Жаҳон | 16:52 / 23.07.2025
2535
7 дақиқада ўқилади

Исроил ЖССТ омборига ҳужум қилди: Ғазода оммавий ўлимлар хавфи кучаймоқда

Исроил ҳарбийлари Ғазо марказига берган зарбалари оқибатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг асосий омбори ва ташкилот ходимларининг яшаш жойлари вайрон бўлди. Исроил Деир ал-Балаҳ бошлаган янги операцияси натижасида секторда деярли хавфсиз жой қолмаган ҳамда инсонпарварлик тизимининг сўнгги таянчлари барбод бўлмоқда. Шунга қарамай, ЖССТ Ғазода қолишини билдирди.

Фото: Hatem Khaled/Reuters

21 июль куни Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги Деир ал-Балаҳ шаҳрида жойлашган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ходимларининг яшаш жойи ва асосий омборига ҳужум қилди. Бу ҳақда ташкилот баёнотига таяниб, The Guardian нашри хабар бермоқда.

ЖССТ баёнотида айтилишича, ташкилот ходимлари яшайдиган бино уч маротаба бомбардимон қилинган, авиазарбалар ёнғин чиқишига ва катта зарар етишига олиб келган. Бу ҳолат ходимлар ва уларнинг оилалари, жумладан болалар ҳаётини жиддий хавф остига қўйган.

«Исроил ҳарбийлари ЖССТ биносига бостириб кирган, аёллар ва болаларни фаол жанглар бўлаётган ҳудуддан пиёда тарзда ал-Маваси томонга кўчишга мажбур қилган. Эркак ходимлар ва уларнинг оила аъзолари қўллари кишанланган, ечинтирилган, жойида сўроқ қилинган ва текширувдан ўтказилган», дейилади ташкилот баёнотида.

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом / Фото: AP

Шунингдек, ЖССТ икки нафар ходими ва уларнинг икки оила аъзосининг ҳибсга олинганини билдирди. Уларнинг уч нафари кейинчалик қўйиб юборилган, бироқ битта ходим ҳали ҳам ҳибсда қолмоқда. Ташкилот бош директори Тедрос Адханом «ЖССТ ходимининг дарҳол озод қилинишини ва барча ходимлар хавфсизлигини таъминлашни» талаб қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазодаги омборхонасининг ҳужумдан аввалги ва кейин бинолари тасвирларини ҳам эълон қилди.

ЖССТ маълум қилишича, эвакуация зонасида жойлашган ташкилотнинг асосий омбори якшанба куни берилган зарбада вайрон бўлган, портлаш ва ёнғин юз берган. Шунга қарамай, ташкилот Деир ал-Балаҳда қолишини ва операцияларини кенгайтиришини билдирди.

Душанба куни Исроил танклари илк бор Деир ал-Балаҳнинг жанубий ва шарқий ҳудудларига кириб борди. Исроил расмийларига кўра, бу ҳудудда гаровга олинганлар бўлиши мумкин. Ҳудудга танклардан берилган зарбалар уйлар ва масжидларга келиб тушган. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига кўра, камида уч нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна бир нечтаси жароҳат олди.

Фото: BBC

Деир ал-Балаҳ шаҳри 21 ойдан буён давом этаётган урушда бошқа ҳудудлардан кўчириб келинган минглаб фаластинликлар билан тўлиб-тошган. Бу шаҳар Ғазодаги асосий инсонпарварлик маркази бўлиб қолаётган эди. Ғазо соғлиқни сақлаш расмийлари яқин кунларда очликдан «оммавий ўлимлар» хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.

ЖССТ Ғазодаги соғлиқни сақлаш тизимини «тиззасига чўккан» ҳолатда деб тасвирламоқда — ёқилғи, дори-дармон танқислиги ва Исроил ҳужумларидан кейинги оммавий жабрланганлар оқими бунга сабаб бўлмоқда.

«Ғазода ҳаёт тобора сиқилмоқда, ҳар бир ўтган кун инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини янада камайтирмоқда. Ўқ отишни тўхтатиш – шунчаки зарур эмас, балки аллақачон кечиккан чора», дейилади баёнотда.

Исроил мудофаа кучлари (IDF) сешанба куни берган баёнотида, ўз ҳарбийлари Деир ал-Балаҳ ҳудудида ўққа тутилгани ва отишма бошланган манзилга қарата жавоб зарбаси берганини маълум қилди.

Фото: Reuters

«IDF фаолияти бошланишидан аввал фуқароларни эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантирган ва минтақада фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан алоқада бўлган», деди IDF ўз баёнотида ЖССТни тилга олмасдан.

Шунингдек, Исроил томони бир нечта шахс «террорчиликда иштирок этганликда гумон қилиниб» қўлга олингани ва кейин қўйиб юборилганини тасдиқлади.

Халқаро ташкилотларнинг норозилиги

БМТ матбуот котиби Стефан Дюжарикнинг айтишича, «БМТ биноларининг жойлашуви барча томонларга олдиндан маълум қилинган бўлишига қарамай, икки меҳмонхона нишонга олинган». У бу жойлар — «эвакуация буйруқларига қарамай, ҳимоя қилиниши шарт» эканини таъкидлади.

БМТ расмийлари Исроил ўз ихтиёрида мавжуд барча воситалар орқали инсонпарвар ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган ёрдамни ўтказиб юбориш ва таъминлаш мажбуриятига эга эканини эслатмоқда. Лекин Исроил бу чақириқларга жавоб бермай келади.

БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) маълум қилишича, Ғазодаги маҳаллий раҳбар Жонатан Уиттал Деир ал-Балаҳда қолишга қарор қилган. Исроил эса уни «тарафкашлик»да айблаб, визасини августдан сўнг янгиламаслигини билдирган.

Жонатан Уиттал / Фото: UN OCHA

«Бу ерда ўлим шароитлари ҳукм сурмоқда. Бу ўлим ва азоб-уқубатларнинг олди олиниши мумкин эди. Агар уларни тўхтатиш мумкин бўлса. Аммо барибир содир бўлаётган бўлса, демак бу атайин амалга оширилмоқда, деганидир», дея пост қолдирган Жонатан Уиттал.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги – UNRWA ҳам Х'да берган баёнотида, Ғазодан, ҳатто ўз ходимларидан ҳам, очликдан огоҳлантирувчи умидсиз хабарлар келаётганини билдирган. У ерда озиқ-овқат нархлари кескин ошиб кетган.

«Бу орада, Ғазо ташқарисида жойлашган омборларда бутун аҳолига уч ойлик озиқ-овқат етарли ҳажмда захира қилиниб турибди. Қамални тугатинг, ёрдамни хавфсиз ва оммавий тарзда киритинг», дейилади UNRWA баёнотида.

Фото: Anadolu

Душанба куни йигирмадан ортиқ ғарбий давлат Ғазодаги урушни дарҳол тўхтатишга чақириб, у ердаги азоб-уқубатлар «мисли кўрилмаган даражага етганини» билдирди.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса бу баёнотни қоралаб, «халқаро босим уларга эмас, айнан ҲАМАСга қаратилиши керак»лигини айтди. АҚШ элчиси Майк Хакаби эса бу қўшма мурожаатни «жирканч» деб атади.

Мавзуга оид