Ўзбекистон | 19:02 / 01.08.2025
13160
3 дақиқада ўқилади

Россиялик овчи Сурхондарёда ноёб морхўрни овлаш учун 100 минг доллар тўлагани маълум бўлди

Экология вазирлиги 2024 йилда Сурхондарё вилоятидаги ов қонунчиликда белгиланган тартибда, тегишли тўлов эвазига рухсатнома асосида амалга оширилганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Россиялик овчи Константин Самсонов Сурхондарё вилояти ҳудудида ноёб морхўрни (тоғ эчкисини) овлаш учун 100 минг доллар тўлаган. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Аввалроқ Константин Самсонов ва унинг жамоаси Ўзбекистонда уюштирилган ов видеосини эълон қилган ва бу ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозарага сабаб бўлган эди. Маълум бўлишича, ушбу видео 1 йил олдин суратга олинган ва овчи Қизил китобга киритилган 2 бош морхўр ҳамда 1 бош бўрини овлаган.

Экология вазирлиги 2024 йилда Сурхондарё вилоятидаги ов қонунчиликда белгиланган тартибда, тегишли тўлов эвазига рухсатнома асосида амалга оширилганини маълум қилди.

Қайд қилинишича, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунига кўра, Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонлар сони Фанлар академияси мутахассислари томонидан доимий ҳисоблаб борилади ва уларнинг хулосасига асосан популяцияга таъсир қилмайдиган миқдорда овлаш учун рухсат берилади. Бунинг учун белгиланган тартибда тўлов ундирилади.

Таъкидланишича, 2024 йилда морхўрларни овлаш учун россиялик овчига ўрнатилган тартибда рухсат берилган ва 100 минг АҚШ доллари миқдорида тўлов ундирилган. Бу маблағлар табиатни муҳофаза қилиш, хусусан, браконерликка қарши самарали кураш олиб боришга йўналтирилган.

Экология вазирлигининг тушунтиришича, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунга кўра, ҳар йили ёввойи ҳайвонларни тутиш учун квота белгиланади. Бунда ёввойи ҳайвонларнинг ёши каттаси, насл қолдириш давридан ўтган эркагини овлашга рухсат берилади ва жараён қатъий назорат остида амалга оширилади.

Вазирлик берган маълумотга кўра, хорижий давлатларда ҳам айнан шундай тартиб жорий қилинган. Хусусан, Намибияда ўлжа ови йилига 3 млн доллардан кўп фойда келтиради. Бундан ташқари, очиқ маълумотларга кўра, ҳар йили Тожикистонда 10–16 бош морхўр, 100–115 бош архар, Мўғулистонда эса 90–100 бош архар, 50–60 бошгача хонгул овлашга рухсатнома берилмоқда.

Мавзуга оид