гол урган. 2022 йилда Алмада жаҳон чемпиони бўлганди, 2024 йилда эса «Ботафого» сафида Бразилия чемпиони ва Либертадорес кубоги соҳибига айланди.
Жонни Кардозо: «Бетис» → «Атлетико» (24 млн евро)
Мадридликлар ундан ташқари, АҚШ миллий жамоаси аъзоси Жонни Кардозони сотиб олди. Ушбу футболчи 2024 йил бошида Бразилия чемпионатидан Испанияга келиб, «Бетис» билан шартнома тузганди. Севиляликлар клубида ўтган бир ярим йил давомида Кардозо 65 ўйинда майдонга тушиб, беш гол урган ва уч голга узатма берган. «Атлетико» Ла лига ўйинларида «Атлетик», «Реал», «Севиля» ва «Жирона» клублари дарвозаларини ишғол этган 23 ёшли футболчи учун «Бетис»га 24 млн евро тўлади.
Сэм Бёкема: «Болоня» → «Наполи» (31 млн евро)
«Наполи» ўтган ҳафтада жиддий фаоллик кўрсатди — жамоага биратўла уч нафар янги футболчи келиб қўшилди. 26 ёшли ҳимоячи Бёкема — улардан энг қиммат нархда олиб келингани. «Болоня» трансфер учун 31 млн еврога эга бўлди, футболчи эса «Наполи» билан беш йиллик шартнома имзолади. Ўтган мавсумда Сэм барча турнирлар доирасида 48 ўйинда майдонга тушиб, икки голли узатма муаллифи бўлган ҳамда тўрт марта сариқ карточка олган. Марказий ҳимоячи Нидерландия миллий жамоасидан чақирув олиш мақсадида номдорроқ клубга ўтишни хоҳлади. «Наполи» эса А Серия (65 ўйин) ва Чемпионлар лигасида ўйнаш тажрибасига (8) эга футболчини қўлга киритди.
Ноа Ланг: ПСВ → «Наполи» (25 млн евро)
«Наполи»га ўтган яна бир нидерландиялик футболчи. Бёкемадан фарқли ўлароқ, Ланг миллий жамоа сафида 14 ўйинда майдонга тушиб, учта гол уришга эришган. «Твенте», «Аякс», «Брюгге», ПСВ — 26 ёшли Ноанинг карьерасидаги клублар. Энди у Европанинг кучлироқ клуби сафида кучини синаб кўришга қарор қилди. Шу билан бирга, Ланг Чемпионлар лигасининг асосий босқичида етарлича ўйин тажрибасига эга — 31 ўйин. Ўтган мавсумда нидерландиялик футболчи барча турнирлар доирасида 44 учрашувда «гол+пас» тизимида 26 (14+12) очко ишлашга эришди. Энди у Италияда ҳам шундай сермаҳсулликни давом эттиришга уриниб кўради.
Лука Модрич: «Реал» → «Милан» (эркин агент)
Бундай футболчини бошқа клуб формасида кўриш мадридлик мухлислар учун жуда оғир. Модрич «Реал»га 2012 йилда келганди, ўтган вақт мобайнида жамоа сафида 597 ўйин ўтказди. Хорватиялик футболчи «Реал» формасида қўлга киритган совринларни бир хонага сиғдириб бўлмайди. У Чемпионлар лигасида олти бор ғолиб чиққан ва «Олтин тўп» соҳиби бўлган. Бу ёзда Лука клублар ўртасидаги мундиалда жамоа сафидаги сўнгги ўйинларини ўтказди ва шартномаси муддати якунига етгани муносабати билан «Реал»ни тарк этди. «Милан» эса фахрий футболчини эркин агент мақомида ўз сафига қўшиб олди. 39 ёшли яримҳимоячи яна камида бир мавсум давомида ҳали яна нималарга қодирлигини намойиш этади.
Жордан Ҳендерсон: «Аякс» → «Брентфорд» (эркин агент)
Яна бир фахрий футболчи эркин агент мақомида ўзига янги клуб топди. Ҳендерсон ўз вақтида «Ливерпул» сардори сифатида Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан ва Англиядаги барча кубокларни қўлга киритганди (АПЛ, Англия Кубоги, Англия лигаси кубоги, Англия Суперкубоги). 2023 йилда Жордан кутилмаганда Стивен Жеррард билан ишлаш учун «Ал-Иттифоқ» клубига йўл олганди, аммо ярим йилда Саудия Арабистони чемпионатидан безиб қолди. Кейинги бир ярим мавсумни у «Аякс» сафида ўтказди (57 ўйин, бир гол, тўққиз ассист). Энди 35 ёшли тажрибали футболчи таркиби сочилиб кетаётган «Брентфорд»га ёрдам беришга ҳаракат қилади — у клуб билан 2027 йил ёзига қадар амал қилувчи шартнома тузган.
