Жаҳон | 07:30 / 30.07.2025
1362
2 дақиқада ўқилади

Москва ва Пхенян ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилди

Москвадан биринчи тўғридан тўғри рейс Пхенянга қўнди. Бундан буён Россия пойтахтидан КХДР пойтахтига парвозлар ҳар ойда бир марта амалга оширилади.

Фото: Russian Embassy in the DPRK

Москвадан биринчи тўғридан тўғри рейс Шимолий Корея пойтахти Пхенянга қўнди. Nordwind авиакомпанияси самолёти Москванинг Шереметево аэропортидан кечқурун ҳавога кўтарилди, парвоз вақти тахминан саккиз соатни ташкил этди, дейилади авиаташувчи баёнотида.

Самолёт Пхенянга маҳаллий вақт билан 9:30 да қўнди. Парвоз давомида барча эълонлар икки тилда — рус ва корейс тилларида берилди.

Nordwind Москвадан Пхенянга биринчи парвозини 440 нафаргача йўловчини сиғдира оладиган Boeing 777-200ER самолётида амалга оширди. Шереметевода бортга асосан Шимолий Корея фуқаролари ва бир неча россияликлар ўтирди. Бироқ самолёт қўнганидан сўнг РИА "Новости" томонидан эълон қилинган видеотасвирларда шимолий кореялик йўловчилар кўринмаган. Кадрларда Россия табиий ресурслар вазирлиги раҳбари Александр Козлов бошчилигидаги делегация аъзолари зинапоядан тушаётганини кўриш мумкин. Делегация аъзолари ва самолёт экипажига гуллар тақдим этилди. Самолётда қанча одам бўлгани номаълум.

Қайтиш рейси 29 июлга белгиланганди. Келгусида Nordwind самолётлари Пхенянга ойига бир марта парвоз қилади. Росавиация июл ойи бошида Nordwind компаниясига Москва-Пхенян йўналиши бўйича парвоз қилишга рухсат берган эди. Компания 18 июл куни чипталар сотувини очди, улар 44 700 рублдан бошланади.

Мавзуга оид