Жаҳон | 17:23 / 29.07.2025
2089
6 дақиқада ўқилади

Ғазода очарчилик бошланмоқда – IPC ҳисоботи

БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган IPC кузатув гуруҳи айни пайтда Ғазода минглаб болалар тўйиб овқатланмаётгани, оқибатда кичик ёшдаги болалар орасида очлик билан боғлиқ ўлим кўпайганини билдирди. «Чегара билмас шифокорлар» ташкилоти эса «озиқ-овқат машиналари тўла юк машиналари Ғазо чегарасида турганида, парашютдан арзимаган ёрдам ташлаш бу – мазах қилишдир», дея Исроилни танқид қилди.

Фото: Anadolu/Getty Images

«Ғазода юз бераётган инсонпарварлик фожиасини ҳаводан ташланган ёрдам юклари билан тўхтатиб бўлмайди. Ғазо секторида энг ёмон ҳолат очарчилик сценарийси – ҳозирда рўй бермоқда», дейилади БМТ билан ҳамкорликда ишловчи Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларини интеграллашган таснифи (Integrated Food Security Phase Classification) IPCʼнинг огоҳлантирувчи ҳисоботида.

Уларнинг таъкидлашича, «дарҳол ва тўсқинликсиз» инсонпарварлик ёрдами Ғазога киритилмагунча, очлик ва ўлим ҳолатлари кескин ортишда давом этади. The Guardian нашрининг ёзишича, бу баёнот IPC томонидан Ғазода очарчилик расман эълон қилинаётганини англатмайди, бироқ огоҳлантирувда қуйидагилар қайд этилган:

«Тўйиб овқат емаслик, озиқланиш етишмовчилиги ва касалликлар кенг тарқалмоқда. Булар очликдан келиб чиқаётган ўлимлар сонининг ошишига сабаб бўлмоқда».

Сўнгги маълумотларга кўра:

  • Ғазонинг аксарият ҳудудларида озиқ-овқат истеъмоли очарчилик мезонларига етган;
  • Ғазо шаҳрида эса кескин озиқ-овқат етишмовчилиги ҳолатлари кузатилмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2024 йилнинг июль ойи биринчи ярмида болалар орасида «озиқ-овқат етишмовчилигининг оғир шакли» кескин ошган. Апрель ойи бошидан июль ойи ўрталаригача 20 000 дан ортиқ бола даволаниш учун шифохоналарга ётқизилган, улардан 3000 нафардан ортиғи – оғир аҳволда.

Фото: CNN

Шунингдек, 17 июлдан бери 5 ёшгача бўлган болалар орасида очлик туфайли камида 16 нафар ўлим ҳолати рўйхатга олингани қайд этилган.

«Мозорни тўлдираётган бу ўлимларнинг олдини олиш учун зудлик билан ҳаракат қилиш лозим. Душманликни тўхтатиш ва ҳаётий муҳим инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқсиз, кенг кўламда киришини таъминлаш — бу ягона йўл», дейилади IPC ҳисоботида.

Ҳуманитар фожиа сабаблари: блокада ва сиёсий босим

Исроил жорий йил март ойидан бошлаб 11 ҳафта давомида секторда тўлиқ ёрдам блокадасини жорий қилган. Расмий Тел-Авив бу чорани ҲАМАСни гаровдагиларни озод қилишга мажбурлаш учун қўллаганини айтган.

Аммо май ойидан бошлаб чекланган миқдорда киритила бошланган озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармонлар Ғазодаги кескин очликни енгиллаштира олмади. Исроил кенг кўламда озиқ-овқатдан сиёсий восита сифатида фойдаланишда, бутун аҳолини коллектив жазолаш орқали халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузишда айбланмоқда.

Ушбу танқидларга жавобан бош вазир Бинямин Нетаняҳу «Исроил Ғазода очарчилик юритаётгани ҳақидаги даъво – бу юзсиз ёлғон», деб баёнот берган.

Фото: AP

Аммо АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазода кўплаб одамлар очликдан азият чекаётганини айтиб, Нетаняҳу билан қарама-қарши позицияни эгаллади.

