Спорт | 17:45 / 24.07.2025
8168
12 дақиқада ўқилади

Эрдўған билан алоқалар ва City Football Group билан ҳамкорлик. Шомуродов ва Файзуллаевнинг янги жамоаси ҳақида нималар маълум?

Нисбатан янги ҳисобланган «Истанбул Башакшеҳир» клуби сўнгги вақтларда Туркия футболи грандларига жиддий рақобат кўрсатиб келмоқда. Бу клуб Аббосбек Файзуллаев учун Европанинг кучли чемпионатларига ўтишда трамплин вазифасини ўташи мумкин.

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов янги мавсумни Туркия чемпионатида ижара асосида ўтказади. «Рома» уни «Истанбул Башакшеҳир» клубига ижарага берди. Шунингдек, шу пайтгача Россиянинг ЦСКА клубида тўп суриб келган Аббос Файзуллаев ҳам айнан шу клубга ўтмоқда. Европанинг бир клубида ўзбекистонлик икки футболчи жамоадош бўлиши ноёб ҳолат, шу сабабли қуйида ушбу клуб ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилади. Зеро, ўзбекистонлик мухлислар учун Туркия клублари таниш бўлса-да, «Истанбул Башакшеҳир» ҳақида бошқа грантлар билан солиштирилганда маълумот камроқ.

Тарихи, ташкил этилиши

Клуб нисбатан анча ёш, 1990 йилда Истанбулнинг Буюкшеҳир туманида ташкил этилган. Айтиш керакки, клуб тузилмаси кўпроқ собиқ иттифоқ жамоалари тизимини эслатиб юборарди. Яъни клуб мутлақо давлатники бўлиб, футболчилар ҳокимиятнинг турли тузилмаларига ишга жойлаштирилар ва ўша ердан уларга маош тўланарди. Жамоа асосан қуйи лигаларда иштирок этган, футбол мухлисларининг аксариятида бундай жамоа мавжудлигидан ҳам хабари йўқ, ўйинларга ҳам асосан давлат хизматчилари томошабин сифатида жалб қилинарди.

2007 йилга келиб жамоа биринчи лигада 2-ўринни қўлга киритади ва Суперлигага йўлланма олади. Суперлигадаги дастлабки олти йиллик даврда асосан пастки ўринларда юрди ва энг эсда қоларли воқеа сифатида 2010/11 йиллар мавсумида жамоа мамлакат кубоги финалига чиққанини айтиш мумкин. Ўшанда финалда «Бешиктош»га муносиб қаршилик кўрсатилган ва фақат пеналтилар сериясидагина имконият бой берилганди. 2012/13 йиллар мавсумида жамоа Суперлигани тарк этади, аммо кейинги йил биринчи лигада ғолиби сифатида яна элитага қайтади.

Иккинчи давр. Ислоҳот. Эрдўған билан алоқалар

2014 йилда Туркия ҳукумати футбол клубларини хусусийлаштиришга эътибор қарата бошлади ва «Истанбул ББ» (Буюкшеҳир Беледиеси) ҳам биринчилардан бўлиб ҳокимиятдан узилиб, «Истанбул Башақшеҳир» номи остида қатнаша бошлади. Клуби логотипи ҳам ўзгарди, янги ҳомийлар пайдо бўлди.

Айтиш керакки, турк футболи «янги жамоани» унчалик илиқ кутиб олмади. Сабаби, гўёки клуб барибир ҳукумат лойиҳасидек тасаввур уйғотар, бундай ўйлаш учун асослар ҳам етарлича эди.

Биринчидан, ўша 1990 йилда клуб пайдо бўлганида шаҳар мэри Ражаб Тоййиб Эрдўған эди. Бу ҳам гўёки мамлакат раҳбарини клуб асосчиларидан бири сифатида намоён қилади. Кейинчалик клубга Эрдўғаннинг қариндоши бўлган шахс раҳбарлик қилиши, бириктирилган ҳомийлар ҳам асосан ҳукуматдаги партия аъзолари экани, 2014 йилда янги стадион очилишида бевосита Эрдўған ҳам меҳмон бўлиб, 12-рақамда майдонга тушгани ва шу рақам бутунлайга унга банд қилингани ҳам бу фикрни дастаклардир. Ҳатто футбол жамоатчилигида клубни «Эрдўған ФК» деб аташ урф бўлади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш керак. Маълумки, турк футболи учта гигант – «Галатасарой», «Фенербаҳче» ва «Бешиктош» устида «ўтиради» ва мухлислар ҳам учга бўлинган, асосийси, матбуот ҳам асосан мана шу клублар манфаатлари юзасидан фаолият кўрсатади. Ҳукумат қўллови остида яна бир клуб пайдо бўлишидан асосан мана шу клублар хавф кўрган бўлиши мумкин, яъни келажакда «чексиз молиявий ресурслар»га эга бўлган тўртинчи гранд пайдо бўлиши албатта уларнинг манфаатларига зид. Аммо ҳикоянинг давоми бошқача кечди – айнан мана шундай салбий муносабатлар туфайлими ё ростан ҳам бошидан унақа режа бўлмаганми, «Истанбул Башакшеҳир» бошида ҳам, кейинчалик ҳам гигант клубларнинг бюджетидан анча паст шароитларда яшамоқда.

