Ўзбекистон | 07:30 / 24.07.2025
715
3 дақиқада ўқилади

Фуқаро авиацияси ходимларига тиббий хулоса бериш қоидалари ишлаб чиқилди

Ўзбекистон фуқаро авиацияси ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий хулоса бериш тартиби тўғрисидаги авиация қоидалари эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Тиббий кўрикдан ўтказиш ва тиббий хулоса олиш учун номзодларнинг соғлиги жиҳатидан яроқлилигини аниқлашга доир мазкур талаблар парвозлар хавфсизлигини тиббий жиҳатдан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Тиббий хулоса олишга номзодларнинг соғлиги жиҳатдан яроқлилигига қўйиладиган талаблар ва уларга тиббий хулоса бериш уларнинг тоифаларига кўра 1, 2 ва 3-класслар бўйича белгиланади.

Тиббий хулоса олишга номзодларнинг ўқиш, ўқишни давом эттириш, учиш, парвоз қилишга ҳамда ҲҲБ диспетчери, кабина экипажи аъзоси ва бортоператор касбида ишлашга яроқлилигини аниқлаш мақсадида уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати, кўриш, эшитиш, ранг ажратиш қобилияти тиббий кўрикдан ҳар бир класс бўйича белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Тиббий хулоса олишга номзоднинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги тиббий хулосалар ваколатли органнинг тиббий эксперти ёки ТУК томонидан берилади.

Тиббий экспертлар ва ТУК аъзолари гувоҳнома ва малака белгиси эгаларининг касбий вазифаларини бажариш билан боғлиқ шарт-шароитлар ҳақида билим ҳамда амалий тажрибага эга бўлиши керак.

Фуқаро авиациясида тиббий хулоса олишга номзодлар ўз хоҳишига кўра тиббий кўрикдан ваколатли орган тиббий экспертларида ёки ТУК аъзоларида ўтиши мумкин.

Ваколатли орган тиббий экспертлари ҳамда ТУК аъзолари тиббий кўрикдан ўтувчиларнинг турли тоифалари соғлигига қўйилган талабларга мувофиқ уларни тиббий кўрикдан ўтказади ва тегишли класс тиббий хулосаларини қуйидаги тартибда беради:

  • биринчи класс тиббий хулосаси – тижорат авиацияси (самолёт, вертолёт, дирижабл, кўтариш кучини ошириш тизимига эга ҳаво кемаси) учувчиси, кўп аъзоли экипаж (самолёт) учувчиси, авиакомпаниянинг (самолёт, вертолёт, кўтариш кучини ошириш тизимига эга ҳаво кемаси) йўналишдаги учувчиси, синовчи-учувчи, фуқаро авиацияси ўқув юртларида мазкур мутахассисликларга ўқишга қабул қилинаётган номзодлар ва ўқиётган учувчи-курсантларга;
  • иккинчи класс тиббий хулосаси – штурман, бортмуҳандис, ҳаваскор (самолёт, дирижабл, вертолёт, кўтариш кучини ошириш тизимига эга ҳаво кемаси) учувчи, учувчи-планерист, эркин аэростат учувчиси, кабина экипажи аъзоси (кабина экипажи), бортоператор, фуқаро авиацияси ўқув юртларида мазкур мутахассисликларга ўқишга қабул қилинаётган номзодлар ҳамда ўқиётган курсантлар ва кабина экипажи аъзоларига;
  • учинчи класс тиббий хулосаси – ҲҲБ диспетчери, фуқаро авиацияси ўқув юртларининг ҲҲБ диспетчерлигига ўқишга қабул қилинаётган номзодлари ва ҲҲБ диспетчер-курсантларига.

Фуқаро авиацияси учувчисиз учадиган аппаратининг оператори (ташқи учувчи) фуқаро авиациясида касб фаолияти билан боғлиқ кадрларини тайёрловчи ўқув юртлар  «Ўзавиация» агентлиги  томонидан сертификатланган  ташкилотларида амалга оширилади.

Мавзуга оид