Ўзбекистон | 09:11 / 31.07.2025
1403
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон омбудсманига юборилган мурожаатларнинг катта қисми Россия ҳудудларига тўғри келди

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: "Дунё" АА

Омбудсман матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида томонлар фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, пенитенциар муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ногиронлиги бўлган шахслар учун муносиб шароитларни яратиш, мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, хусусан, омбудсман институтининг қонунчилик асосларининг мустаҳкамланиши, сўнгги йилларда аҳолига яқин, таъсирчан ва мустақил институт сифатида шакллангани алоҳида қайд этилди. Фаолиятнинг кенгайиши, жамиятнинг барча қатламларига яқинлашуви, электрон платформалар ва мобил иловалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса миллий даражадаги ўзгаришлар билан бирга, халқаро майдонда ҳам омбудсман институтининг обрўсини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон ва Россия омбудсманлари ўртасида 2019 йилда ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу меморандумдан доирасида Ўзбекистон парламенти омбудсмани томонидан Россияга бир неча маротаба хизмат сафарлари уюштириб, у ерда яшайдиган ёки пенитенциар муассасаларда сақланаётган юртдошларимизнинг мурожаатларини ўрганиб, Россия омбудсмани билан ҳамкорликда уларга амалий ёрдам кўрсатилган.

Суҳбат чоғида икки мамлакат фуқароларининг мурожаатларини ўзаро ҳамкорликда кўриб чиқиш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилнинг 2 чорагида Ўзбекистон омбудсманига хорижий давлатлар омбудсманлари ва чет элда яшаётган фуқаролардан 87 та мурожаат келиб тушган. Шундан 38 таси Россия ҳудудларига тўғри келади. Россия омбудсманига эса ўша ерда яшаётган фуқаролар манфаатида 7 та мурожаат юборилган. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. 

Мавзуга оид