Иқтисодиёт | 15:52 / 29.07.2025
3983
4 дақиқада ўқилади

Солиқчилар ҚҚСни қайтаришда совиткичдан олинган сувни ҳам пуфлаб ичяпти — Қудбиев

Солиқ идораларининг 32 ходими ҚҚСни қайтариш билан боғлиқ тарзда жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда айтган Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ходимлардаги эҳтиёткорликни образли тарзда ифодалади: “Совиткичдан совуқ сувни оляпти-да, уни пуфлаб, кейин шу сувнинг совуқлиги тўғрисида маълумотнома ҳам сўраб оляпти”. Қудбиев ҚҚСни осон қайтариб олиш учун ААА рейтингини олишни тавсия қилди.

Шерзод Қудбиев / Савдо-саноат палатаси YouTube каналидаги жонли эфирдан

28 июл куни транспорт-логистика соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда логистика компанияларидан бирининг таъсисчиси феврал ойидан бери 750 млн сўмлик ҚҚСни солиқ органидан қайтариб оломаётганидан шикоят қилди.

Бунга жавобан Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев солиқчилар ҚҚСни қайтариш масаласида жуда эҳтиёткор бўлиб қолишганини айтди.

“Бюджетнинг пулини нотўғри қайтариб берса, қамалади. Шу томони ҳам бор-да. Биласизми, бу жуда оғир масала. Мана, солиқ идораларининг 32 та ходими жиноий жавобгарликка тортилди, айнан шу ҚҚСни қайтариб беришдаги айрим жойдаги хатолари, айрим жойдаги ўзининг порахўрлиги сабабли. Шунинг учун ҚҚСни қайтаришда [солиқчилар] сувни пуфлаб ичяпти. Совиткичдан совуқ сувни оляпти-да, уни пуфлаб, кейин қўшнисидан ҳам сўраб оляпти: “Шу сувнинг совуқлиги тўғрисида маълумотнома бер” деб. Шу даражада бўлиб қолди”, – деди Қудбиев.

У қўмитанинг ҚҚС бошқармаси бошлиғи Равшан Имомовга тадбиркорнинг солиғи 7 ойдан бери нима учун қайтарилмаётганини ўрганиб чиқишни топширди: “Ё яна биронта аҳмоқ пора сўраяпти, ёки буларнинг ўзида хато-камчилиги бор. Шу иккаласидан биттаси. Ўрганиб, менга ахборот беринглар”.

Шерзод Қудбиев тадбиркорга юзланар экан, ҚҚСни осон ва тез қайтариб олиш учун барқарорлик рейтингини энг юқори – ААА тоифагача кўтаришни тавсия қилди.

“Рейтингингизни АААга кўтариб олсангиз, солиқ идораси ўрганиб ҳам ўтирмасдан, ҚҚС автоматик қайтарилади”, – деди у.

Фото: Савдо-саноат палатаси

Бунга жавобан тадбиркор: “АААга тушсангиз, орқасидан камерал [текширув] келаркан”, деди. Солиқ қўмитаси раиси бу гапга умуман қўшилмаслигини билдирди.

“Мен бу киноянгизга умуман қўшилмадим. Сиз Ўзбекистон Республикасининг норматив ҳужжатлари устидан кулишга ҳаққингиз йўқ. Президентимизнинг қарори бор. Киноя қилманг, ака, мен сизга киноя қилиш учун бу масалани айтаётганим йўқ. Хато-камчилигим бор экан деб ўзингиз айтиб турибсиз, кейин кетидан киноя қилишингиз... Солиқ идорасида 9300 та одам ишлайди. Улар бир томондан назорат қилувчи орган, лекин иккинчи томондан, оғир пешона тер билан ишлайди. Илтимос, киноя қилманг. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, президентимиз шунақа имконият яратиб берганларки, рейтинги ААА бўлган тадбиркорлик суъбектига нисбатан текшириш бўйича буйруқ солиқ органларининг дастурларида шаклланмайди. Шунақа тизим ўрнатилган. Шунинг учун бу киноянгизга мен умуман қўшилолмайман. Лекин ҚҚСингизни қайтариб беришда 7 ойдан бери тадбиркорни сансалорликка солгани бўйича менга бугуноқ ахборотини беринглар”, – деди Шерзод Қудбиев.

Май ойида Давлат хавфсизлик хизмати 82 млрд сўмлик ҚҚС тадбиркорларга ноқонуний қайтарилган деган айблов бўйича жиноят иши очилганини маълум қилганди. ДХХ хабарида солиқ идораларининг айрим мансабдор шахслари моддий манфаатдорлик эвазига 18 та фирманинг барқарорлик рейтингини сохта маълумотлар орқали кўтаришгани ҳақида сўз боради.

Бундан ташқари, 2024 йил охирида Солиқ қўмитаси Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бош инспектори ва яна 29 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилган, бу жиноят иши экспорт билан боғлиқ сохта амалиётлар ташкил этиш орқали ҚҚСнинг салбий фарқини давлат бюджетидан қайтариш схемасига доир эди.

Мавзуга оид