Деярли ҳал бўлган трансферлар
Виктор Гёкереш: «Спортинг» → «Арсенал»
HERE WE GO! Виктор Гёкереш — «Арсенал» футболчиси. Футбол оламидаги энг нуфузли ва ишончли икки инсайдер — Дэвид Орнштейн ҳамда Фабрицио Романо буни тасдиқлади. «Арсенал» 27 ёшли швециялик ҳужумчи учун «Спортинг»га 63,5 млн евро тўлайди ва 10 млн евро миқдоридаги бонуслар ваъда қилади. Футболчи билан беш йиллик шартнома имзоланади. Қайд этиш керакки, ушбу трансфер ёзнинг энг узоқ чўзилган сериалларидан бўлди, Лиссабон клуби аввалига футболчи учун унинг шартномасида кўрсатилган бадал пулидан анча кўпроқ пул ишлаб олмоқчи эди, аммо футболчининг қатъияти трансферда муҳим аҳамиятга эга бўлди, у фақат «Арсенал»га ўтишни хоҳлашини маълум қилди ҳамда клубининг мавсумолди йиғинига келишдан бош тортди, якунда ўз мақсадига эришди.
Ушбу ҳужумчи Португалия чемпионатининг ўтган мавсумида 33 ўйинда 39 гол уриб, 7 голга узатма берган, шунингдек, ЕЧЛ доирасида 8 ўйинда 6 гол ва бир ассист муаллифига айланганди. Португалия лигаси кубогида ҳам уч ўйинда тўрт гол уришга эришган.
Маркус Рэшфорд: «МЮ» → «Барселона» (ижара)
«Барселона» «Манчестер Юнайтед»га кераксиз бўлиб қолган Маркус Рэшфордни мавсум охирида сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олмоқда. Футболчи айни вақтда Каталонияда бўлиб турибди ва тиббий кўрикдан ўтишга тайёрланмоқда. Фабрицио Романонинг хабарига кўра, футболчи Испания гранди сафига ўтиш учун Англияда олган маоши миқдори 15 фоизга қисқаришига рози бўлган, ўз навбатида, ижара даврида каталонияликлар футболчининг маошини (14 млн евро) тўлиқ қоплаб беради. «Барса» мавсум якунида унинг трансфер ҳуқуқини 30 млн еврога сотиб олиши мумкин. Шу билан биргаликда, ОАВда айтилишича, Манчестер клуби келишувга агар каталонияликлар футболчини мавсум охирида сотиб олмайдиган бўлса, 5 млн евро жарима ундириш ҳақида банд киритган.
Уго Экитике: «Айнтрахт» → «Ливерпул» (95 млн евро)
Мерсисайдликларни бу трансферлар ойнасида эплаб бўлмаяпти. Флориан Вирц, Милош Керкез ва Жереми Фримпонг аллақачон жамоа машғулотларида иштирок этмоқда, навбатда эса Уго Экитике. Фабрицио Романо француз ҳужумчиси ушбу клубга ўтишга розилигини хабар қилди, у «Ливерпул» билан шахсий шартнома бўйича келишиб қўйган. Sky Sports журналисти Патрик Бергернинг маълумотига кўра, 23 ёшли ҳужумчи йилига 15-16 миллион евро миқдоридаги маошни кўзда тутувчи олти йиллик шартнома имзолайди. Мерсисайдликлар биринчи таклифни рад этган «Айнтрахт»га иккинчи расмий таклифни ҳам юборган. Ушбу харид Англиянинг амалдаги чемпионларига 80 млн фунтга тушиши кутилмоқда.
«Айнтрахт» Экитикени 2024 йил ёзида «ПСЖ»дан сотиб олганди. Унгача футболчи ушбу жамоада ижара асосида тўп сурган. Ўтган мавсумда ҳужумчи барча турнирлар доирасида 48 та ўйинда майдонга тушиб, 22 гол урди ва 12 голга узатма берди.
Луис Диас: «Ливерпул» → «Бавария» (75 млн евро)
Ўз навбатида, «Ливерпул» вингери Луис Диас клубдан кетишга яқин. Николо Скиранинг хабарига кўра, «Бавария» 28 ёшли колумбиялик билан 2030 йилга қадар амал қиладиган шартнома бўйича келишиб олган. Мюнхенликлар футболчи трансфери учун «Ливерпул»га 75 млн евро тўлашга тайёр. Аммо клублар ўртасида ҳозирча бир келишувга келинмаган. Журналист Бен Жейкобс агар мерсисайдликлар Диасни сотадиган бўлса, унинг ўрнига бошқа вингер олиш учун бозорга чиқиши ҳақида ёзган. Асосий вариант — Мадриднинг «Реал» клуби вингери Родриго. Аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо қаймоқранглилар клуби ушбу 24 ёшли футболчиси учун таклифларни кўриб чиқишга тайёрлиги, унинг трансферини 100 миллион еврога баҳолаётганини хабар қилганди.
Аббос Файзуллаев: ЦСКА → «Истанбул Башакшеҳир» (7,5 млн евро)
Ўзбекистонлик яримҳимоячи Аббосбек Файзуллаев Москванинг ЦСКА клубидан Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клубига ўтмоқда. Турклар клуби ушбу 21 ёшли футболчи учун 7,5 миллион евро тўлайди. Бугун Россиядаги манбалар Файзуллаев тиббий кўрикдан ўта олмагани ҳақида ёлғон хабар тарқатди, ҳолбуки футболчининг тиббий кўрикдан ўтиши 23 июлга белгиланганди. Айни вақтда у трансфер жараёнини якунлаш учун Истанбулга учиб келган.
2024/25 йиллар мавсумида ўзбекистонлик футболчи ЦСКА сафида РПЛ доирасида 27 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урди ва тўрт голга узатма берди. У армиячилар клуби билан Россия кубоги ҳамда Россия суперкубогини қўлга киритди. Transfermarkt портали унинг бозордаги нархини 8 миллион еврога баҳолаган.