Ўзбекистон | 18:57 / 29.07.2025
2493
7 дақиқада ўқилади

“Бир ойда икки марта келиши керак, икки ойда бир марта келяпти” – жойларда чиқинди ташиш қандай ишламоқда?

Kun.uz суҳбатида бўлган Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида яшовчиларга кўра, вақтида кўрсатилмаган хизмат сабаб одамларнинг ҳовлиларида 10-15 қоплаб ҳам чиқиндилар йиғилиб кетади. Юртдошларимиз шундай бўлса-да, тўловларни вақтида ундириб олишларини, акс ҳолда қарздорлик ёзилишини айтишяпти. Одамлар чиқинди хизматида сифат яхшиланмай, электр энергияси билан боғлиқ янги тартиб ишга тушишига ижобий фикрда эмас.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

1 августдан бошлаб чиқиндидан қарзи борлар электр токи учун тўлов қилолмайдиган амалиёт ишлай бошлайди. Янги тартибга кўра, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматидан қарзи бор истеъмолчиларга ҳар ойнинг 5-санасигача СМС юборилади. Шундан кейин 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.

Айни тартибдан одамлар қанчалик хабардор ва умуман, ҳозирги кунда чиқинди хизмат кўрсатиш сифатини аҳоли қандай баҳолайди? Kun.uz шу саволлар билан Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота ҳамда Фарғона вилоятининг Қува туманларида яшовчи фуқароларга микрофон тутди. Қуйида интервюлардан айрим қизиқ парчалар келтирилади.

Таҳририят мухбири суҳбатлашган аксарият респондентларга кўра, махсустранс хизмати 2 ҳафта, 1 ойда бир марта келгани сабаб ҳовлиларда қоплаб чиқиндилар йиғилиб кетади. Одамлар хизмат машиналари келганини транспорт воситасининг сигнали ёки қўшнилар орқали билиб олишади.

Хуллас, мусоримиз бир ойда икки марта келиши керак эди, икки ойда бир марта келяпти. Шу муаммомиз.

[Чиқинди] Бир йиғилса, бир хил пайт камроқ, бир хил пайт 7-8 қоп бўлади. Ҳовли бўлганидан кейин супурилади, бошқа қилинади, чиқиб келади. [Чиқинди қопларини] Эшикнинг тагига олиб чиқиб қўямиз. Кучуклар талаб ётади бекорга”, – дейди эркак суҳбатдошлардан бири.

Тўғрисини айтсам, қачон келишини ҳам билмаймиз. Унутиб ҳам қўямиз. Энди ҳеч бўлмаса бир ҳафтада бир марта келишса ҳам яхши бўларди. 15 кун, 20 кун бўлиб кетади.

Ҳали ҳам машинамиз бор, гоҳ пайтлар машинамизда чиқарамиз. Ўзимизнинг енгил машинада. Шаҳарга олиб кетамиз, нима қилайлик? Бошқа илож йўқ”, – дейди бир аёл.

[Чиқинди хизмат кўрсатиш сифати] нол. Биз зўрлаб чақирсак келишади. Яқинда ҳокимиятдан, ҳокимимиз келдилар. Шу мавзуни кўтардик, лекин барибир нол. Чиқинди, свет, сув бизда умуман йўқ.

Бир ойда жанжал қилсак, зўрға келади. [Чиқинди] қоплаб йиғилиб кетади. 10 та ҳам бўлади. Тураверади. Нима қиламиз бошқа? Гоҳ-гоҳида ўзимиз кичкина машиналарда ташлаймиз. Бошқа пайт уйда сасиб, иссиқ кунда, ҳамма ёғимиз расво бўлиб туради. Чунки келмайди-да, зўрлаб чақирамиз, айтяпман-ку. Енгил машинаси борлар кўчага олиб чиқиб қўйса, солиб юборамиз. Йўл-йўлакай ташлаб кетишади. Энди кўп ахлатларни барибир ташлай олмайсиз-ку.

Instagramʼда кўрдим, келмаган ойига биз пул тўламасликка ҳаққимиз бор экан. Лекин унақа бўлмайди, тўлаймиз. Ойма-ойига [чиқиндини] ташласак-ташламасак пул тўлатишади. Ташламаган ойларимиз жуда кўп бўлади. Икки ойда ҳам битта келишади. Пулга чақиртирсак”, – дейди яна бир аёл.

Канализация йўқ. Иссиқ кунда ўшанга чиқиндимизнинг ҳам ҳиди қўшилади. Мана ҳозир неча градус бўляпти. Шунақа ҳалиги иккалови духан-да. Ўшанга яна плюс болаларни қўшиб олиб ўтирамиз.

