Жаҳон | 11:15 / 30.07.2025
1309
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторини тўлиқ аннексия қилиш масаласини кўриб чиқмоқчи

Исроил ҳукумати ҲАМАС ўт очишни тўхтатишдан бош тортса, Ғазо секторини аннексия қилиш имкониятини кўриб чиқади. Исроил ҲАМАСга бир неча кун муҳлат беради ва у рад этилган тақдирда босқичма-босқич аннексия қилишни бошлайди, деб ёзади Haaretz.

Фото: TASS

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамасига Ғазо секторини тўлиқ қўшиб олиш режасини тақдим қилмоқчи, деб хабар берди Исроилнинг Haaretz газетаси манбаларга таяниб. Исроил Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатига ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши учун бир неча кун муҳлат бераётганини эълон қилади, агар у рад этса, Фаластин ҳудудларини босқичма-босқич аннексия қилишни бошлайди, дея таъкидлайди газета.

Haaretz манбаларига кўра, аввал буфер зонадаги ҳудудлар, сўнгра Ғазо секторининг шимолий қисмидаги Исроилнинг Сдерот ва Ашкелон шаҳарларига туташ ҳудудлари қўшиб олинади. Жараён бутун минтақа аннексия қилинмагунча давом этади. Нетаняҳу вазирларга АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти бу режани қўллаб-қувватлашини айтди, деб ёзади Haaretz.

Газета манбаларининг билдиришича, Исроил молия вазири, ўта ўнг сиёсатчи Бецалел Смотрич, Ғазони аннексия қилиш режаси амалга оширилса, Нетаняҳуга ҳукуматда қолишга ваъда берган. Аввалроқ Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар ҳукумат Ғазо секторида ҲАМАС бутунлай йўқ қилинмагунча ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, истеъфога чиқиш ва ҳукмрон коалицияни парчалаш билан таҳдид қилган эди.

The Times of Israel газетасининг Исроил телевидениесининг 12-каналига таяниб хабар беришича, Исроил вазирлар маҳкамаси Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш, жумладан, тўлиқ босиб олиш учун бир нечта вариантни кўриб чиқмоқда. Телеканал маълумотларига кўра, ҲАМАС ҳаракат қилаётган ҳудудни аннексия қилиш ёки шаҳарларни блокадага олиш имконияти бир кун аввал ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамасининг қисқартирилган форматдаги мажлисида муҳокама қилиниши керак эди.

Мавзуга оид