Трансферлар

Турк футболини четдан кузатган футбол мухлислари учун бундай туюлмаган бўлиши мумкин, зеро сўнгги ўн йилликда клуб сафида жуда кўп футбол юлдузлари ўйнашга улгурган. Аммо шуни таъкидлаш керакки, аслида трансферлар учун жуда кам пул сарфланган ва келишувлар асосан эркин агентлар, нафақа ёшидаги футболчилар билан амалга оширилган. Мисол учун, агар Аббос Файзуллаев трансфери расман тасдиқланса, ЦСКА учун тўланадиган 7,5 млн евро клуб учун рекорд бўлади.

Эмре Березўғли, Гаэл Клиши, Мартин Шкртел, Демба Ба, Рафаэл, Месут Ўзил каби футболчилар текинга олиб келинган бўлса, Аднан Янузай, Бертран Траоре, Арда Туран кабилар ижара асосида тўп сурган. Клуб Элиа учун 1,1 миллион, Пёнтек ва Робинио учун 2 миллион евро тўлаган. Шу пайтгача клуб рекорди Ченгиз Ўндер ҳисобланади – клуб ўз вақтида 18 ёшли Ўндер учун биринчи лига клубига 4,8 миллион евро тўлаб берганди. Ҳатто Элдор Шомуродовнинг бир йиллик ижара тўлови (3 млн евро) ҳам клуб трансфер харажатлари ичида учинчи ўринда туради.

Чемпионлик, Европага чиқиш ва клуб сиёсати

Анча катта пиар билан бошланган бўлса-да, «Истанбул Башакшеҳир»нинг сиёсати бошқа етакчи клублардан фарқ қилади. Клубнинг асосий йўналиши Туркия учун ноанъанавий бўлиб, асосан маълумотлар ва технологиялар билан ишлаш, инсон омилини минималгача олиб бориш орқали натижаларга эришишдир. Клуб Туркияда биринчи бўлиб VAR, GPS, Data Scouting технологияларини олиб кирган. AI Scout тизими ёрдамида клуб ёш футболчиларни 1000 дан ортиқ техник мезон бўйича баҳолайди. Бу ҳам Туркиядаги ягона моделдир.

«Истанбул Башакшеҳир» аввалига икки мавсумда чемпионлик учун курашиб 2-ўрин билан кифоялангач, ниҳоят 2019/20 йиллар мавсумида мамлакат чемпионига айланади. Туркияда буюк учликдан ташқари фақат уч жамоа ўз тарихида чемпионликка эришган – «Трабзонспор», «Бурсаспор» ва «Истанбул Башакшеҳир». «Бурсаспор»нинг 2010 йилги ғалабасидан ўн йил ўтиб яна ғолиблик асосий учликдан ташқаридаги жамоага насиб этганди.

Кейинги йил жамоа Европада ҳам ўзини кўрсатишга муваффақ бўлади. «Истанбул Башакшеҳир» ЕЧЛда «ПСЖ», «МЮ» ва «Лейпциг»дан иборат ўлим гуруҳига тушиб қолади ва айтиш мумкинки, ким гуруҳдан чиқишини айнан турклар жамоаси ҳал қилади. Уч пешқадам ўзаро ўйинларда ғалаба қозонган, очколар сони тенг бўлиб қолган ва айнан туркларга қарши ўйинлар натижалари ўринларни тақсимлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Ўшанда Истанбулдаги ўйинда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган «Манчестер Юнайтед» 3-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлганди. Ушбу ғалаба истанбулликлар клубининг яқин тарихдаги катта воқеалардан бири сифатида қайд этилади.

Клубнинг трансфер сиёсати, City Football Group билан ҳамкорлик

Бу ҳам ўзбекистонлик футболчилар учун муҳим нуқта бўлиши керак. Элдор тушунарли, у «Рома» аъзоси ҳисобланади ва муваффақиятли ўйинлар орқали эътиборда бўлиб туриши шубҳасиз. Шунингдек, унинг 30 ёшда эканини ҳам унутмаслик керак. Аббос Файзуллаев учун эса бу трансфер бироз бошқача мазмун касб этади, зеро ёш футболчи «Истанбул Башакшеҳир»га Европанинг кучли бешлик чемпионатлари учун трамплин сифатида қараши керак. Шу ўринда савол туғилади: клуб бу борада қандай иш юритади? Ёш футболчилар билан ишлаб, кейинчалик каттароқ суммага сотиш йўналиши қанақа ишлайди?

