Жаҳон | 10:08
4655
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк марказида отишма: 5 киши ҳалок бўлди

28 июл куни Манҳэттэн марказидаги осмонўпар бинода қуролланган шахс тўрт кишини отиб ўлдирди ва ўз жонига қасд қилди. Собиқ хусусий детектив йирик молиявий компаниялар штаб-квартираси жойлашган бинога нега ҳужум қилгани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Фото: Eduardo Munoz/Reuters

Ню Йорк шаҳри расмийлари маълум қилишича, автоматик қурол билан қуролланган шахс душанба куни Манҳэттэн марказидаги осмонўпар бинода тўрт кишини отиб ўлдирган ва кейин ўз жонига қасд қилган.

Отишма осмонўпар бинонинг вестибюль қисмида, иш кунининг энг тиғиз — кечки соатларида бошланган. Кейин, гумонланувчи лифт орқали 33-қаватга – бошқарув компанияси жойлашган офисга кўтарилиб, яна ўт очган. Комиссар Тишнинг маълумотига кўра, у охир-оқибат кўкрагига ўқ узиб, жонига қасд қилган.

Ушбу бинода Blackstone, KPMG каби йирик молиявий компаниялар ва Миллий Футбол Лигаси (NFL) штаб-квартираси жойлашган.

Ҳалок бўлган тўрт киши орасида 36 ёшли Ню Йорк полиция ходими Дидарул Ислам ҳам бор. У АҚШга Бангладешдан муҳожир сифатида келган. Шаҳар мэри Эрик Адамс уни «ҳақиқий фидойи қаҳрамон» деб таърифлади.

Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи томонидан ўлдирилган бошқа уч жабрланувчи – икки эркак ва бир аёл бўлиб, уларнинг шахси ҳозирча очиқланмаган. Яна бир эркак оғир яраланган ҳолда касалхонада.

Ню Йорк полициясига кўра, отишмани амалга оширган шахсни Лас Вегасдан бўлган 27 ёшли Шейн Тамура бўлган. Унинг руҳий саломатлигида муаммолари бўлгани ҳужжатлар билан қайд этилган.

Фото: CBS

Тамура ёлғиз ҳаракат қилган ва ҳозирча ҳодиса сабаблари аниқланмаган.

CNN манбалари хабар беришича, отишма содир этишда гумонланган шахснинг муддати тугаган хусусий детектив лицензияси бўлган. 

Мавзуга оид