Ўзбекистон | 12:58
11893
2 дақиқада ўқилади

"Тошшаҳартрансхизмат"нинг 7,5 йилга қамалган собиқ раҳбари ярим йил ўтиб озодликка чиқди

«Тошшаҳартрансхизмат» собиқ раҳбари Анвар Жўраев ва унинг ўринбосари Абдужамил Азизов давлат мулкини талон-торож қилишда айбдор деб топилиб, 7,5 йилдан озодликдан маҳрум қилинганди. Апелляция инстанцияси суди жазони ўзгартирди.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ собиқ бошқарув раиси Анвар Жўраев ва яна 19 кишига оид жиноят иши апелляция инстанцияси судида кўриб чиқилди. Суд ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгартирилди.

Анвар Жўраевга 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Унга яшаш жойини ҳукмнинг ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик, Ўзбекистондан ташқарига чиқмаслик, оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик каби тақиқлар юклатилди. Анвар Жўраевга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод қилинди.

Анвар Жўраевнинг ўринбосари лавозимида ишлаган Абдужамил Азизовга ҳам 3 йил муддатга “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилди. У ҳам суд залидан қамоқдан озод этилган.

Шунингдек, суд ажрими билан жиноят иши доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бошқа судланувчиларга ҳам озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.

2024 йил феврал ойида Kun.uz манбаси Анвар Жўраев Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбарлигидан кетгани, у ҳибсга олинган бўлиши ҳам мумкинлигини хабар қилганди. Кўп ўтмай унинг қамоққа олингани тасдиқланган.

ЖИБ Олмазор туман судининг 2025 йил 3 февралдаги ҳукми билан Анвар Жўраев ва унинг ўринбосари Абдужамил Азизов қатор жиноятларда айбли деб топилиб, 7,5 йилдан озодликдан маҳрум қилинганди. Анвар Жўраев судда берган кўрсатмасида унга қўйилган айбловларга умуман иқрор бўлмаган, талон-торож қилинган эҳтиёт қисмлари ҳолатларидан терговда хабар топганини айтиб ўтган.

Мавзуга оид