«Исроил ёрдам оқимлари учун катта масъулиятга эга. Жуда кўп одамларни қутқариш мумкин. Жуда кўп одам очликда қолмоқда», деди Трамп душанба куни Шотландияга ташрифи чоғида.

Ғазода кенг кўламли очлик ҳақидаги хабарлар ҳамда тасвирлар халқаро жамоатчиликда кескин норозилик уйғотгани ортидан, якшанба куни Исроил ҳарбийлари аҳоли гавжум бўлган бир нечта ҳудудда – Ғазо шаҳри, Дейр ал-Балаҳ ва Мувасида инсонпарварлик ёрдамини кўпайтириш мақсадида «тактик танаффус» жорий этилганини маълум қилганди. Шундан сўнг Ғазога бир қанча юк машиналарида ёрдам олиб кирилиши осонлашди. Иордания ва БАА самолёт орқали 25 тонна ёрдам ташлади.

Бефойда ташаббус

«Чегара билмас шифокорлар» ташкилоти Ғазога ҳаводан ёрдам ташлаш амалиётини кескин танқид қилиб, бу чорани «бефойда» ва «кинояли» деб атади.

«Ҳаводан инсонпарварлик ёрдамини ташлаш – бу нафақат самарасиз, балки хавфли ҳам. Бундай юклар жуда оз миқдорда ёрдам олиб келади, лекин ерга тушаётганда одамларни жароҳатлайди, ҳаттоки ўлдириши ҳам мумкин. Ҳаводан ёрдам ташлаш – бу мазахдек кўринадиган бефойда ташаббусдир.

Йўллар бор, юк машиналари бор, озиқ-овқат ва дори-дармонлар бор – ҳаммаси Ғазо чегарасидан атиги бир неча километр нарида тайёр турибди. Фақатгина Исроил ҳукуматининг бу ёрдамни ўтказишга рухсат бериши, текширув жараёнларини тезлаштириши, кенг кўламда юклар киришига изн бериши ва уларни хавфсиз етказиб бериш учун мувофиқлаштириш керак. Фақат шундагина биз бугун гувоҳ бўлаётган очлик муаммосини ҳал қилиш йўлида биринчи қадамни қўйишимиз мумкин», деди ташкилотнинг Ғазо бўйича координатори Жен-Гай Ватаух.

У шунингдек, ҳозирда 2 миллион киши Ғазо секторининг атиги 12 фоиз қисмини ташкил этувчи тор ҳудудда тиқилиб қолгани, агар ёрдам айнан шу ерга ташланса, одамларнинг жароҳатланиши муқаррарлигини огоҳлантирган.

Агар юклар Исроил кўчишни буюрган, ҳарбийлаштирилган зоналарга тушса, одамлар озиқ-овқат топиш учун яна ўз ҳаётини хавф остига қўйишга мажбур бўлади.

Исроил ҳужумлари давом этмоқда

Танқидлар ва босимларга қарамай Ғазонинг бошқа ҳудудларида Исроил ҳужумлари давом этмоқда. Хусусан, душанба куни Исроил кучлари томонидан камида 92 нафар фаластинлик ўлдирилган, шундан 41 нафари озиқ-овқат излаб юрганлар бўлгани айтилмоқда.

Фото: Getty Images

2023 йил октябрдан бошлаб Исроилнинг геноцид кўринишидаги уруши оқибатида 60 мингдан ортиқ фаластинликлар, уларнинг аксарияти болалар ва аёллар вафот этди. 150 минг инсон жароҳатланган, миллионлаб инсонлар уйсиз қолиб, кўчиб юришга мажбур бўлмоқда. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги Доҳада ўтаётган билвосита сулҳ музокаралари эса натижасиз бўлиб қолмоқда. Хусусан, АҚШ бу музокаралардан чиққанини билдирди.

Ёрдам ташкилотлари ўтган ҳафта Ғазодаги 2,2 миллион аҳоли орасида оммавий очлик мавжудлигини эълон қилган эди. Халқаро ҳамжамиятда ҳуманитар вазият борасида хавотир кучаймоқда. Ўтган ҳафта Британия, Франция ва Канада жумладан 25 та давлат Исроилнинг ёрдамни рад этишини «қабул қилиб бўлмас ҳолат» деб баҳолади.  

Мавзуга оид