“Ҳар бир она ичида бир ижодкор яшайди” - декретда ўтириб, ноодатий ва қизиқарли бизнесини юритаётган Маржона ҳикояси
Шундай аёллар борки, оналикдек машаққатли вазифа қаторида ўз қўли билан гўзаллик яратади, уни ижтимоий тармоқларда сотади, даромад топади, кичик бизнесини санъат даражасига олиб чиқади. Kun.uz'нинг шундай қаҳрамонларидан бири – уйда ўтириб болалар албомлари бизнесини йўлга қўйган ва бундан даромад олаётган – Маржона Қодирова. У декретда қандай бу ишни амаллагани, бизнесидаги ютуқлари, қийинчиликлар, балансни қандай ушлагани ҳақида гапириб берди.

Kun.uz декретда ўтириб, ноодатий ва қизиқарли бизнесини юритаётган уч қаҳрамон аёл билан суҳбатлашди. Тадбиркор оналарнинг ҳикоялари шу қадар ранг-баранг ва қизиқарли-ки, биз уларнинг ҳар бирини алоҳида эълон қлишга қарор қилдик. Биринчи қаҳрамонимиз – Маржона Қодирова,“Jijina” бренди асосчиси, график дизайнер ва фотограф. 27 ёшда, 2 фарзанднинг онаси.
“Фарзандларимга ғамхўрлик қилиш билан бирга, кичик бизнесим орқали кўплаб оилаларга хурсандчилик улашяпман”
Jijina.uz бренди 2021 йилда қизим билан бирга дунёга келган. Лойиҳага старт берилганида асосий ғоямиз фақат болалар албомларини шахсийлаштирилган дизайнларда яратиш бўлган, вақт ўтиб эса, ота-она ава болалар ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашга қаратилган ғоялар туғилди ва улар ҳозирда жараёнда.
Jijina.uz бренди албомларидан ташқари болалар учун бошқа турли эсдалик буюмлар, “Jijina Story Box” – боланинг илк ашёларини сақлаб берувчи қутилар, “ Inkless Print Wipe ” –чақалоқлигидан қўл, оёқ изларини хавфсиз тушириш учун воситалар, саломатлик карталари, фотокарталар ва бошқа турли хотираларни сақлаш учун махсулотлардан иборат. Бундан ташқари ҳомиладорликни яхши ва қизиқарли ўтказиш учун гинеколог билан биргаликда ҳомиладорлик албомлари устида ҳам ишлаяпмиз. Ота-она фарзандлар ўртасида кўплаб ўйин тарзида ўтказиладиган суҳбатлар учун ҳам карталар ишлаб чиқаряпмиз.
“Болалик хотираларини муҳрлаши учун дунёдаги барча жижиналарга шу номни танладим”
Биринчи фарзандимга ҳомиладорлигимда менда шундай истак бўлган, фарзандимнинг туғилиши, туғилишгача бўлган даври, унинг илклари (илк табассуми, илк қадамлари, илк тишчаси чиқиши, илк ютуқлари)ни хотира сифатида сақлаб қолиш.
Шу истак таъсирида қизим учун хаёлимдаги албомни яратдим. Ўзим график дизайнер бўлганим учун албом дизайнини ўзим қилдим. Лекин қийналган жойларимда, ғализликларни тузата олмаганимда оилам, айниқса дадам ва опам катта ёрдам беришди. Уларга тайёр бўлган саҳифаларни юборардим, улар эса менга хато ва камчиликларини айтишарди. Шу тариқа албом тайёр бўлгач, ўйлаб қолдим. Нега бу албом фақат менинг қизимда бўлиши керак? Бошқа болалар ҳам улғайгач болалик хотиралари ҳақида билишни исташади-ку ва уларнинг оналарининг ҳам фарзандининг гўзал онларини, улғайишини хотираларга муҳрлашга эҳтиёжи бор-ку. Кейин озгина изландим. Бу борада бозор қандай деб, бозор бўм-бўш эди. Ўзбек тилида бундай албомлар йўқ, фақат рус тилида мавжуд бўлиб, улар ҳам қиммат эди. Шунда ўзимга, нега мен бу бўшлиқни тўлдирмаслигим керак дедим ва шу тариқа ҳаётимда янги саҳифа очилаётган паллада Jijina.uz бренди юзага келди. Брендни бу ном билан аташимга сабаб, акам менга доим “ҳой жижина” деб мурожаат қиларди ва бу менга ёқарди. Ном танлашга келганда ҳеч ўйлаб ўтирмадим ва дунёдаги барча жижилар учун шу номни танладим.
Ишимда узоқ йиллар давомида хотираларни ўзида сақлашини ҳисобга олган ҳолда фақат премиум материаллардан фойдаланилади. Қалин, тоза текстурали қозғозлар танланади ва замонавий услубдаги, талабларга жавоб бера оладиган босмахона танланади.
Бу эса баъзан нега қиммат деган саволни келтириб чиқарса, баъзида бу бунчалик арзон бўлиши мумкин эмас-ку деган гапларни ҳам эшитамиз.
“Декретда ўзимни топдим”
Декретдаги ҳолат бошида менга оғир туйилди. Ўзимни ҳамма нарсадан чеклаб қўйилгандай ҳис қилардим...
Лекин айнан шу муҳит инсонга ички овозини эшитиш, нима истаётганини тушуниш имконини беради. Эътибор берган бўлсангиз кўпчилик аёллар декрет пайтида ўзини топади ҳақиқатданам.
Энг аввало қалбга яқин бўлишига аҳамият бердим. Ҳар бир саҳифа ҳиссиётга тўйиниши ва албатта эстетик жиҳатдан ҳам чиройли кўриниши керак эди. Саҳифаларга фақат дизайн қилибгина қолмасдан турли ажойиб саволлар билан оналарга йўл-йўриқлар кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Дизайн бошидан охиригача ўзимга тегишли. Ижодий жараён мен учун шахсий ҳудуддек гап.
Лекин бошқа техник жараёнларда ёрдамга таянаман. Масалан чоп этадиган типографиялар билан ишлаймиз. Етказиб бериш жараёнлари ва бошқа шунга ўхшаш ишларда кўпроқ турмуш ўртоғим кўмаклашади, ҳатто ижодга шўнғиб кетганимда фарзандларимни менга яқин келтирмай ўйнатиб туришга ҳаракат қилади.  Бунинг учун ундан жуда миннатдорман. Жамоага келадиган бўлсак, бу бренднинг асосчиси ҳам, сотув менежери ҳам, смм менежер, контентмейкер, маркетологи ҳам ўзимман.
“Энг қийини – вақт ва балансни ушлаш”
Ҳар бир саҳифа бу ҳар бир онанинг ҳиссиётлари демакдир. Бошида қандай қилиб ҳиссиётларни умумлаштириб ифодалашни билмасдим ва қийналардим. Болаларда кузатиладиган ҳар бир ўзгаришни ўрганиш ва уни саҳифага тушириш ҳам бироз вақт олди. Лекин юқорида айтганимдек оилам кўмаги билан уддаладик.
Энг катта қийинчилик бу, ҳамма оналар яхши тушунади, вақтни тўғри тақсимлаш. Балансни сақлаш. Уйда кичик ёшдаги болалар билан бирга ишлаш осон эмас, болалар ухлашини кутасиз, кейин дизайн қила оласиз, бундан ташқари буюртмаларга етишиш, ижтимоий тармоқларни юритиш стресси. Бу катта босим бериб қўяди. Лекин бошлаш нуқтамга қараганимда, ҳеч нимани билмаган, камгина билими билан шу ишни бошлашда ўзида куч топган ўзимни кўраман. Ҳозир бу босиб ўтилган йўлга қараб бу қийин йўл мени шу даражага олиб келганини англайман.
“Бизнесим молиявий мустақиллик беради”
Бизнесимдан фойда кўраман. Ҳатто икки томонлама фойда кўраман.
Бизнесимдан фойда кўраман. Ҳатто икки томонлама фойда кўраман. Биринчиси, моддий жиҳатдан секинлик билан бўлса-да ўзини оқлаяпти, биласиз, бу турдаги бизнесда даромад барқарор эмас. Лекин уйда ўтирган аёл, она сифатида мустақил бўлиш имкониятини беради, иккинчи ва энг катта фойдаси – ўзингдан қониқиш-ички қониқиш, ижод қилиш завқи ва бошқа ота-оналардан келадиган чексиз миннатдорчиликлар.
Биринчи мижозларим ижтимоий тармоқларда дўстларим ёрдами билан йиғилган обуначилардан эди. Энг бошида деярли ҳамма дўстларим, ўз саҳифаларида менинг бизнес профилимни кўрсатиб ёрдам беришган. Ҳозир эслаб уларнинг дастакларидан яна бир бор тўлқинланиб кетдим.

