Жаҳон | 13:30 / 24.07.2025
3419
10 дақиқада ўқилади

Илк гипертовушли ракетасини тақдим қилган Туркия, иқлим ўзгаришига баҳо берган БМТ суди ва Россия-Украина музокаралари – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроилнинг Ғазога зарбалари оқибатида сўнгги суткада 113 киши ҳалок бўлди

Ғазонинг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичида Ғазо касалхоналарига 113 нафар ҳалок бўлган ва 534 нафар яраланган фуқаро олиб келинган. 2023 йил октябрдан бери давом этаётган Исроил ҳужумлари бошланганидан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 59 219 нафарга, яраланганлар эса 143 045 нафарга етган.

Жорий йил май ойидан буён АҚШ ва Исроил кўмагида ташкил этилган «Ғазога гуманитар ёрдам» жамғармаси орқали ёрдам тарқатилаётган ҳудудларда фаластинликларга қарши тизимли ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони эса минг кишидан ошиб кетган. Шунингдек, Ғазода минглаб жасадлар ҳануз вайроналар остида қолаётгани ҳақида хабарлар берилмоқда.

Исроил мудофаа кучларининг баёнотига кўра, ўтган 24 соат ичида Ғазо секторининг турли ҳудудларига 120 та ҳаво зарбаси берилган. Ҳарбий бўлинмалар Ғазо ҳудудларида ерусти ҳарбий амалиётларини давом эттираётгани таъкидланган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Бош котибнинг ёрдамчиси Халил Хиярининг таъкидлашича, Исроил эвакуация буйруқларини чиқаришда давом этмоқда, бу эса аҳолининг доимий равишда уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлишига олиб келмоқда.

Унинг сўзларига кўра, дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, Ғазодаги гуманитар вазият кескин ёмонлашишда давом этмоқда. Исроил ҳарбий операциялари доирасида Дейр ал-Балаҳда БМТга тегишли икки объект нишонга олинган, бу эса ёрдам етказиб беришни янада қийинлаштирган ва фаластинликларнинг янги оммавий кўчишига сабаб бўлган.

130 кунлик тўлиқ блокададан сўнг, 9 июлдан бошлаб Исроил ҳукумати «Керем Абу Салим» назорат-ўтказув пунктидан чекланган миқдорда ёқилғи ташувчи автомобилларни ўтказишга рухсат берган. Аммо бу ҳажм Ғазодаги муҳим хизматларнинг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган ёқилғининг фақат озгина қисмини ташкил этади.

Россия ва Украина музокаралари

23 июль куни Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди якунланди. Музокараларда томонлардан Россия делегациясига Владимир Мединский ва Украина делегациясига Рустем Умеров бошчилик қилди.

Учрашув бир соатдан кам давом этди. Томонлар янги асирлар алмашинуви ва Путин билан Зеленский учрашувини муҳокама қилди. Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров томонининг таклифи билан президентлар Владимир Зеленский ва Владимир Путин ўртасидаги учрашув август ойи охиригача бўлиб ўтиши мумкинлиги айтилди. У, шунингдек, Киев ҳозирданоқ ўқ отишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди ва Москва томонини конструктив позиция намойиш этишга чақирди.

Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединскийга кўра, ҳозирда Россия ва Украина 250 нафардан ҳарбий асирларни ўзаро алмаштиришни якунламоқда. У, шунингдек, Россиянинг Украина ҳарбийларини ва бошқа тоифадаги шахсларни Курск вилояти фуқароларига алмаштиришга тайёрлигини айтди.

Музокаралар давомида Россия Украина томонига яна 3000 нафар украин ҳарбий хизматчиларининг жасадини топширишни таклиф қилган. Мединскийга кўра, Киев Москвадан келган таклифни – ҳарбий, сиёсий ва гуманитар йўналишлар бўйича учта онлайн ишловчи музокара гуруҳини тузиш масаласини кўриб чиқишга ваъда берган.

Расмий Москва Киевга фронт чизиғида ярадор ва ҳалок бўлганларни олиб чиқиш учун қисқа муддатли сулҳ имкониятини ҳам таклиф қилган.

Мединский, томонлар ўртасидаги меморандумлар бўйича позициялар ҳануз бир-биридан анча йироқлигини билдирди. Унга кўра, президентлар учрашуви олдидан ҳар томонлама мувофиқлаштирилган тинчлик битими муҳокама қилиниши лозим.

Исроил парламенти Ўрдун дарёси ғарбий соҳилини аннексия қилишни маъқуллади

Исроил парламенти — Кнессет ўз давлатининг суверенитетининг Яҳудия, Самария ва Ўрдун дарёси водийсига тарқалиши тўғрисидаги декларацияни маъқуллади.

Маҳаллий ОАВларга кўра, ҳужжат матнида Ўрдуннинг ғарбий соҳилидаги бу ҳудудлар «яҳудий халқининг тарихий ватанининг ажралмас қисми» ҳисобланиши ёзилган. Ушбу ерларда Исроил суверенитетининг ўрнатилиши мамлакатга «ўз ватанида яҳудийларнинг ўрнашишини мустаҳкамлаш ва ўз фуқароларини ҳимоя қилиш»га ёрдам бериши айтилмоқда.

