Жаҳон | 22:56 / 29.07.2025
3756
2 дақиқада ўқилади

Трамп қандай шартларда Хитойга бориши мумкинлигини айтди

Оқ уй раҳбари Хитой раиси Си Жинпинг билан «учрашув» учун имконият излаётганини рад қилди.

Фото: AFP

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашишга интилмаслигини айтди. Шу тариқа, у мамлакатлар ўртасида шу ҳафта бўлиб ўтадиган тарифлар бўйича музокаралар етакчилар учрашувига замин яратиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда The Hill ёзди.

«Фейк хабарларда айтилишича, мен Хитой раиси Си Жинпинг билан «учрашув» учун имконият излаяпман. Бу ёлғон, мен ҳеч нарса қидирмаяпман!», деб ёзди Трамп Truth Social тармоғида.

Унинг таъкидлашича, Хитойга бориши мумкин, бироқ «фақат президент Си таклифига кўра».

Нашрнинг эслатишича, шу ҳафта Стокҳолмда АҚШ молия вазири Скотт Бессент иштирокида АҚШ ва Хитой ўртасида савдо музокаралари бўлиб ўтмоқда.

Аввалроқ, Си Жинпинг сентябр ойида Трамп ва Путин билан учрашув ташкиллаштиришни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. The Times нашрининг ёзишича, у АҚШ президентини Иккинчи жаҳон уруши тугаганига бағишланган тадбирга таклиф қилмоқчи. Шунингдек, ушбу тадбирда Путин ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Трамп Си Жинпинг ўзини аллақачон Хитойга таклиф қилганини тасдиқлаган.

«Бизда кўплаб эҳтимолий учрашувлар режалаштирилган. Мени Хитойга таклиф қилишди ва биз катта эҳтимол билан у ерга борамиз. Бу ҳали унчалик яқин эмас, лекин унчалик узоқ ҳам эмас. Кўплаб етакчилар таклифнома йўллади ва биз яқин орада тегишли қарорларни қабул қиламиз», деди Трамп 22 июлда журналистларга.

Мавзуга оид