Жаҳон | 13:44 / 01.08.2025
2322
2 дақиқада ўқилади

Эҳтимолий диверсия: Германия ғарбида поездлар ҳаракати бекор қилинди

Кабел каналидаги ёнғин Дюсселдорф ва Дуйсбург ўртасидаги темирйўл участкасида ҳаракатни тўхтатиб қўйди. Полиция диверсияни истисно қилмаяпти.

Фото: AP

Германияда кабел каналидаги ёнғин Дюсселдорф ва Дуйсбург (Шимолий Рейн-Вестфалия) ўртасидаги темирйўл участкасида ҳаракатни тўхтатиб қўйди. Барча версиялар текширилмоқда. 31 июл, пайшанба куни dpa ахборот агентлигининг хабар беришича, полиция диверсияни истисно этмаяпти.

Воқеа юзасидан сўл Indymedia онлайн платформасида хабар эълон қилинди. Унда «Angry Birds жамоаси» ҳодиса учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва саноат тизимларига қарши эканини билдирди. Дюсселдорф полицияси вакили хабарни ўрганиб, унинг ҳақиқийлигини текшираётганини тасдиқлади. Дастлабки маълумотларга кўра, бу қўпорувчилик ҳаракатидир.

Жабр кўрган участка кунига 700 дан 800 гача шаҳарлараро рейсларни амалга оширади. Узилиш 1 август куни тушгача давом этиши кутилмоқда. Яна иккита шикастланган кабел топилди. Гап ўт қўйиш ҳаракати ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Поезд машинисти тутунни кўриб, тревога кўтарган. Ўт ўчириш бригадаси етиб келгунига қадар темирйўл ходимлари ёнғинни ўчиришга киришган. Энди 60 метр кабелларни алмаштириш керак.

Кўплаб рейслар бекор қилинди ва кечиктирилди. Бу, хусусан, Берлин ва Франкфурт-Майнда, шунингдек, Германия ва Нидерландия шимоли ва жанубида жойлашган тезюрар поездларга таъсир кўрсатди.

Мавзуга оид