Клубнинг 2016-20 йиллардаги муваффақиятлари, сўнгги тўрт йилда эса бешинчи ўриндан пастга тушмагани табиийки, Туркия пешқадамлари ва Европанинг кўз остида бўлишни таъминлаб беради. Жамоа нисбатан муваффақиятли ва бюджети кичикроқ бўлгани, яъни футболчиларни арзонроқ суммага сотиб олиш имкони борлиги ҳам рол ўйнаши табиий. Фактларга мурожаат қилинса, юқорида тилга олинган Ченгиз Ўндерни ҳозир кўпчилик танийди ва уни айнан «Истанбул Башакшеҳир» кашф қилган. Қуйи лигадан 4,8 миллион еврога сотиб олинган футболчи кейинчалик «Рома»га 14,2 миллион еврога трансфер қилинганди. Кучли бешлик чемпионатининг яна бир вакили «Ницца» эса Юсуф Ндаишимие учун 11,5 миллион евро тўлаган. Бу футболчи ўз вақтида «Малатияспор»дан 2,15 миллион еврога харид қилинганди.

Яна бир яхши хабар – 2024 йил февралида клуб City Football Group глобал ҳолдинги ҳамкорига айланди. Ушбу тизим БАА шайхи Мансур томонидан бошқарилиши ва таркибига бир қатор клублар кириши маълум. «Манчестер Сити», «Жирона», «Труа» каби Европа клублари ҳам шулар сирасида. Демак, «Башакшеҳир»нинг ташқи бозор билан алоқалари янада такомиллашади ва бу Файзуллаев учун ҳам айни муддаодир.

Янги мавсум

Янги мавсумда ҳар икки ҳамюртимиз катта эҳтимол билан асосий таркиб футболчиси сифатида ўйнайди. Клуб захира вариантлар учун ўз трансфер рекордларини янгиламагани тайин.

Жамоада асосий ҳужумчи сифатида сўнгги икки мавсумда Кшиштоф Пёнтек ҳаракат қилиб келди ва Шомуродов айнан ушбу футболчининг ўрини босиши керак. Сабаби, полшалик тўпурар футболчи Қатарнинг «Ал Дуҳайл» клубига 10 миллион еврога пулланди. Пёнтек сўнгги мавсумда жамоа сафида барча турнирлар доирасида 31 гол ва 4 ассистни амалга оширганди. Умид қиламизки, Элдор ҳам ишончни оқлайди ва камида шу натижани қайд этади. Клуб ёзги трансферлар доирасида «Қосимпошо»дан 34 ёшли ҳужумчи Нуну да Коштани ҳам 800 минг евро эвазига сотиб олди. Кабо-Вердедан бўлган футболчи собиқ жамоаси сафида ўтган мавсумда 13+2 кўрсаткични қайд этганди.

Аббос Файзуллаев эса кимнингдир ўрнини тўлдиришга эмас, аниқ бир мўлжал асосида харид қилинди, яъни у дастлаб клуб яримҳимоя чизиғини бир поғона юқорига олиб чиқиши, кейинчалик, ўзини Европага кўрсата олиши кутилади. Юқорида айтилганидек, клубда таҳлил ва маълумотлар билан ишлаш бўлими жуда яхши йўлга қўйилган. Шубҳасиз, Аббоснинг Ўзбекистон турли ёшдаги жамоаларидаги ўйинларидан тортиб, Россиядаги фаолияти чуқур ўрганилган. Табиийки, у турклар томонидан бўлажак юлдуз сифатида баҳоланяпти. Шу пайтгача ҳеч қайси футболчи учун 5 миллион евро ҳам сарфламаган клуб бекорга 7,5 миллион евродан воз кечмайди.

Туркия чемпионати 8 август куни бошланади ва дастлабки турни «Истанбул Башакшеҳир» сафарда «Карагюмрюк» клубига қарши ўтказади. Илк топ рақибга қарши ўйин эса 14 сентябрга белгиланган – шу куни жамоа «Бешиктош» меҳмони бўлади.

Бугун эса «Истанбул Башакшеҳир» ўзининг еврокубоклардаги юришини бошлайди. Жамоа Болгарияда Конферециялар кубоги саралаши доирасида «Черно Море Верна» меҳмони бўлади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади ва «Зўр ТВ» телеканали бу учрашувни трансляция қилишини маълум қилган. Жавоб ўйини эса якшанба кунига белгиланган.

Википедия маълумотлари:

Клуб номи: «Истанбул Башакшеҳир» ФК

Ташкил топган: 1990 йил

Стадион: «Башакшеҳир Фотиҳ Терим». 17 минг томошабин.

Клуб президенти: Гёксел Гумушдағ

Бош мураббий: Чағдаш Атан

Жамоа сардори: Маҳмуд Текдемир

УЕФА рейтинги: 57-ўрин

Туркия чемпиони: 2019/20

Вице чемпион: 2016/17, 2018/19

Туркия кубоги финалчиси: 2011, 2017, 2023

Мавзуга оид