Айни вақтда Шарқий Қуддусдан ташқари Ўрдуннинг ғарбий соҳили ҳудуди, ҳуқуқий нуқтайи назардан «вақтинчалик ҳарбий оккупация» остида. Исроил ҳеч қачон Ўрдуннинг ғарбий соҳили том маънода аннексия этилганини эълон қилмаган. Бироқ, мамлакат 1967 йилда «Олти кунлик» урушда ғалаба қозонганидан бери минтақага яҳудийларни кўчириб келтирмоқда.

Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан тан олинган Фаластиннинг икки қисмидан биридир. 1995 йилдан бери ҳудуд Фаластин миллий маъмурияти томонидан назорат қилинади.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Исроил парламентининг қарорини ҳақиқий эмас деб, атади.

«Исроил парламентида овоз берилган ва Исроил томонидан Ғарбий Соҳилнинг аннексия қилинишини кўзда тутувчи қарор халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ҳақиқий эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас», — дейилади Туркия ТИВ баёнотида.

«Зўравонлик сиёсати ва ноқонуний йўллар билан ҳокимиятда қолишга уринаётган Нетаняҳу ҳукуматининг ҳаракатлари ҳар куни янги инқирозларга сабаб бўлмоқда ҳамда халқаро тартиб ва минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид туғдирмоқда», — дейилади ТИВ баёнотининг кейинги қисмида.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамжамиятни «геноцидчи Исроилнинг тажовузига қарши зудлик билан қарши ва мажбурий чораларни кўришга» чақирди.

БМТ суди иқлим ўзгаришини жиддий таҳдид деб тан олди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро суди иқлим ўзгаришини кечиктириб бўлмайдиган ва ўта жиддий таҳдид деб топди, шунингдек, «тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитни» инсон ҳуқуқларидан бири деб тан олди.

Халқаро суд раиси Южи Ивасова мамлакатлар иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди, чунки иссиқхона газлари чиқиндилари, шубҳасиз, инсон фаолияти оқибатида юзага келади ва уларнинг таъсири давлат чегаралари билан чекланмайди.

БМТ суди қарори мамлакатларни иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича қандайдир ҳаракатларга мажбурлай олмаса-да, бу соҳадаги кейинги сиёсатга таъсир кўрсатиши мумкин.

2023 йилда БМТ Халқаро суддан ушбу ишни кўриб чиқишни талаб этувчи резолюцияни қабул қилганди. 2024 йил декабрь ойида ушбу иш бўйича эшитувлар бўлиб ўтди, судда жами 100 дан ортиқ давлат ва 12 та халқаро ташкилот вакилларининг кўрсатмалари тингланди.

Июль ойи бошида Америка давлатлари ташкилоти тизимидаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро суд ҳам одамлар барқарор иқлимга эга бўлиш ҳуқуқига эга ва давлатлар уни сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилишга мажбур, деган қарорга келди.

Туркиянинг биринчи гипертовушли ракетаси тақдим этилди

Туркия сешанба куни Истанбулда бўлиб ўтаётган IDEF-2025 халқаро мудофаа кўргазмасида ўзининг биринчи гипертовушли ракетаси — Tayfun Block-4ни намойиш этди. Уни Туркиянинг етакчи мудофаа компанияси Рокетсан ишлаб чиққан.

Tayfun Block-4 — Туркияда миллий ишлаб чиқарилган энг узоқ масофага учувчи баллистик ракетанинг гипертовушли версияси ҳисобланади.

«Оғирлиги 7 тоннадан ортиқ бўлган ушбу янги ракета кўп функцияли жанговар каллакка эга бўлиб, узоқ масофадан ҳаво ҳужумига қарши тизимлар, қўмондонлик марказлари, ҳарбий ангарлар ва бошқа стратегик объектларни нишонга олишга қодир бўлади», дейилган компания баёнотида.

Турли маълумотларга кўра,Tayfun Block-4 етиб бориш масофаси 800–1000 кмдан ортади, бу эса уни Яқин Шарқ, шимолий Африка ва Европа ҳудудларига етиб бора оладиган кучли воситага айлантиради. Ракетанинг гипертовушли тезлиги ва парвоз траекторияси уни аниқлаш ва уриб туширишни қийинлаштиради.

Шу билан бирга, Рокетсан компанияси: сувости кемаларидан учириладиган анти-кема ракета, ҳаво-ҳаво ракеталари, дронларга қарши воситалар, сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқувчи қурилмалар каби олти янги тизимни илк бор жамоатчиликка тақдим қилди.

Украинада намойишлар

22 июль куни Украинанинг Киев, Лвив ва Одессада минглаб одамлар Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура мустақиллигини чекловчи қонун лойиҳасига қарши норозилик намойишига чиқди.

Қонун бу идораларни бош прокурор тасарруфига ўтказишни кўзда тутади. Украина Олий Радаси бу қонунни 263 овоз билан қабул қилди, улардан 185 нафари Зеленский партиясидан. Намойишчилар президентни қонунга вето қўйишга чақирди.

Европа Иттифоқи ва G7 давлатлари элчилари қонун бўйича хавотир билдирди. Шунга қарамай, Зеленский қонунни имзолади ва бу Россия таъсирини йўқ қилишга қаратилганини айтди. Эртаси куни у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларини йиғди, бироқ норозилик ҳақида очиқчасига фикр билдирмади. Бу уруш бошланганидан бери Украинадаги илк йирик ҳукуматга қарши намойиш сифатида баҳоланмоқда.

Мавзуга оид