Ўзбекистон | 10:20 / 24.07.2025
1578
2 дақиқада ўқилади

Олти ойда 5,6 трлн сўмлик самарасиз бюджет харажатлари қисқартирилди

Бу йил 6 ойда ўтказилган аудит тадбирлари натижасида 5 триллион 600 миллиард сўм самарасиз бюджет харажатлари қисқартирилган, бюджетга 5 триллион сўм қўшимча тушум имконияти аниқланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июл куни Ҳисоб палатасининг фаолияти ҳамда ижро тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

Ўзбекистон президентининг 2024 йил 10 июлдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ҳисоб палатасининг иш услуби ўзгарди, унинг ваколатлари кенгайтирилди. Эскича текширувлардан воз кечилиб, молиявий, мувофиқлик, самарадорлик ва стратегик аудит тизими жорий қилинди.

Эндиликда бу палата фақат назорат қилувчи эмас, балки бюджет интизомига кўмаклашувчи ҳамкор идорадир. Шу боис асосий эътибор молиявий интизом бузилишининг олдини олиш, бунинг омилларини таҳлил қилишга қаратилмоқда.

Масалан, бу йил 6 ойда ўтказилган аудит тадбирлари натижасида 5 триллион 600 миллиард сўм самарасиз бюджет харажатлари қисқартирилган, бюджетга 5 триллион сўм қўшимча тушум имконияти аниқланган.

Мамлакат иқтисодиёти изчил ўсиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, молиявий назорат кўлами ва иш ҳажмини ҳам оширади. Буни қамраб олишнинг самарали йўли – рақамлаштириш. Шу мақсадда “Масофавий аудит” ахборот тизими ишга туширилган. Ҳозиргача у орқали 4 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилган.

Мавзуга оид