Ўзбекистон | 16:13 / 23.07.2025
17227
3 дақиқада ўқилади

Ангренда 14 ёшли қизга жинсий зўравонлик бўлгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда педофиллар ночор ҳолатдаги болага турли егуликлар олиб бериш билан алдагани ва қизни қўрқитгани айтилади. Болалар омбудсмани Kun.uz'га берган маълумотга кўра, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари 2,5 ойдан бери давом этяпти.

Ангрен шаҳрида 14 яшар қиз мунтазам равишда жинсий зўравонликка учраб келган. Бу борадаги тергов 2,5 ойдан бери давом этмоқда.

Интернетда тарқалган маълумотга кўра, 2010 йилда туғилган қиз баъзи сабабларга кўра ота-она назоратисиз, бувисининг қарамоғида қолган ва руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммолари бор.

2024 йилда уни 4 нафар эркак мунтазам зўрлаб келгани, улардан бири вояга етмаган ўсмир, қолганлари 23-24 ёшда экани айтилмоқда.

“Педофиллар оч қолган қизга лаваш, сомса ва бошқа егуликлар билан олиб бериб, уни алдаб зўрлаб юрган. Бировга миқ этса, ўлдириб, кўмиб ташлаш билан пўписалар қилиб келишган”, – дейилади тармоқда тарқалган, ҳозирча тасдиқланмаган хабарда.

Норасмий хабарда қиз оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани, Ангрен болалар шифохонасида тегишли амалиётни ўтказиш учун етарли мутахассис бўлмагани сабаб, қизни Тошкентга юбориш зарурлиги билдирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.

Kun.uz боғланган болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, бу ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ 2025 йил 9 май куни жиноят иши қўзғатган, суд-тиббиёт экспертизалари ва бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилган. Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.

“Бола манфаатлари нуқтайи назаридан, бу ҳақда деталлашган маълумот берилиши мақсадга мувофиқ эмас”, деди бола ҳуқуқлари бўйича вакил.

Қайд этилишича, ўсмир қиз 12 июл куни икки томонлама бронхопневмания, оқсил энергетик етишмовчилиги ва анемия ташхиси билан касалхонага ётқизилган ва ҳозирда даволаниш жараёнида.

Болалар омбудсмани жиноят иш юритуви бўйича ўз ваколати доирасида кузатув олиб бормоқда. Унинг процессуал ҳуқуқлари таъминланиши масаласи ҳам кузатувда. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳам болага зарурий ҳимоя чоралари ва ижтимоий кўмак кўрсатмоқда, дейилади расмий хабарда.

Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида 11 ёшли қизни мунтазам зўрлаб келган педофил 17 йилга қамалганди.

Мавзуга оид