Жаҳон | 09:36
2071
2 дақиқада ўқилади

Россия музокаралар раунди арафасида Одесса ва Сумига зарба берди

Россия дронларининг зарбалари Одессада бир нечта йирик ёнғинларга сабаб бўлди. Сумида кўп қаватли уйлар зарар кўрди, камида 12 киши жароҳат олди.

Фото: Telegram / truonline

Россия ва Украина ўртасида Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган музокараларнинг учинчи раунди арафасида рус қўшинлари 22 июл, сешанбага ўтар кечаси Украинанинг бир қанча вилоятларига, хусусан, Одесса ва Сумига ҳужум қилди. Маҳаллий вақт билан тахминан 02:00 да Украина ҳаво кучлари Telegramʼда «Одесса яқинидаги Қора денгиздан» ҳужумкор учувчисиз учоқлар гуруҳи учирилгани ҳақида хабар берди.

Тахминан икки соатдан кейин Одесса мэри Геннадий Труханов Telegramʼда шаҳарга учувчисиз учоқлар томонидан ҳужум қилингани ҳақида хабар берди. «Ҳужум натижасида шаҳар мавзеларидан биридаги кўп қаватли уйларнинг ойналари синиб кетган, яқин атрофдаги автотураргоҳда автомобиллар ёниб кетган. Шунингдек, шаҳарнинг яна бир қисмида маъмурий бинода ёнғин содир бўлганлиги қайд этилган», — деб ёзган у шикастланган объектлар суратини жойлаштирган ҳолда. «Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ», — дея қўшимча қилди Труханов.

Сумида маҳаллий вилоят ҳарбий маъмурияти Россия учувчисиз учоқларининг зарбалари натижасида 12 киши жабрланганини маълум қилди. «Бир киши оғир аҳволда. Бу 24 ёшли эркак», — дейилади ОҲМ Telegram хабарида. Унда таъкидланишича, бешта кўп қаватли уй, савдо маркази ва 18 та автомобил зарар кўрган.

Украина президенти Володимир Зеленский 19 июл куни Киев Москвага урушни тугатиш учун келаси ҳафтада навбатдаги музокаралар ўтказишни таклиф қилганини айтди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, таклифни Москвага Украина делегацияси раҳбари, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров етказган. 21 июл оқшомида Зеленский, Умеровнинг сўзларига кўра, учрашув 23 июл, чоршанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилганини айтди. У яна Истанбулда бўлиб ўтади, дея тасдиқлади Украина президенти. Россия томонига кўра, учрашув 24 июл куни ўтказилади.

Мавзуга оид