Соғлом ҳаёт | 13:02 / 29.07.2025
668
2 дақиқада ўқилади

Қуёшда қолган ичимликлар гормонал бузилиш ва бошқа хавфли касалликларни юзага келтириши мумкин

Газли ичимликлар, одатда, пластик идишлар (полиэтилен терефталат)да сақланади. 25–30°C дан юқори ҳароратда турганда бундай бутилкаларнинг кимёвий таркиби ўзгаради.

Фото: AP

Қуёш нурлари бевосита тушганда елим идишлардан бисфенол А (BPA) моддаси ажралади. Мазкур модда гормон тизими ҳамда эндокрин фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

BPA организмда табиий гормонлар ўрнига кириб олиб, уларнинг ишини издан чиқаради. Бу эса:

  • эркакларда тестостерон даражасини пасайтиради;
  • аёлларда бепуштлик, ҳайз цикли бузилиши каби ҳолатларни юзага келтиради.

Иссиқлик таъсирида қолган пластик идишдаги ичимликларни давомли ва узоқ муддат истеъмол қилиш саратон, бепуштлик, қандли диабет сингари касалликлар хавфини оширади.

Бундан ташқари, бундай ичимликлар ичакларда газ тўпланиши, оғриқ, шиш ва ҳазм бузилиши каби муаммоларни ҳосил қилади.

Болалар организми кимёвий таъсирларга сезувчанроқ. Пластикдан чиққан зарарли моддалар ўсмирларда гормонлар дисбаланси, ривожланиш муаммоларини юзага келтириши эҳтимоли мавжуд.

Шу сабаб

- Ичимлик танлаётганда қуёшда турган ёки қизиган бутилкалардагисини харид қилманг.

- Уйда ёки сафарда бўлган вақтларингизда ичимликларни салқин жойда сақланг.

- Имкон қадар шиша идишдаги маҳсулотларни олинг, улар кимёвий ўзгаришга камроқ учрайди.

- Болаларга қуёшда қолган ичимликни асло берманг.

- Энергия улашувчи, рангли, газли ичимликлар ўрнига совуқ сув, мевали табиий шарбат, айрон ёки чой ичишни одат қилинг.

Мавзуга оид