Жаҳон | 07:47 / 30.07.2025
733
2 дақиқада ўқилади

Урал ва Сибирда интернет ишида оммавий узилишлар юз берди

Уралда мобил интернет ишламай қолди. Красноярскда уч кундан бери блокировка давом этмоқда.

Фото: Imago

Уралда мобил интернет ишламай қолди. Downdetector ресурси маълумотларига кўра, Екатеринбург, Челябинск, Нижний Тагил, Новоуралск ва бошқа шаҳарлар аҳолиси оммавий равишда узилишлар ҳақида шикоят қилмоқда. Охирги 24 соат ичида 3000 дан ортиқ сўровлар қайд этилган: одамлар харид қилиш учун веб-сайтлар ва иловаларни очиш имкони йўқлигини билдирган. Екатеринбурглик фойдаланувчининг ёзишича, мобил интернет мунтазам равишда, айниқса кечки пайт йўқолиб қоляпти.

26 июлдан бери мобил алоқа ва интернетда узилишлар кузатилаётган Красноярскда ҳам худди шундай муаммо. Сўнгги 24 соат ичида Красноярск аҳолисидан деярли 5 мингга яқин шикоят келиб тушди. Уяли алоқа операторлари Mash'га муаммолар уларнинг айби билан эмас, балки расмийлар томонидан киритилган хавфсизлик чоралари туфайли юзага келганини айтди. Узилиш такси нархларининг уч баравар ошишига олиб келди: интернетсиз тизимлар сафар нархини тўғри ҳисоблай олмайди ва илова камроқ машиналарни кўрсатади.

Красноярск ўлкаси расмийлари «Проспект мира» нашрига «бу масала бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини» айтиб, мобил интернетнинг узилиши ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. Роскомнадзорнинг ҳудудий бошқармаси федерал идора матбуот хизматига мурожаат қилишни тавсия этди. У ерда нашрнинг қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермади: телефон сигнали ўрнига Don’t Worry, Be Happy қўшиғи янграган.

Расмийлар май ойида Украина дронларининг ҳужумлари туфайли мобил тармоқларни фаол равишда блоклашни бошлади. Ўшанда чора-тадбирлар Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш вақтида хавфсизликни таъминлаш зарурлиги билан изоҳланган эди. Бироқ, кейин узилишлар мунтазам бўлиб кетди ва Давлат думаси россияликларга бунга кўникишни ва шикоят қилмасликни маслаҳат берди, чунки мамлакат «гибрид уруш» ҳолатида ва хавфсизлик «кундалик қулайлик»дан юқори бўлиши керак.

Мавзуга оид