Қишда-чи, икки ойлаб олиб кетмаган вақтлари бўлди. Ҳозир энди бир ойда битта келяпти. Раҳмат ўшанга ҳам, деймиз. Бир ойда қовун-тарвузларингиз қай аҳволга келади, пўчоқларингиз-чи? Майли, уни ажратиб, кўчага олиб чиқиб, илиб қўямиз. Мол боқадиганлар олиб кетишади. Энди иссиқда ўшалар ҳам осилиб, оқиб, чак-чак бўлиб, шунақа бўлади-да. Жуда аҳвол оғир.

Тўловни агар қилмай кўрайлик-чи! Маҳалламизда жанжал, уруш бўлади. Бизнинг кўчага чиқинди келди дегани, жанжал келди дегани. “Сен тўламагансан, чиқиндини тўкмайсан”, дейди. Ойма-ой тўлаймиз. Масалан, икки ой чиқинди тўкмаган ойимизга ҳам тўлатиб олишди.

Тўламагунингизча чиқиндингизни олишмайди. Уни баҳона қилишди: машина йўқ дейишди, ҳайдовчи йўқ дейишди. Қишнинг кечаси совуқларда машиналар бузилибди. Биз ҳам тушунамиз уларнинг аҳволи, тирикчиликни. Яна нима дейишди? Газ олиша олмаяпти дейишди. Қишда машиналар газ ололмайди-да. Булар газда юради-ку. Газнинг ҳисобидан машиналар келмади”, – деди яна бир респондент.

Аксарият фуқаролар интервю давомида 1 августдан ишга тушадиган янги тартибдан хабари борлигини, аммо ҳали сифат яхшиланмай туриб, унинг ишга туширилишини ижобий қабул қилолмасликларини айтишди.

Таъкидланишича, кўрсатилмаган чиқинди хизмати учун ҳам тўловлар ундирилади, пул берилмаса, одамларга қарздорлик ёзилади. Айрим истеъмолчилар тўловларни нақд пул шаклида хизмат кўрсатувчиларга беришини, бирор тизимдан фойдаланмаслигини билдиришди.

Энди одамлар вақтида тўлайди деб айтилади-ю. Қани энди тўлашса ҳаммалари. Қани бизларга ҳам чиройли хизмат қилиб қўйишса, биз ҳам уларга саломга алик дегандай, кўнамиз. Лекин свет ҳам вақтида келмаса... ўчиб қолаверади. Мана ёзда ҳам, мана эрталаб ҳам ёқмайди. Уч маҳал, тўрт маҳал свет ўчади”, – деди аёл.

Бизга чиқинди бўйича бир ойда бир марта келади, бўлмасам келмайди. Мусор постоянно ҳидланади. Бир ойда бир марта келади, лекин пул олганда зўр олади. Қиш куни уч ойлаб ҳам келмади. Нега десак, “йўқ” дейди. “Пул тўлайсизлар”, дейди. Лекин пул олади. Мана шунақа бизда, мусор яхши ишламайди. Ўша мусорнинг ёнида бир аёл юради, ёзади, телефонига съёмка қилади. Шунақа қилади-да, ойма-ой тўланади”, – деди яна бир эркак.

Бу пойтахт биқинидаги айрим туманлардан қилинган сўровномадан парчалар эди. Kun.uz бундан ташқари, Фарғона вилояти Қува туманидаги 3 та: Турк, Намуна ҳамда Қақир маҳаллаларида яшовчиларининг ҳам фикрини ўрганди. Тўлиқ видеони юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Ушбу сўровнома орқали шаҳар марказидан бироз узоқроқда жойлашган туманлардаги аҳволни кўрдингиз. Ҳафталаб чиқинди ташилмайдиган жойларда қарз ҳисобланиши, камига тўланмаса, электр токидан узиб қўйилиши қанчалик адолатли? бу ҳақидаги фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг

Маълумот учун, Kun.uz студиясида суҳбатда бўлган Чиқиндиларни бошқариш агентлиги раҳбариятига кўра, августдан бошланадиган тартиб ички идентификациядан ўтган абонентларга татбиқ этилади ва фақат июл ойидан бошлаб шаклланган қарзларга тааллуқли бўлади. Иқтисодчи Отабек Бакиров янгиликни амалга киритишдан олдин қилиниши керак бўлган ишлар бор эди деб ҳисоблаганди.