Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ДХХ раиси Афғонистон Разведка хизмати раиси ва ички ишлар вазири билан учрашди
Кобулда бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Афғонистон чегараларида дахлсизликни сақлаш, чегара пунктларида кириш-чиқиш режимини янада такомиллаштириш, наркотик моддалар ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда терроризмга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: ДХХ
22 июл куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида Афғонистон Разведка хизмати раиси Абдул Ҳақ Восиқ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, музокаралар давомида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистонни халқаро муносабатларнинг тўлақонли аъзосига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётгани таъкидланди.
«Президентимизнинг БМТ, ШҲТ ва бошқа нуфузли халқаро анжуманларда афғон масаласи бўйича якдил позициядаги чиқишлари келтириб ўтилди. Мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги, ирригация, энергетика, транспорт, савдо-сотиқ ва бошқа йўналишларда икки томонлама музокаралар фаол тарзда давом этмоқда», дейилади хабарда.
Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистон ва Афғонистон чегараларида дахлсизликни сақлаш, чегара пунктларида кириш-чиқиш режимини янада такомиллаштириш, наркотик моддалар ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда терроризмга қарши курашиш йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов 22 июл куни Афғонистон ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам учрашув ўтказди.
ДХХ хабарига кўра, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан Афғонистонни минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш мақсадида мамлакатда иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга эътибор қаратилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур учрашувлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларни дўстлик ва яқин қўшничилик руҳида ривожлантиришга хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида «Толибон» Миллий мудофаа вазири Мулла Муҳаммад Ёқуб билан учрашув ўтказгани хабар берилганди. Суҳбатда Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги хавфсизлик ҳолати ва иқтисодий тараққиётдан мамнун эканини билдирган.
Афғонистон томонига кўра делегацияда ДХХ раисига унинг ўринбосарлари Фаррух Мухторов, чегара қўшинлари қўмондони Салимжон Ҳасанов ҳамроҳлик қилмоқда.
Мавзуга оид

19:02 / 22.07.2025
Ўзбекистон ДХХ раиси Кобулда «Толибон» мудофаа вазири билан учрашди

09:27 / 22.07.2025
Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган оздирувчи қаҳвалар савдосига чек қўйилди

21:20 / 21.07.2025
ДХХ 22 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйди

21:14 / 12.07.2025