“Ҳар бир онанинг ичида бир ижодкор яшайди”

Ишимнинг менга энг кўп ёқадиган жиҳати назорат йўқлиги. Ўзим учун ишлаш, ўзимни ўзим бошқариш ёқади. Ҳеч ким буйруқ бермайди ва ўзим ёқтирган услубда ишлайман, чарчаганимда эса истаган пайтимда дам оламан. Бу эркинлик менга жуда ёқади, айниқса оналик масъулиятим бор бўлган бу ҳаёт тарзимда.
Қайсидир она декретда каттароқ иш бошламоқчи бўлса, у бунинг қийинлигини бошидан билиши керак. Лекин яна билишлари керакки улар аввалгига нисбатан икки баравар кучли, ақлли, энергияга бой. Фарзанд онага ана шундай куч беради. Ҳар бир онанинг ичида бир ижодкор яшайди, бошида қўрқинчли туюлса кичик қадамлардан бошланг. Ҳар бир қадам сизни ўзингизга янада яқинроқ қилади. Ўзингизни танимоқ орзуларга яқинлашмоқ демак. Зотан фарзандларингиз учун қила оладиган энг катта яхшилигингиз – уларнинг орзуларидан ҳеч қачон воз кечмаган онаси бўлишидир.
Бу бренд учун узоқ йиллик режаларим бор. Нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунё миқёсидаги бренд бўлишига ишонаман. Уч йил эмас, балки кўпроқ вақтда бўлиши мумкин, мен бу бренд остида, ота-она ва болалар учун хизмат кўрсатадиган барча турдаги йўналишларга эга бўлган катта савдо марказ очишни режалаштиряпман. Унинг ичида савдо дўконларидан тортиб болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бўлимлари ҳам бўлади.

Мадина Очилова суҳбатлашди