Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Амур областида йўқолган самолёт қолдиқлари топилди
Тоғ ёнбағрига қулаган самолёт ёниб кетган. Бортда 50 га яқин киши бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким омон қолмаган.

Фото: Узоқ Шарқ транспорт прокуратураси
«Ангара» авиакомпаниясининг Ан-24 йўловчи самолёти 24 июл куни Амур областида ҳалокатга учради. Унинг қолдиқлари Тинда шаҳри яқинида топилди, деб хабар берди ТАСС ва РИА Новости агентликлари Амур фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш марказига таяниб. Маълум қилинишича, самолёт қолдиқлари Тиндадан 16 километр узоқликдаги тоғ ёнбағридан топилган, бирламчи текширув ишлари олиб борилмоқда. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, «Росавиациянинг Ми-8 вертолёти самолёт фюзеляжи ёнаётганини аниқлаган». Shot телеграм-канали хабар беришича, қутқарув вертолёти Амур областидаги Ан-24 ҳалокатга учраган ҳудудга қўна олмаган, қутқарувчилар ҳалокат жойига пиёда кетмоқда. Россиядаги телеграм-каналлар ҳалокатга учраган самолёт акс этган видеони тарқатди.
Турли маълумотларга кўра, самолётда 46 нафардан 49 нафаргача одам бор эди – бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлган. Самолёт бортидагиларнинг барчаси ҳалок бўлди, деб хабар берди ТАСС ва РИА Новости оператив хизматларга таяниб. Ан-24 ҳалокатга учраган жой устидан учиб ўтилганида тириклар аниқланмади, деб хабар берди Амур фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш маркази.
Фавқулодда хизматлар аввалроқ бортда 46 киши: 40 нафар йўловчи ва экипажнинг олти нафар аъзоси бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. РИА Новости ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига таяниб, бортда 42 нафар йўловчи бўлганини хабар қилган. Амур области губернатори Василий Орлов эса дастлабки маълумотларга кўра, самолёт бортида 43 нафар йўловчи, жумладан, беш нафар бола ва олти нафар экипаж аъзоси бўлганини айтган. Shot бортда 48 киши бўлганини ёзган: 42 йўловчи ва экипажнинг олти нафар аъзоси.
Самолёт қўнишга киришда ҳалокатга учради. Самолёт Хабаровск-Благовешченск-Тинда йўналиши бўйича учган. Самолёт Тиндага етиб келганида биринчи уринишда қўна олмаган ва иккинчи айланишга кетган, шундан сўнг алоқага чиқишни тўхтатган. Гувоҳлар самолёт Тинда ҳудудида учаётганини видеога олишган. Оператив хизматларнинг ТАСС мухбирига маълум қилишича, ҳалокатга экипажнинг кўриш ёмон бўлган шароитда қўнишга уринишда хатога йўл қўйгани бўйича версия кўриб чиқилмоқда.
Тергов қўмитаси ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатди. Тергов Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми (уч кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳаво кемаси ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича олиб борилмоқда.
Мавзуга оид

11:07 / 24.07.2025
Амур областида йўловчи самолёт йўқолиб қолди

19:30 / 13.07.2025
Air India Boeing 787 ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди

17:55 / 30.06.2025
Ҳиндистондаги Boeing Dreamliner ҳалокатига саботаж сабаб бўлиши мумкин

17:11 / 22.06.2025