Жаҳон | 21:43 / 29.07.2025
1321
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда судланганларга муҳим давлат лавозимларини эгаллаш тақиқланди

Бу чоралар ҳокимиятнинг шаффофлиги ва масъулиятини оширишга қаратилгани, мамлакатдаги асосий лавозимларни бенуқсон обрўга эга бўлган шахслар эгаллашини таъминлаши таъкидланмоқда.

Фото: ombudsman.kg

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «фуқароларнинг давлат органларига ишончини ошириш, юқори лавозимли шахсларнинг бенуқсон обрўсини шакллантириш, қонун устуворлиги ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга» қаратилган қонунни имзолади.

Асосий янгилик судланганлик ҳолати мавжуд бўлган шахсларга, шу жумладан судланганлиги олиб ташланган ёки реабилитация қилинмайдиган асосларга кўра жиноят иши тугатилган шахсларга тааллуқлидир.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, энди бундай шахслар бир қатор муҳим давлат лавозимларини эгаллай олмайдилар:

- уларни Қирғизистон президенти сайловида номзод сифатида рўйхатдан ўтказиш ва сайлаш рад этилади;

- улар Жўқорғи Кенгес (парламент) депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олинмайди ва сайланмайди;

- Вазирлар Маҳкамасининг раиси ва бошқа аъзолари, шунингдек, бошқа ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари лавозимларини эгаллаши тақиқланади;

- сайлов ва референдум ўтказувчи Марказий комиссия аъзоси лавозимини эгаллаш тақиқланади;

- Қирғизистон Миллий банки раиси, унинг ўринбосарлари ва бошқарув аъзолари лавозимини эгаллаши тақиқланади;

- Ҳисоб палатаси аудитори лавозимини эгаллаши тақиқланади.

Бундан ташқари, қонун диний арбоблар учун чекловларни жорий этади: улар диний фаолиятни тўхтатган кундан бошлаб беш йил давомида президент ва парламент депутати лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга эмас.

Қонунда белгиланишича, фақат эҳтиётсизлик орқасида содир этилган унча оғир бўлмаган жиноятлар, жабрланувчининг хусусий-оммавий айбловни қувватлашдан бош тортиши ёки жиноят қонунчилигига мувофиқ айбланувчи билан келишиш ҳоллари ҳеч қандай чекловга олиб келмайди.

«Ушбу чоралар ҳокимиятнинг шаффофлиги ва масъулиятини оширишга қаратилган бўлиб, мамлакатдаги асосий лавозимларни бенуқсон обрўга эга бўлган шахслар эгаллаб туришини таъминлайди», дейилади ҳужжатнинг тушунтириш хатида.

Мавзуга оид